Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Сенатда Давлат божхона қўмитаси фаолияти самарадорлигини ҳамда мақсадли вазифаларга эришишни баҳолашнинг асосий мезонлари муҳокама қилинди
474
Жорий йил 1 май куни Олий Мажлис Сенатининг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитасининг мажлисида Давлат божхона қўмитаси фаолияти самарадорлигини ҳамда мақсадли вазифаларга эришишни баҳолашнинг асосий мезонлари бўйича жорий йилнинг биринчи чорагида божхона органлари томонидан амалга оширилган ишлар тўғрисидаги ҳисобот муҳокама этилди.
Сенатда Давлат божхона қўмитаси фаолияти самарадорлигини ҳамда мақсадли вазифаларга эришишни баҳолашнинг асосий мезонлари муҳокама қилинди

Таъкидланганидек, мамлакатимиз иқтисодий хавфсизлигини мустаҳкамлаш, давлат ғазнасига даромадлар тушишини таъминлаш, ташқи савдо алоқаларини ривожлантириш ҳамда контрабандага қарши курашишда Давлат божхона қўмитасининг фаолияти алоҳида аҳамият касб этади. Жумладан, Давлат бюджетига божхона тўловлари бўйича 3,4 трлн. сўм ундирилди. Ўтган йилнинг шу даврига нисбатан ундирилган божхона тўловлари 936,7 млрд. cўмга ёки 37,6 фоизга ошди.

Шунингдек, мамлакатимизда жадал суръатлар билан олиб  борилаётган ислоҳотлар доирасидаги лойиҳаларни рўёбга чиқариш, янги ишлаб чиқариш корхоналарини ташкил этиш, чет эл инвестицияларини фаол жалб қилиш мақсадида божхона тўловлари бўйича берилган имтиёзлар ҳажми ўтган йилга нисбатан 3,9 трлн. сўмга (ёки 1,5 баробарга) ортди.

Шунга қарамай, Давлат бюджетига ундирилаётган божхона тўловлари миқдорини янада ошириш масаласи долзарблигича қолмоқда.

Мажлисда мамлакатимизнинг қўшни давлатлар билан алоқаларига оид масалалар ҳам муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, давлатимиз Раҳбарининг қўшни давлатлар билан яқин қўшничилик ришталарини мустаҳкамлаш, иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш борасидаги ташаббуслари шарофати билан божхона назорати орқали ўтаётган фуқаролар, товар ва автотранспорт воситалари сони бир неча баробарга ортди.

Бу, ўз навбатида, чегара ўтказиш пунктларини  кенгайтириш ва реконструкция қилишни талаб қилмоқда. Бунинг учун, аввало, чегарадош бўлган Тожикистон, Қирғизистон каби давлатлар билан чегара ўтказиш пунктлари ҳудудларида Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли фармонлари билан тасдиқланган тармоқ жадвалига мувофиқ божхона терминалларини қуриш ишларини жадаллаштириш зарурлиги қайд этилди.

Ушбу масканларни замонавий назорат техника воситалари билан жиҳозлаш ишларига ҳам алоҳида эътибор қаратиш, хусусан, радиацион портал мониторлари  ва инспекцион кўрик мажмуалари билан таъминлаш зарурлиги айтиб ўтилди.

Senat.uz

1.05.2019

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг