Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Давлат божхона қўмитасида БМТ Бош котиби ўринбосари, Наркотиклар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси Ижрочи директори билан учрашув бўлиб ўтди
545
2019 йилнинг 2 май куни Давлат божхона қўмитасида Гиёҳванд моддаларни назорат қилиш борасидаги минтақавий ҳамкорлик бўйича ўзаро англашув меморандуми иштирокчи давлатларининг 11-учрашувида қатнашиш учун Тошкент шаҳрига ташриф буюрган БМТ Бош котиби ўринбосари, ташкилотнинг Наркотиклар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси Ижрочи директори Юрий Федотов билан учрашув бўлиб ўтди.
Давлат божхона қўмитасида БМТ Бош котиби  ўринбосари, Наркотиклар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси Ижрочи директори билан учрашув бўлиб ўтди

Учрашувда Давлат божхона қўмитаси раиси Муротжон Азимов мазкур ташкилотнинг жиноятчиликка қарши курашиш, хусусан наркотик воситаларнинг ноқонуний айланмаси олдини олиш борасида муваффақиятли фаолият юритаётганини таъкидлади.

Жиноятчиликнинг олдини олиш, жиноий ҳуқуқ, қонун устуворлигини таъминлаш, наркотикларни назорат қилиш, мамлакатлараро уюшган жиноятчиликка қарши кураш каби жабҳаларда ушбу ташкилот катта амалий тажриба ва кенг кўламдаги салоҳиятга эгадир.

- Мен Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан барча соҳаларда фаол ислоҳотлар олиб борилаётгани кузатиб боряпман, – деди ўз сўзида Юрий Федотов. - Ўзбекистон Республикасининг наркотик моддаларнинг ноқонуний айланишига қарши кураш бўйича юритаётган қатъий сиёсатини қўллаб-қувватлайман.

Давлат божхона қўмитаси БМТнинг Наркотиклар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси билан қатор муҳим йўналишларда фаол ҳамкорлик қилиб келмоқда. Масалан, 2017 йилдан 2019 йилнинг 1 чорагига қадар давлат божхона хизмати органларининг 500 дан ортиқ ходимлари ҳамкорликда, шунингдек хорижда ташкил қилинган турли малака ошириш курсларига жалб қилинган.

Ташкилот республикамизнинг чегара-божхона постларини назоратнинг замонавий техник ва сканер воситалари, наркотик воситаларни аниқлаш жиҳозлари, видеокузатув тизими, ҳимоя воситалари билан жиҳозланишида ҳам ўзининг беминнат ҳиссасини қўшиб келмоқда.

Учрашув давомида Ижрочи директор Юрий Федотов Ўзбекистон Республикасининг наркотик моддаларнинг ноқонуний айланишига қарши кураш бўйича юритаётган қатъий сиёсати халқаро ҳамжамият томонидан муносиб эътироф этилаётганини таъкидлади.

Биргина давлат божхона хизмати органлари томонидан 2017 йилдан 2019 йилнинг апрель ойига қадар аниқланган 450 та қонунбузарлик ҳолатларида 440 кг.дан ортиқ наркотик воситаларнинг, 84 та ҳолатда эса 11 минг донадан ортиқ психотроп таблеткаларнинг ноқонуний айланмаси олди олингани ҳам юқоридаги фикрнинг яққол тасдиғидир.

Суҳбат чоғида Юрий Федотов Давлат божхона қўмитаси томонидан ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш бўйича билдирилган турли таклифларни қўллаб-қувватлашини маълум қилди.

Учрашув самимий, очиқ ва конструктив руҳда бўлиб ўтди.

Тадбирдан сўнг меҳмон Давлат божхона қўмитасининг “Божхона тарихи” музейини кўздан кечирди ва Фахрий меҳмонлар китобига ўз дастхатини қолдирди.

Давлат божхона қўмитаси

Ахборот хизмати

2.05.2019

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг