Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Аждодларни хотирлаш – муқаддас қадрият
698
Иккинчи жаҳон уруши даврида Ўзбекистонда 6,5 миллионга яқин аҳоли яшаган бўлса, шундан 1,5 миллиони урушда бевосита иштирок этган.
Аждодларни хотирлаш – муқаддас қадрият

Ёш гўдак ва болаларни, қариялар ва аёлларни ҳисобга олмаганда, халқимизнинг 40 фоиздан кўпроғи қўлига қурол олиб, жангу жадалларда қатнашган. Бу даҳшатли қирғинда қарийб 500 минг юртдошимиз, яъни урушда қатнашганларнинг 30 фоизи ҳалок бўлганини инобатга оладиган бўлсак, эришилган ғалабанинг қадр-қиммати нечоғли баланд экани, Ўзбекистон халқининг фашизмга қарши курашга қандай катта ҳисса қўшгани яққол намоён бўлади.

Ҳа, фашизмга қарши курашда ҳалок бўлган юртдошларимизнинг хотирасини, жангу жадалларда кўрсатган жасоратларини унутиш мумкин эмас, унутиб бўлмайди. Шу боис истиқлол йилларида мамлакатимизда Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабага бўлган муносабат тубдан ўзгарди. 1999 йилдан буён 9 май республикамизда Хотира ва қадрлаш куни сифатида нишонланиб келмоқда.

Барча вилоят, шаҳар ва туман марказларида Хотира хиёбонлари ташкил этилди. Бу биринчи галда, урушда ҳалок бўлган, фронт ортида меҳнат қилган юртдошларимизга бўлган ҳурмат ва эътибор намунаси бўлди. Ҳар йили байрам куни бу муқаддас масканлар анвойи гулларга бурканади, мамлакатимиз аҳли дориломон кунларимиз учун ҳалок бўлганлар хотирасини ёд этадилар, жасоратлари олдида бош эгадилар. Ҳар бир маҳаллада, меҳнат жамоасида уруш ва меҳнат фахрийлари учун тадбирлар уюштирилиб, эътибор кўрсатилади.

Ана шундай тадбирлардан бири Самарқанд вилоят божхона бошқармаси ташаббуси билан “Аждодларни хотирлаш – муқаддас қадрият” шиори остида ўтказилди.

Унда вилоят божхона бошқармаси раҳбарияти, “Нуроний” жамғармаси вилоят бўлими раиси Ҳ.Нормуродов, Ўзбекистон божхона хизмати фахрийлари уюшмасининг Самарқанд вилояти бўлинмаси аъзолари ва шахсий таркиб ҳамда ОАВи вакиллари иштирок этди.

Тадбирда таъкидланганидек, иккинчи жаҳон уруши тарих қаърида чуқур илдиз отган ўтган кунларимизни ёдга олиш билан бир қаторда, тинчлик ва осойишталикни қадрига етишга, бирдамликка ва аҳилликка ҳамда умуминсоний қадрият саналмиш хотиранинг муқаддаслигини таъминлашга хизмат қилади.

Муҳтарам Президентимиз Ш.Мирзиёевнинг “Хотира ва қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорида Фашизм устидан қозонилган ғалабада халқимизнинг ҳам мардонавор ва салмоқли ҳиссаси унутилмас ҳақиқатдир. 9 май – Хотира ва қадрлаш куни Иккинчи жаҳон урушининг аянчли оқибатларини унутмасликка, тинчлик ва осуда ҳаётнинг қадрига етишга, Ватанга садоқат ҳисси билан яшашга, шунингдек, доимо огоҳ ва ҳушёр бўлишга, тарихий хотирага садоқат руҳида тарбиялашга хизмат қилиб келмоқда деб таъкидлаб ўтган.

Қарорда ҳар бир уруш қатнашчиси, фронт орти меҳнат фахрийлари, мустақиллик йилларида хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг оила аъзоларига моддий ва маънавий ёрдам кўрсатилишининг белгилангани инсон қадрининг, хотиранинг нечоғлик муқаддас ва азизлигини кўрсатади.

– Ҳа, ҳукуматимиз томонидан юртимизда ёши улуғ инсонларни қадрлаш, уларга ҳурмат-эътибор кўрсатиш, ҳар томонлама рағбатлантириш борасида қилинаётган бу каби хайрли ишлар нуронийларнинг кўнглини тоғдек кўтариб, дардларига дармон бўлмоқда, – дейди тадбирда сўз олган “Нуроний” жамғармаси вилоят бўлими раиси Ҳасан Норбекович Нормуродов.

Ҳозирда кексалик гаштини суриб юрган Ўзбекистон божхона хизмати фахрийлари уюшмасининг Самарқанд вилояти бўлинмаси бошлиғи Фарҳод Мукумов ҳам сўзга чиқиб, барчани байрам билан қутлади. Ёш божхоначиларни бугунги дориломон кунлар қадрига етишни, тинчлик ва мустақилликни асраб-авайлаш, ҳамиша сергак ва огоҳ бўлишга даъват этди.

Албатта, мамлакатимизда ҳукм сураётган тинчлик-осойишталик турмушимиз ободлиги, дастурхонларимиз тўкинлигининг бош омилидир. Мана шундай озод ва обод юртда давлатимиз ва халқимиз ардоғида яшаётганимиздан барчамиз фахрланамиз.

Байрам арафасида вилоят божхона бошқармаси ва постлари ўртасида ўтказилган стол тенниси ва мини футбол спорт мусобақаси ғолиблари муносиб тақдирланди.

Куннинг иккинчи ярмида Самарқанд вилояти божхона бошқармасида хизмат бурчини бажариш билан боғлиқ ҳолатларда ҳалок бўлган божхона ходимларининг оила аъзоларидан хабар олинди.

Кечги вақт эса байрам муносабати билан божхона фахрийлари, божхоначилар ва уларнинг оила аъзолари ҳамда яқинлари Самарқанд вилояти мусиқали ва драма театрига таклиф этилиб, маданий хордиқ чиқаришди.

4.05.2019

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг