Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Қонунчиликдаги божхонага доир янгиликлар билан танишинг!
618
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан божхона соҳасига доир бир қатор қарорлар қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2019 йил 29 апрел куни “Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг Божхона институти бакалавриати ва магистратурасига ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низомларни тасдиқлаш ҳақида” 365-сон қарор қабул қилинди.
✅Қарордан кўзланган мақсад Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси божхона органлари кадрларини тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2018 йил 2 ноябрдаги ПҚ–3995-сон қарори ижросини таъминлаш, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг Божхона институти бакалавриат ва магистратурасига жисмонан соғлом, маънавий етук ва интеллектуал салоҳиятга эга номзодларни танлаш ва ўқишга қабул қилишнинг самарали тизимини жорий этишга қаратилган.
✅Қарор билан Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг Божхона институти бакалавриатига ва магистратурасига ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низомлар тасдиқланди.

***

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2019 йил 29 апрель куни “Ваколатли иқтисодий оператор институтини татбиқ этиш чора тадбирлари тўғрисида” 363-сон қарори қабул қилинди.
✅Қарордан кўзланган мақсад Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 24 ноябрдаги “Божхона маъмурчилигини такомиллаштириш ва Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида” ПФ-5582-сон Фармони ижроси таъминлаш, ҳамда божхона тартиб-таомилларини янада соддалаштириш ва халқаро стандартларга мувофиқ халқаро савдонинг хавфсизлигини таъминлашга қаратилган.
✅Қарор билан Ваколатли иқтисодий операторлар тўғрисидаги Низом тасдиқланди.
✅Қарорда Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасига 2019 йил 1 июнгача ваколатли иқтисодий операторлар институтини ривожлантириш мақсадида тажриба сифатида ваколатли иқтисодий опреторларлар Реестрига қўшиш учун белгиланган талабларга жавоб берувчи юридик шахсларни танлаб олиш амалга оширилади.
✅Ваколатли иқтисодий операторлар “А” ва “Б” тоифага бўлиниб, тоифасидан келиб чиқиб, махсус соддалаштиришлар яъни, алоҳида божхона операциялари ва божхона назоратини амалга оширишнинг хусусиятлари қўлланилади.

***

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2019 йил 29 апрель куни “Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органи ходимининг ёки унинг яқин қариндошларининг мол-мулкига хизмат мажбуриятларини бажариши билан боғлиқ ҳолда етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида” 364-сон қарор қабул қилинди.
✅Қарордан кўзланган мақсад “Давлат божхона хизмати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ давлат божхона хизмати органлари ходимларининг ёки уларнинг яқин қариндошларининг мол-мулкига хизмат мажбуриятларини бажариши билан боғлиқ ҳолда етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш тартибини жорий этишга қаратилган.
✅Қарор билан тасдиқланган Низомга кўра, ходимнинг ёки унинг яқин қариндошларининг мол-мулкига етказилган зарарнинг ўрни ходимнинг ўз хизмат мажбуриятларини бажариши вақтида етказилган тақдирдагина қопланади.
✅Бунинг учун етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш масаласини ўрганиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси марказий аппаратида, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри бўйича божхона бошқармаларида, “Тошкент-АЭРО” ихтисослаштирилган божхона комплекси, Божхона институти ва Миллий кинология марказида (кейинги ўринларда божхона органлари деб аталади) қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда доимий фаолият кўрсатувчи комиссиялар тузилади.
✅Мол-мулкка етказилган зарарнинг ҳақиқий миқдорини аниқлаш, божхона органи томонидан баҳолаш ташкилоти жалб қилинган ҳолда,
мол-мулкига зарар етказилган шахснинг иштирокида амалга оширилади. Бунда зарар миқдори унинг ўрнини қоплаш вақтида амал қилаётган бозор нархларидан келиб чиққан ҳолда аниқланади.
✅Ҳисоб-китоблар нақд пул кўринишида ёки пул ўтказиш йўли билан амалга оширилади. Зарар натура шаклида, тенг қийматдаги мулкни бериш, уни таъмирлаш ёки бошқа кўринишларда ҳам қопланиши мумкин.

***

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 27 апрелдаги “Жиззах шаҳрида тўқимачилик ишлаб чиқаришни ташкил этиш инвестиция лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” (http://lex.uz/pdfs/4311958) 359-сон қарори билан Жиззах шаҳрида ташкил қилинган “Ш.Рашидов номли тўқимачилик комбинати” МЧЖ белгиланган тартибда шакллантириладиган рўйхатлар бўйича олиб кирилаётган технологик ускуналар, бутловчи буюмлар, эҳтиёт қисмлар, қурилиш материаллари, махсус техника, муҳандислик-коммуникация тизимлари, электр асбоб-ускуналари ва жиҳозлар 2022 йил 1 январгача божхона тўловлари тўлашдан (божхона йиғимлари бундан мустасно) озод этилди.

30.04.2019

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг