Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Давлат божхона қўмитаси делегацияси Бирлашган Араб Амирликлари ва Қувайт давлатида самарали музокаралар ўтказди
323
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил март ойида Бирлашган Араб Амирликларига амалга оширган расмий ташрифлари доирасидаги олий даражадаги самарали учрашувлар мамлакатларимиз ўртасидаги шерикликни мустаҳкамлаш ва амалий ҳамкорликни кенгайтиришда янги босқични бошлаб берди.
Давлат божхона қўмитаси делегацияси Бирлашган Араб Амирликлари ва Қувайт давлатида самарали музокаралар ўтказди

Мазкур ташриф давомида инвестициялар, молия, муқобил энергетика, саноат ва инфратузилмани ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги, маданият ва бошқа соҳалар қаторида божхона маъмуриятчилиги соҳасида ҳам ҳамкорлик бўйича ҳужжатлар имзоланган эди.

Галдаги вазифа эса эришилган келишув ва битимларнинг ўз вақтида ва сўзсиз ижросини таъминлашга қаратилган бўлиб, бу борада Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси томонидан аниқ амалий ишлар бошлаб юборилди.

Жумладан, жорий йилнинг 3-8 май кунлари Давлат божхона қўмитаси раиси М.Азимов бошчилигидаги делегация Бирлашган Араб Амирликлари ва Қувайт давлатида бўлиб, мазкур мамлакатларнинг замонавий логистика терминаллари ва божхона омборлари фаолияти билан яқиндан танишишди.

Ташриф доирасида Қувайт божхона админстрацияси ва БАА Федерал божхона админстрацияси Олий комиссари билан мамлакатларимиз ўртасида божхона иши соҳасида ўзаро ҳамкорлик бўйича икки томонлама музокаралар ўтказилди.

Ташрифнинг илк кунида делегация аъзолари Қувайтдаги «ANHAM FZCO» компаниясининг логистика терминали билан яқиндан танишишди. 2004 йилдан бери муваффақиятли фаолият олиб бораётган мазкур компания харидларни амалга ошириш ва маҳсулотларни дунёнинг турли давлатларидаги 300 дан ортиқ мижозларга, хусусан улгуржи харидорлар ва супермаркетлар тармоқларига етказиб бериш бўйича катта тажрибага эга.

Фаолият кўлами, транспорт оқими ва товар айланмасининг катталигига қарамай, мазкур компания “Товарларни етказиб бериш занжирини бошқариш тизими” орқали ўз ишини тизимли ва бир маромда йўлга қўйган.

Компания фаолиятига ахборот-коммуникация технологиялари кенг кўламда жорий этилган бўлиб, омборлар, транспорт ва харидларни бошқариш тизимлари, логистика портали ҳамда бизнес-таҳлил ахборот маҳсулотлари меҳмонларда алоҳида қизиқиш уйғотди.

Қувайт божхона админстрацияси раҳбари Жамол ал Желавий билан ўтказилган музокараларда тадбиркорлик, инвестициялар ва ўзаро савдони ривожлантиришда божхона соҳасидаги узоқ муддатли ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича фикр-мулоҳазалар алмашилди.

Қувайт томонида Ўзбекистондан узум, мева-чева ва полиз маҳсулотларини етказишни ташкил қилиш, шунингдек, Ўзбекистонда кўчмас  мулк харид қилиш масалалари алоҳида қизиқиш уйғотди.

Масалан, “ANHAM FZCO” компанияси қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини мамлакатга Жанубий Америкадан ҳаво йўллари орқали 20 соатда етказаётган бўлса, Ўзбекистондан парвозлар орқали бу турдаги маҳсулотларни етказишга атиги 3 соат кифоя қилади. Бу эса Ўзбекистоннинг қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти учун янги имкониятлар эшигини очади.

Шунингдек, мазкур компания вакиллари ўз товарларини Афғонистонга етказишда Сурхондарё вилоятидаги «Termez Cargo» логистика маркази имкониятларидан кенг фойдаланишга ҳам алоҳида қизиқиш билдиришди.

Музокаралар якунига кўра иккала мамлакат ўртасида божхона иши соҳасида ҳамкорлик ва ўзаро ёрдам бўйича Келишув ишлаб чиқишга ва уни  Ўзбекистон-Қувайт савдо-иқтисодий ҳамкорлиги бўйича Ҳукуматларо комиссиясининг навбатдаги йиғилишида имзолашга келишиб олинди.

БААга ташриф давомида эса Дубай халқаро аэропорти божхона хизмати ва қатор логистика терминаллари фаолияти билан яқиндан танишилди.

Дубай халқаро аэропортининг божхона хизмати божхона назоратининг энг сўнгги замонавий технологиялари, видеокузатув тизими, металлизлагичлар, назорат-рентген ускуналари, шахсий кўрикни божхона ходимининг аралашувисиз ўтказишга имкон берувчи инсон танасини сканерловчи ускуналар билан таъминланган.

Мазкур аэропортда кунига 70 мингдан ортиқ йўловчилар турли парвозларни амалга оширишади. Уларни божхона назоратидан самарали ўтказилишида видеокузатув ва назорат-рентген аппарати тасвирлари билан ишлайдиган автоматлаштирилган мониторинг тизими муҳим рол ўйнайди.

Шунингдек, ҳаво транспортлари, йўловчилар ва уларнинг багажларига доир дастлабки ахборотларни (2 соатгача) олдиндан тақдим этиш тизими мавжуд ресурслар ва иш кучини тўғри тақсимлаш имконини беради.

БАА Федерал божхона админстрацияси Олий комиссари Али Саид Матар Ал-Неяди билан бўлиб ўтган музокараларда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг мазкур давлатга амалга оширган ташрифлари дўстлик ва шерикликка асосланган икки томонлама муносабатларни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтаришга хизмат қилаётгани алоҳида қайд қилинди.

Али Саид Матар Ал-Неяди Ўзбекистон Республикасида қурилиши режалаштирилган божхона терминалларини бунёд этишда араб компаниялари билан ўзаро ҳамкорликнинг йўлга қўйилаётганига юқори баҳо берди. Хусусан, «DP World» и «ANHAM FZCO» компаниялари бу борада улкан нуфуз ва катта тажрибага эга эканлигини қайд этди.

Музокаралар давомида томонлар иккала мамлакат ўртасида олиб ўтилаётган товарлар ҳақида дастлабки ахборотларни электрон алмашинувини йўлга қўйишнинг техник талабларини ишлаб чиқиш бўйича келишувга эришишди.

Яъни, томонлар божхона чегаралари орқали олиб ўтиладиган товар ва транспорт воситаларига доир маълумотларни икки давлат божхона хизматлари ўртасида реал вақт режимида электрон шаклда олдиндан алмашишлари йўлга қўйилади. Бу эса табиийки, божхона расмийлаштирувини тезлаштириш ҳамда божхона назоратининг самарадорлигини оширишга хизмат қилади.

Шунингдек, Ўзбекистонда бунёд этилаётган йирик 9 та божхона терминаллари - замонавий логистика марказларининг қурилишида БАА божхона хизмати тажрибасини кенг татбиқ этишга алоҳида эътибор қаратилади.

Ташрифнинг энг муҳим янгиликларидан яна бири Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари ходимларининг ушбу мамлакатда малакасини ошириш ва экспертлар алмашуви орқали БААдаги мавжуд илғор тажриба ҳамда амалиётни ўрганиш масаласида ҳам жиддий қадам қўйилди.

«DP World» компанияси раиси Султон Аҳмад бин Сулайем билан бўлиб ўтган учрашув ҳам ҳар жиҳатдан самарали бўлди. Компания раҳбари Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан мамлакатда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, инвестицион муҳитни яхшилаш борасида олиб борилаётган сиёсатни эътироф этиб, Ўзбекистонга турли соҳаларда инвестиция киритишга ўз қизиқишини билдирди.

Шунингдек, маҳаллий компания билан ҳамкорликда чегара-божхона постларига туташ ҳудудда замонавий божхона терминаллари ҳамда Навоий вилоятида қуруқлик портини бунёд этишда ҳам ҳамкорликка тайёр эканлигини маълум қилди. Бу эса “Бир макон, бир йўл” лойиҳасидаги ташаббусларни амалга оширишда Ўзбекистонинг хал қилувчи аҳамият касб этишида муҳим ўрин тутади.

2005 йилда ташкил қилинган мазкур компания дунёдаги учинчи йирик порт оператори бўлиб, 78 та денгиз ва қуруқликдаги терминаларига эга. Дунёнинг барча қитъаларидаги 40 дан ортиқ мамлакатларда ўз фаолиятини йўлга қўйган компания ўз йўналишида жаҳон бозорининг 6.7 фоизига эгалик қилади.

Мазкур компания билан ўтказилган музокаралар якунига кўра фаолиятнинг муҳим йўналишлари бўйича самарали ҳамкорликни амалга ошириш юзасидан “Йўл харитаси” ишлаб чиқишга келишиб олинди.

“Йўл харитаси” Форс кўрфази мамлакатларига Ўзбекистондан қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат ва тўқимачилик маҳсулотларини экспорт қилиш, Ўзбекистоннинг транспорт-транзит ва логистика салоҳиятини кучайтиришда мазкур компания тажрибасини ўзлаштириш каби масалаларни қамраб олади.

Бир сўз билан айтганда Давлат божхона қўмитаси делегациясининг БАА ва Қувайт давлатларига амалга оширган хизмат сафарлари Ўзбекистон давлат божхона хизмати органлари фаолиятига илғор хорижий тажрибаларни татбиқ этиш, божхона назоратига замонавий инновацион ва ахборот-коммуникацион технологияларни қенг қўллаш, соҳада билимли ва професссионал кадрларни тайёрлашга хизмат қилади.

Давлат божхона қўмитаси

Ахборот хизмати

10.05.2019

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг