Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Экспорт салоҳиятини ошириш бўйича тадбиркорлик субъектлари билан учрашув бўлиб ўтди
31
Экспорт - давлат иқтисодиёти ривожланишининг асосий устунларидан бири бўлиб, экспортга йўналтирилаётган маҳсулотларнинг божхона расмийлаштирувини тезкорлик билан амалга ошириш, шунингдек валюта сиёсатини либераллаштириш бўйича бир қанча норматив-ҳужжатлар қабул қилинмоқда.
Экспорт салоҳиятини ошириш бўйича тадбиркорлик субъектлари билан учрашув бўлиб ўтди

Нукус шаҳар ҳокимлигида бўлиб ўтган учрашув ҳам айнан шу йўналишда амалга оширилаётган чора-тадбирлар тўғрисида бўлди. Унда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Қорақалпоғистон Республикаси Инвестиция ва ташқи савдо вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси, Нукус шаҳри ҳамда Нукус, Тахиятош ва Хўжайли туманлари ҳокимликларининг мутасадди ходимлари ва ушбу ҳудудларда фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектлари иштирок этди.

Дастлаб, Қорақалпоғистон Республикаси Инвестиция ва ташқи савдо вазирининг биринчи ўринбосари В.Жоллыбеков сўзга чиқиб, Қорақалпоғистон Республикасининг экспорт салоҳияти ва уни ошириш бўйича келажакда олдинга қуйилган мақсадлар ҳақида семинар иштирокчилари эътиборига етказди.

Шундан сўнг, Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармасининг катта инспектори Н.Назарбаев, экспортни қўллаб-қувватлаш борасида божхона соҳасида қабул қилинаётган янги меъёрий-ҳужжатлар ҳақида тадбиркорлик субъектларига кенг тушунчалар берди. Сўнгра тадбиркорларни қизиқтирган, божхона соҳасига оид саволларига атрофлича жавоблар берилди.

Тадбир давомида, Хўжайли тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари К.Айтбаевсўзга чиқиб, ҳозирги кунда Сурхондарё вилоятида етиштирилган картошка маҳсулотини экспорт қилишга республикамиз ҳукумати томонидан истисно тариқасида рухсат берилганлигини таъкидлаб, қўшни Қозоғистон Республикасининг жанубий ҳудудларида ушбу маҳсулотга талаб кўпаётганлигини ва фурсатдан унумли фойдаланиб, ушбу маҳсулотни кўпроқ экспорт қилиш тадбиркорларимиз учун фойдали эканлигини маълум қилди.

Йиғилиш сўнгида, Нукус шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари Ш.Оспанов юртимизда экспортни амалга ошириш учун яратилаётган қулайликлардан оқилона фойдаланиб, импортни оптималлаштириш ва экспортни бунданда оширишга бор имкониятларимизни тўлиқ сафарбар қилишимиз ва ташқи бозорларда ўз ўринларимизни кўпайтириб, бошқа давлатлар билан рақобатлаша оладиган миллий маҳсулотларни етиштириш зарурлигини таъкидлади.

16.05.2019

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг