Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Сайёр учрашувлар Фарғона вилоятида давом эттирилмоқда
196
Давлат божхона қўмитаси Раисининг биринчи ўринбосари А.Асамов бошчилигидаги ишчи гуруҳ Фарғона вилоятида фаолият кўрсатаётган тадбиркорлар билан сайёр учрашувлар ўтказиш мақсадида вилоятга ташриф буюрди.
Сайёр учрашувлар Фарғона вилоятида давом эттирилмоқда

Сайёр учрашувларни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад  вилоятнинг экспорт салоҳиятини янада ошириш, маҳсулотларни ташқи бозорларга чиқаришда экспортёр ташкилотларга вилоят божхона органлари томонидан кўрсатилаётган амалий ёрдам, яратилган шарт шароитлар билан яқиндан танишиш ҳамда учраётган муаммоларни жойида бартараф этишдан иборатдир.

Таъкидлаш жоизки, бугунги кунда вилоятнинг Олтиариқ туманидаги деярли барча хонадонлар тадбиркорлик билан банд. Вилоят божхона бошқармасининг ташаббуси билан “Марғилон” ТИФ божхона постининг мавсумий пункти туманнинг Қапчуғай МФЙда жойлашган “Мазали мева” МЧЖга қарашли музлатгич омбори ҳудудида ташкил этилиши вилоятнинг бошқа туманларидаги миришкорлар учун ҳам қулайлик туғдирмоқда.Ушбу пунктда “Ягона дарча” тамойили асосида иш ташкил этилган бўлиб, унда божхона органлари, ўсимликлар каратини инспекцияси, “Фарғонаэкспертиза” шўъба корхонаси, банк ходимлари ва божхона расмийлаштируви мутахассислари кечаю кундуз фаолият олиб бормоқдалар.

Зеро, етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилинишида божхона органлари томонидан божхона назоратини ўз вақтида ва сифатли амалга оширилиши муҳим омил хисобланади.

Дастлабки сайёр учрашув ҳам ушбу мавсумий божхона пунктида ташкил этилиб, унда тадбиркорлик субъектлари, божхона расмийлаштируви мутахассислари, брокерлик фирма раҳбарлари ва божхона ходимлари иштирок этишди.

Сайёр учрашувда Давлат божхона қўмитаси Раисининг биринчи ўринбосари А.Асамов сўзга чиқиб, вилоятнинг экспорт салоҳиятини янада ошириш, маҳаллий корхоналарнинг маҳсулотларини ташқи бозорга чиқаришда экспортёр корхоналар фаолиятида юзага келаётган муаммоларни бартараф этиш масалаларига тўхталиб, ташқи иқтисодий фаолиятни тартибга солиш борасида янги қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмун-моҳиятини батафсил тушунтириб ўтди.

Тадбиркорларимиз учун яратилган қулайликлар, хусусан, экспортдан тушган валюта тушумларини давлатга мажбурий сотиш талабининг бекор қилинганлиги экспортёрларнинг ўз даромадларини мустақил тасарруф этишига катта йўл очганлиги,  деярли барча товарларни, шу жумладан мева-сабзавотларни олдиндан тўлов, аккредитив, банк кафолати ёки суғурта полисисиз, шунингдек экспорт контрактини тузмасдан, инвойслар асосида экспорт қилишга рухсат берилганлиги маҳаллий маҳсулотларимизни янада қисқа муддатларда ташқи бозорларга етиб боришига кенг имкониятлар эшигини очганлиги таъкидлаб ўтилди.

Шунингдек, мева-сабзавотларни божхона кўригидан ўтказиш талабини бутунлай бекор қилинганлиги, товарлар экспортида яратилган кенг имкониятларга қўшимча равишда, божхона органлари томонидан экспорт товарларининг божхона расмийлаштируви 24 соат давомида - туну кун амалга оширилаётганлиги қайд этилди. 

Ушбу имкониятлардан унумли фойдаланиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилишда улар нархларини асоссиз равишда пасайтириб ёки ошириб кўрсатиш ҳолатларига чек қўйиш масаласига ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди.

Шунингдек, учрашувда тадбиркорлик субъектларининг маҳсулотларни экспорт қилишда юзага келаётган муаммолари ҳам тингланиб, уларга амалий ёрдам кўрсатилди.

Сайёр учрашув давомида “Мазали мева” МЧЖга қарашли музлатгич омборида тадбиркорлар томонидан хорижга экспорт қилиш учун мўлжалланган маҳсулотларнинг сақланиши ва бевосита экспорт жараёни билан ҳам яқиндан танишилиб, фаолиятни янада такомиллаштириш юзасидан зарурий тавсиялар берилди.

 

2.06.2019

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг