Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Юқори малакали кадрлар тайёрлаш – давр талаби
414
Самарқанд вилояти божхона бошқармасида Божхона институти курсантларининг ота-оналари билан 2018-2019 ўқув йили кузги семестри якунлари масаласига бағишланган учрашув ташкил этилди.
Юқори малакали кадрлар тайёрлаш – давр талаби

Унда бошқарма раҳбарияти, масъул божхона ходимлари ва курсантларнинг ота-оналари ҳамда яқинлари иштирок этди.

Самарқанд вилояти божхона бошқармаси бошлиғи Э.Салихов Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 2 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикаси божхона органлари кадрларини тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3995-сон қарори қабул қилиниб, божхона тизимини малакали кадрлар билан таъминлаш, бўлажак божхоначиларга жаҳон андозалари даражасида таълим бериш ва уларнинг малакасини ошириб бориш масаласига алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади.

Дарҳақиқат мазкур қарор мамлакатимизда божхона тизими учун кадрлар тайёрлашни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарди. Тизимда узоқ йиллардан буён ўз ечимини кутаётган муаммолар ҳал қилиниб, Олий ҳарбий божхона институти таркибий ва сифат жиҳатидан ислоҳ қилиниб, Божхона институтига айлантирилди.

Институтда божхона иши соҳасидаги халқаро стандартларни ҳисобга олган ҳолда янгича ўқитиш тизими шакллантирилди ҳамда икки босқичли “Божхона иши” ва “Юриспруденция (иқтисодий хавфсизликни ҳуқуқий таъминлаш)” таълим йўналишлари бўйича бакалаврлар ҳамда “Божхона иши (фаолият турлари бўйича)” ва “Солиқ ва божхона ҳуқуқи” мутахассисликлари бўйича магистрлар тайёрлаш имкони яратилди.

Шунингдек, божхона органлари тизими шахсий таркибининг юксак касбий маҳоратини ошириш, бошқарув кўникмасини ривожлантириш мақсадида божхона органлари раҳбар кадрларини тайёрлаш учун 3 ойлик “Божхона менежменти” олий курслари жорий этилди.

Учрашувда иштирокчиларга ДБҚ ахборот маркази томонидан тайёрланган Божхона институтида бугунги кунда яратилган имкониятлар, амалга оширилиб келинаётган янгиликлар ва ўқув-тарбиявий жараёнлари акс эттирилган видео лавҳа билан бир қаторда божхона органларида коррупция каби салбий иллатларни олдини олишга қаратилган профилактик видеофильм намойиш этилди.

Ота-оналар фарзандларининг семестр якунлари бўйича ўзлаштирган кўрсаткичлари ҳамда хизмат ва ўқув интизомига риоя қилиш ҳолати билан таништирилди.   

Учрашув якунида фарзандларининг келажагига бефарқ бўлмаган М.Тошмуродова,  Ф.Усмонов, Ш.Бердиалиева, Б.Ахмедов каби ўнлаб ота-оналар институтдаги таълим тарбия тизими ва уни янада такомиллаштириш юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди.

Йиғилиш иштирокчиларига таълим сифатини ошириш мақсадида билдирилган ўринли таклифлар ёзма равишда умумлаштирилиб, Божхона институтига юборилиши маълум қилинди.

25.05.2019

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг