Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Хотира бор экан – миллат тирикдир
103
Хотира – инсон умрини мангуликка муҳрловчи ажиб туйғудир. У бор экан, яхшиликлар, эзгу амаллару, қимматли ўгитлар авлоддан-авлодга ўтиб келаверади.
Хотира бор экан – миллат тирикдир

Яқинлашиб келаётган 9 май – Хотира ва қадрлаш куни арафасида Бухоро вилояти божхона бошқармасида хизмат қилган собиқ божхоначилар хотирасини ёд этиш, уларнинг ватанпарварлигию, инсонийлик хислатларини ёш божхоначиларга ўрнак қилиб кўрсатиш мақсадида  тадбир ташкил этилди. Унда сўз олган божхона фахрийлари сафдошларининг ҳаётлик чоғларида тизим тараққиётини кўзлаб кўрсатган фидойиликлари ҳақида фикрлар билдиришди.  

Шунингдек, тадбирда хизмат чоғида вафот этганларни ёд этиш билан чекланибгина қолмай, иккинчи  жаҳон уруши йилларида ўзбек халқининг кўрсатган мардлиги-ю, тантилиги ҳақида сўз борди. Хусусан тадбирда, 101 ўзбек жангчисининг жасорати, матонати ва ўзбек халқига хос бўлган меҳр-оқибати тўғрисида сўзланди. Бу албатта йиғилганларнинг бирортасини бефарқ қолдирмади.

Ёш ходимлар томонидан ҳам  мавзу доирасида фикрлар билдирилиб, уруш ва меҳнат фронти фахрийлари орасида юртдошларимизнинг кўрсатган мардонавор хизматлари яна бир бора ёд этилди.

Асосийси, шу куни тадбирда ўтганлар хотирланибгина қолмай, ёш божхоначиларга ватаннинг нечоғлик муқаддаслиги, аждодлар хотирасининг мудом барҳаётлиги хусусида кўплаб ибратли мисоллар келтириб ўтилди.

Ўйлаймизки, бу  каби тадбирларнинг ўтказилиши албатта ёшларимиз қалбида она юрт тарихига нисбатан янада ҳурматни ошириб, унинг  келажагига дахлдорлик ҳиссининг юксалишига хизмат қилади.

7.05.2019

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг