Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Халқ билан мулоқот: муаммо, унинг таҳлили ва ечим
314
Бугунги кунда мамлакатимизда барча соҳаларда улкан ислоҳотлар жадал суръатлар билан амалга ошириб келинмоқда. Бундан кўзланган мақсад эса битта. Халқимиз учун қулай турмуш шароитини яратишдир. Зеро, Президентимиз таъкидлаганларидек, “Халқ бой бўлса, давлат ҳам бой ва қудратли бўлади”.
Халқ билан мулоқот: муаммо, унинг таҳлили ва ечим

Бунинг учун аввало жойларда мавжуд муаммоларни ўрганиш, улар ечимида амалий ёрдам кўрсатиш, бир сўз билан айтганда халқ билан фаол мулоқотни йўлга қўйиш талаб этилади.

Шу нуқтаи-назардан олиб қараганда бугунги кунга келиб мамлакатимизда халқ билан мулоқот қилишнинг бутунлай янги тизими жорий этилди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхонаси ва виртуал қабулхоналарии ташкил этилиб, аҳолининг ҳар бир мурожаати устидан алоҳида назорат ўрнатилди.

Мазкур ислоҳотларнинг мантиқий давоми сифатида Навоий вилояти божхона бошқармаси томонидан ҳам халқ билан доимий мулоқотда бўлиш, уларнинг муаммоларини ўрганиб амалий ёрдам кўрсатиш мақсадида барча ҳудудларда сайёр учрашувларни ташкил этиб бориш амалиёти йўлга қўйилган. Бундай учрашувларнинг навбатдагиси Қизилтепа туманида бўлиб ўтди. Унда вилоят божхона бошқармаси бошлиғи Б.Қутлимуратов, Қизилтепа тумани ҳокимининг инвестиция масалалари бўйича ўринбосари Н.Жўраев, тумандаги мутасадди ташкилот вакиллари, тадбиркорлик субъектлари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этдилар.

Учрашувни Н.Жўраев, кириш сўзи билан очиб бугунги кунда туманда тадбиркорлик фаолиятини қўллаб қувватлаш мақсадида амалга оширилаётган ишлар, жумладан “Ҳар бир оила  – тадбиркор” дастури доирасида ажратилган кредит маблағлари, улардан оқилона фойдаланиш орқали тадбиркорлик фаолиятини кенгайтириш зарурати ҳақида фикр билдириб ўтди.

Шундан сўнг божхона бошқармаси бошлиғи Б.Қутлимуратов сўзга чиқиб, туманнинг экспорт салоҳиятини ошириш, ҳудудга тўғридан-тўғри хорижий нвестицияларни жалб қилиш борасида амалга оширилиши лозим бўлган ишлар ҳақида ўз фикр мулоҳазалари билан ўртоқлашди. Шунингдек, бугунги кунда товарлар экспортини амалга оширишда тадбиркорлик субъектларига божхона назорати ва расмийлаштируви жараёнида яратилаётган қулайликлар ҳақида айтиб ўтди.

Шундан сўнг савол-жавобларга навбат берилди. Хусусан, Бекзод Рахматов томонидан у раҳбарлик қилаётган “Рахмат Беҳруз Орзуси” фермер хўжалигида балиқчиликни йўлга қўйиш учун четдан олиб келинадиган технологик асбоб-ускуналарга божхона тўловларидан қўлланиладиган имтиёзлар ҳақида маълумот сўралди. Ушбу саволга жавобан, четдан олиб келинадиган технологик асбоб ускуналарга 2013 йил 20 мартда Адлия вазирлигидан 2436-сон рақам билан рўйхатдан ўтган Қарорда келтирилган рўйхат асосида имтиёз берилиши айтиб ўтилди. Бунда, олиб келинган
асбоб-ускуналар божхона божи ва қўшилган қиймат солиғидан озод этилиши учун улар янги ҳолатда бўлиши, яъни уларни «эркин муомалага чиқариш» божхона режимига расмийлаштириш ушбу технологияларнинг ишлаб чиқарилганига 3 йилдан ортиқ  бўлмаган муддатда амалга оширилиши лозимлиги алоҳида қайд этилди.

Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил
3 февралдаги ПҚ-3505-сонли Қарорига асосан, 2020 йилнинг 1 январига қадар бўлган муддатда четдан олиб келинадиган ТИФ ТН коди 2309 90 бўлган балиқ комбикормлари божхона тўловларидан (божхона расмийлаштируви учун йиғим бундан мустасно) озод этилганлиги маълумот тариқасида айтиб ўтилди.

Ҳар қандай расмиятчиликдан холи кечган ушбу сайёр учрашувда фуқаролар томонидан нафақат божхона, балки банк, солиқ тизимига оид бир қатор саволлар берилди. Тадбир давомида берилган барча саволларга соҳа мутахассислари томонидан батафсил жавоб қайтарилди.

 

24.05.2019

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг