Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Тошкентда Контейнерда ташувлар устидан назорат Глобал дастурининг олтинчи йиллик минтақалараро учрашуви бўлиб ўтмоқда
396
2019 йилнинг 22 май куни Тошкент шаҳридаги “Tashkent International” меҳмонхонасида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Наркотиклар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси ҳамда Жаҳон божхона ташкилотининг Контейнерда ташувлар устидан назорат Глобал дастурининг олтинчи йиллик минтақалараро учрашуви ўз ишини бошлади.
Тошкентда Контейнерда ташувлар устидан назорат Глобал дастурининг  олтинчи йиллик минтақалараро учрашуви бўлиб ўтмоқда

Учрашувда Афғонистон, Грузия, Озарбайжон, Покистон, Тожикистон, Туркманистон, Украина, Қирғизистон, Қозоғистондан божхона соҳасининг турли даражадаги раҳбарлари ва нуфузли экспертлари иштирок этмоқда.

Учрашувни Давлат божхона қўмитаси раиси М.Азимов кириш сўзи билан очар экан, меҳмонларни мамлакатимизга ташрифи билан қутлади. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органларида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар юзасидан атрофлича сўз юритди.

Тадбир иштирокчилари халқаро юк ташувларининг назоратини ташкил этиш борасида устувор жиҳатлар ва мавжуд эҳтиёжларни  атрофлича муҳокама қилишди. Шунингдек, Дастур иштирокчи давлатларининг божхона хизматлари  ўртасида юқори хавфли товарларни аниқлаш ва бартараф этиш бўйича минтақалараро амалий ҳамкорликни кучайтириш масалалари ҳам муҳокамалар марказида бўлди.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Наркотиклар ва жиноятчилик бўйича бошқармасининг Марказий Осий бўйича минтақавий вакили Ашитта Миттал хоним Марказий Осиё, Қора денгиз минтақаси мамлакатлари, Афғонистон ва Покистон давлатлари ўртасида Контейнерда ташувлар устидан назорат Глобал дастури доирасида кўп йиллардан бери самарали ҳамкорлик йўлга қўйилганлигини таъкидлади.

Ушбу ҳамкорлик Контейнерда ташувлар устидан назорат қилиш соҳасида миллий салоҳиятни ривожлантириш учун техник ёрдам кўрсатишда, наркотик модаларнинг ноқонуний айланишига қарши курашда минтақавий ва минтақалараро ҳамкорликни фаол қўллаб-қувватлашда, минтақавий операцияларни ташкил этиш, ўтказиш ҳамда юқори хавфли товарлар бўйича ўзаро ахборот алмашинувида фаол намоён бўлмоқда.

Контейнерда ташувлар устидан назорат Глобал дастурининг Тошкент учрашуви тарихий аҳамият касб этиши, шубҳасиз! Боиси, учрашув давомида дастурнинг 10 та иштирокчи давлатлари божхона хизматлари ва назорат портлари ўртасида Минтақалараро тармоқ ташкил қилиш бўйича ўзаро англашув Меморандуми имзоланди.

Мазкур меморандум нафақат наркотик моддаларнинг ноқонуний айланишига ва бошқа жиноятчиликларга қарши курашда ҳакорлик қилишнинг янги босқичини бошлаб беради, балки мазкур мамлакатлар бўйлаб ҳалол ва қонуний савдо-сотиқнинг амалга оширилишида ўзига хос кўмакчи вазифасини ҳам бажаради.

Сир эмас, давлат божхона хизмати органлари ҳар бир мамлакат ва унинг фуқароларининг иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш билан бир қаторда ўзаро савдонинг амалга оширилиши ва унинг тараққиётида ҳал қилувчи роль ўйнайди. Шу жиҳатдан олиб қаралганда Контейнерда ташувлар устидан назорат Глобал дастури истиқболда даромади жиноий ва террористик тузилмаларнинг фаолиятини молиялаштиришга йўналтириладиган ноқонуний савдога қарши курашда кенг имкониятлар эшигини очиши кутилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Наркотиклар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси ҳамда Жаҳон божхона ташкилотининг Контейнерда ташувлар устидан назорат Глобал дастури 2004 йилдан ишга туширилган бўлиб, унга аъзо давлатларнинг тегишли денгиз ва қуруқлик портларида ҳуқуқни ҳимоя қилишнинг барқарор механизмларини жорий этиш орқали наркотик моддаларнинг ноқонуний айланмаси, трансмиллий уюшган жиноятчилик ва ноқонуний фаолиятнинг бошқа шаклларини амалга оширишда контейнер ташувларидан фойдаланишнинг олдини олиш ҳамда бир вақтнинг ўзида қонуний савдога кўмаклашишни назарда тутади.

Глобал дастурга кўра, унга аъзо давлатларда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи турли идоралар вакилларидан иборат Порт назорати гуруҳлари ташкил этилган. Айни пайтда дунёнинг 56 та мамлакати, шу жумладан Марказий Осиё давлатлари ушбу дастур иштирокчилари ҳисобланади. Ҳозирда яна 6 та мамлакат ушбу дастурга қўшилиш юзасидан ўз қизиқишларини билдирган.

Глобал дастурнинг Марказий Осиё ва Қора денгиз минтақалари, Афғонистон ва Покистондаги минтақавий сегментлари АҚШ, Германия, Канада ва Япония ҳукуматлари томонидан молиялаштириб келинмоқда.

Ўзбекистонда мазкур лойиҳа “Марказий Осиё+Озарбайжон” сегменти доирасида 2014 йилдан бери амалга оширилаётган бўлиб, бу жараёнда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Наркотик воситаларни назорат қилиш миллий ахборот-таҳлил маркази мувофиқлаштирувчи орган ҳисобланади.

Глобал дастур доирасида Давлат божхона қўмитасининг “Ангрен”, “Чуқурсой Техник назорат”, “Олот”, “Яллама” каби бир қатор божхона постларида Порт назорати гуруҳлари ташкил қилинди.

Барча постларда бўлгани каби мазкур постлар ҳам замонавий компьютер технологиялари ва алоқа воситалари, божхона назоратининг техник воситалари, кимёвий моддаларни аниқлашга хизмат қилувчи портатив детекторлар билан таъминланган.

Мавзуга доир яна бир жиҳат шундаки, Ўзбекистон Республикасида божхона постларини катта ҳажмдаги сканер қурилмалари билан жиҳозлаш ишлари узлуксиз равишда ва босқичма-босқич амалга ошириб келинмоқда.

Мазкур қурилмалар автотранспорт воситалари ёки темир йўл вагонларини уларнинг ичидаги юкларни туширмасдан туриб, бир неча дақиқа ичида текшириш ва сканерлаш имконини беради.

Ундан тараладиган рентген нурлари кўмагида 200 мм.гача қалинликдаги пўлат ортидаги буюмларни ҳам кўриш, натижада, контейнер ичидаги товарларнинг ҳужжатларга мослигини текшириш, контрабанда предметлари бор-йўқлигини назорат қилиш мумкин.

Бу эса ўз навбатида божхона кўриги самарадорлигини янада ошириб, божхона кўриги учун кетадиган вақтнинг сезиларли даражада қисқаришига хизмат қилади.

Инспекцион-кўрик мажмуасини самарали қўллаш, контейнерларни тўлақонли божхона кўригидан ўтказиш божхона ходимларидан зарур касбий малака талаб этади. Шу мақсадда халқаро дастур доирасида божхона ходимлари ContainerCom ахборот тармоғи орқали ўқув курсларида иштирок этиб, малака ошириб келмоқдалар.

Лойиҳа доирасида шу вақтга қадар Давлат божхона қўмитаси, “Чуқурсой Техник назорат”, “Ангрен Логистика”, “Олот” ва “Яллама” божхона постлари ходимлари иштирокида республикамизда ва хорижда 39 маротаба турли учрашувлар, шу жумладан, 13 маротаба тренинглар ташкил қилинди.

Контейнерда ташувлар устидан назорат Глобал дастурининг олтинчи йиллик минтақалараро учрашуви 23 май куни якунланади.

Давлат божхона қўмитаси

Ахборот хизмати 

22.05.2019

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг