Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг мева-сабзавот маҳсулотлари экспортёрларига МУРОЖААТИ
281
Ҳурматли тадбиркорлар! Серқуёш заминимизда миришкор деҳқонларимизнинг машаққатли меҳнати ва заҳмати билан етиштирилаётган турли хил мева-сабзавотларнинг донғи бутун оламга етган.

Бугун мева-сабзавотларимиз сифати ва таъми билан дунёнинг барча нуқталарига етиб бормоқда. Бунда уларни хорижга экспорт қилаётган Сиз тадбиркорларимизнинг ҳиссангиз беқиёсдир.

Шу боисдан ҳам Муҳтарам Президентимиз томонидан мамлакатимизда экспорт фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, бу борада барча бюрократик тўсиқларни бартараф этиш бўйича сўнгги 2,5 йил давомида бир қатор муҳим фармон ва қарорлар қабул қилиниб, деярли барча имкониятлар яратилди.

Буларнинг баридан кўзланган асосий мақсад эса Сизнинг экспорт салоҳиятингизни ошириш ва молиявий барқарорлигингизни таъминлашга қаратилган.

Жумладан, экспортдан тушган валюта тушумларини давлатга мажбурий сотиш талабининг бекор қилинганлиги Сизларга ўз даромадларингизни мустақил тасарруф этишингизга катта йўл очди.

Деярли барча товарларни, шу жумладан мева-сабзавотларни олдиндан тўлов, аккредитив, банк кафолати ёки суғурта полисисиз, шунингдек экспорт контрактини тузмасдан, инвойслар асосида экспорт қилишга рухсат берилганлиги эса маҳаллий маҳсулотларимизни янада қисқа муддатларда ташқи бозорларга етиб боришига кенг имкониятлар эшигини очди.

Ваҳоланки, илгари амалда бўлган ва ҳозирда бутунлай бекор қилинган мева-сабзавотларни божхона кўригидан ўтказиш, ушбу маҳсулотларни “Ўзагроэкспорт” акциядорлик жамияти томонидан эълон қилинаётган нархлардан паст бўлмаган нархларда экспорт қилиш,  экспорт контрактларини давлат идораларида ҳисобга қўйиш борасидаги талаблар ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларининг ҳам вақтини, ҳам маблағини сарфланишига сабаб бўлаётган эди.

2019 йилнинг 1 мартидан бошлаб, божхона расмийлаштируви жараёнига тўлақонли равишда жорий этилган “Хавфни бошқариш автоматлаштирилган тизими” кўмагида жорий йилнинг ўтган даврида экспорт режимига расмийлаштирилган 82 фоиз товарлар соддалаштирилган тартибда расмийлаштирилди.

Экспортёрларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашда солиқ ва божхона тўловларидан берилаётган имтиёз ва преференциялар ҳам муҳим аҳамият касб этади. Шу жиҳатдан келиб чиқиб, экспорт йўналишидаги имтиёзлар
ва преференциялар илгари фақатгина ўзи ишлаб чиқарган маҳсулотларни экспорт қилувчиларга қўлланилган бўлса, ҳозирда бу енгиллик ва қулайликлар барча экспортёрларга татбиқ этилганлиги ҳам муҳим янгиликдир.

Товарлар экспортида яратилган кенг имкониятларга қўшимча равишда, божхона органлари томонидан экспорт товарларининг божхона расмийлаштируви 24 соат давомида - туну кун амалга оширилмоқда.

Афсуски, давлатимиз томонидан кўрсатилаётган ғамхўрликни суистеъмол қилаётган айрим “тадбиркор”лар берилаётган имкониятлардан ғараз мақсадда фойдаланиб, ноқонуний даромад орттиришга уринишмоқда. Уларнинг қинғир қилмишлари эса божхона органлари томонидан ўз вақтида фош этилмоқда.

Масалан, 2019 йил 28 май куни Тошкент вилояти божхона бошқармасининг “Навоий” чегара божхона пости орқали қўшни давлатга чиқиб кетаётган юк автотранспортига қиймати 3 минг АҚШ долларига тенг 18,5 тонна “лавлаги” ортилганлиги маълум қилинган. Фарғона вилояти Қува шаҳридаги “З.Иномова” деҳкон хўжалигига тегишли ушбу маҳсулотлар мазкур постдаги инспекцион кўрик мажмуаси орқали сканердан ўтказилганида, автотранспорт воситасига ҳужжатларда кўрсатилмаган бутунлай бошқа маҳсулот – 13 минг АҚШ доллари қийматидаги 18.5 тонна “ўрик” ортилганлиги аниқланди.

Мазкур постда аниқланган яна бир худди шундай ҳолатда эса  Бухоро вилояти Вобкент туманидаги “New Azia-Business” МЧЖ томонидан экспорт қилинаётган, ҳужжатда 7 минг АҚШ долларига тенг салкам 20 тонна “редиска” сифатида қайд этилган маҳсулот аслида 25 минг АҚШ доллари қийматидаги 22 тонна “гилос” эканлиги аниқланди.

Ваҳоланки, ушбу товарларни божхона расмийлаштирувидан ўтказилиши жараёнида тақдим этилган божхона юк декларациялари “Хавфларни бошқариш” тизими томонидан “сариқ йўлак”ка йўналтирилиб, тадбиркорлик субъектларига ишонган ҳолда, товарлар божхона кўригидан ўтказилмасдан божхона расмийлаштируви учун 19 дақиқа вақт сарфланган холос.

Юқоридаги иккала ҳолатда қўшимча 28 минг АҚШ долларини, яъни
240 млн. сўмни ноқонуний ўзлаштиришга уринган “тадбиркор”лар нафақат ўзларига, балки ташқи бозорларга маҳсулот экспорт қилаётган ҳалол
ва қонунга итоаткор тадбиркорларимизга ҳам зиён етказишини ўйлаб кўришганмикан?!!

Бу каби ҳолатлар, мамлакатимиздан экспорт қилинаётган маҳсулотларга нисбатан хорижий давлатларнинг божхона хизматлари ҳамда бошқа назорат органларида ишончсизликни келтириб чиқариб, уларнинг хавф гуруҳига киритилишига ҳамда ҳалол ва виждонли тадбиркорларимизга нисбатан соддалаштирилган божхона тартиб-таомилларининг қўлланилмаслигига олиб келади. Бу эса экспорт маҳсулотларини хорижий давлатларда божхона расмийлаштирувидан ўтказишда божхона кўригининг 100 фоиз амалга оширилиши, уларнинг экспорт нархларини тўлиқ ўрганиш бошланиши, натижада маҳсулотларимизнинг ташқи бозорларга ўз вақтида кириб бормаслиги каби ноқулайликларни келтириб чиқаради.

Бундан ташқари энг асосийси, маҳсулотларимизнинг ташқи бозорлардаги нархи ошиб, рақобатсиз бўлиб қолишига сабаб бўлади.

Хўш, юқоридаги қонунбузилишларни содир этган “уддабуронлар”  қинғир хатти-ҳаракатлари билан нимага эришди?

Эндиликда улар томонидан амалга ошириладиган экспорт ва импорт операциялари “Хавфни бошқариш тизими”да юқори хавф даражасига мансублиги белгиланиб, “қизил” йўлакка йўналтирилади. Бу эса ушбу “тадбиркор”лар соддалаштирилган божхона  тартиб-таомилларидан муайян муддатга фойдалана олишмайди, пировардида божхона назорати
ва расмийлаштируви жараёнига сарфлайдиган вақти ва ҳаражатлари ошади деганидир.

Фурсатдан фойдаланиб, яна бир бор Сиз тадбиркорларни ҳалолликка      ва қонунларга итоаткор бўлишга чорлаб қоламиз!

Зеро, қонунга итоаткор тадбиркорлар ҳамиша қонун ҳимоясидадир!

 

 

Давлат божхона қўмитаси

 

31.05.2019

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг