Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Фахрийларга муносиб эътибор
108
Истиқлол йилларида улуғ аждодларнинг хотираларини қадрлаш, мамлакат тараққиёти, юрт озодлиги йўлида жонбозлик кўрсатган фидойи юртдошларимизнинг руҳларини шод этмоқ учун эзгу амалларга бел боғлашдек савобли юмуш дилимиздаги ёруғ ниятлардан бирига айланди.
Фахрийларга муносиб эътибор

Президентимизнинг “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги Фармони ҳамда “Хотира ва қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлганларнинг хотирасини абадийлаштириш, шунингдек, ҳамнафас бўлиб ёшларни маънавий-ахлоқий жиҳатдан тарбиялашга ҳисса қўшаётган фахрийларни эъзозлаш, уруш қатнашчиларини моддий рағбатлантиришдек эзгу мақсадларга хизмат қилади. 

Инсон ҳар доим ўтмиш аждодларини, муҳтарам устозларини хотирлар экан, халқ ва жамият олдидаги бурч ва вазифаларини яна бир бор масъулият билан ҳис этади, ўзидан яхши ном қолдириш ва эзгу ишларни қилишга шошилади, ўзгаларни ҳам шунга чорлайди.

Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан Тошкент шаҳар божхона бошқармасида “Аждодларни қадрлаш – муқаддас қадрият” мавзусида ташкил этилган тадбирга  божхона фахрийлари  Саид Азим Арипов ва Рустам Рахимовлар ташриф буюришди.

Дастлаб сўзга чиққан истеъфодаги генерал-майор С.А.Арипов давлат божхона хизматининг шаклланиш тарихи, йигирма етти йил давомида босиб ўтилган шонли йўл тўғрисида батафсил гапириб ўтди. Божхона хизмати – мамлакатнинг иқтисодий хавфсизлиги ҳимоя қилинишини таъминлайдиган энг муҳим давлат муассасаларидан бири бўлиб, у давлатнинг ташқи ва ички сиёсатини амалга оширишда устувор аҳамиятга эга эканлиги, самарали божхона назоратини таъминлаш ва республиканинг божхона ҳудудида товар айирбошлашни тартибга солиш, иқтисодий ривожланишини рағбатлантириш, ички бозорни ҳимоя қилиш божхона сиёсатининг асосий мақсадларидан бири эканлигини таъкидлади.

Шундан сўнг Рустам Рахимов ҳам сўзга чиқиб, божхоначи қаерда хизмат қилишидан қатъий назар, олийжанобликни ва ғамхўрликни одат қилиши лозимлигини, ва шундагина шахсий таркибнинг ҳурмат-эътиборига сазовор бўлиши мумкинлигини айтиб ўтди. Ҳар бир божхоначи мазкур тизимнинг мавқеи ва обрўсини янада оширишга бор куч-ғайратини аямаслиги кераклигини эътироф этди.

Тадбир давомида генерал-майор С.А.Арипов томонидан бир гуруҳ божхона ходимларига унвонлар топширилди.

Кўтаринки кайфиятда ўтган тадбир якунида Тошкент шаҳар божхона бошқармаси раҳбарияти томонидан фахрийларга эсдалик совғалар топширилди, бу каби тадбирлар фақат байрамларда бўлмаслигини, “устоз-шогирд” анъанаси узоқ давом этиши маълум қилинди.

7.05.2019

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг