Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Давлат божхона қўмитасида халқаро экспертлар иштирокида семинар ташкил этилди
118
2019 йил 5-7 июнь кунлари Давлат божхона қўмитасида Жаҳон божхона ташкилоти билан ҳамкорликда миллий амалий семинар ташкил этилди.
Давлат божхона қўмитасида халқаро экспертлар иштирокида семинар ташкил этилди

Тадбирда Давлат божхона қўмитасининг Марказий аппарати, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти божхона бошқармалари, “Тошкент-АЭРО” ИБК ва Божхона институтининг 15 нафар ходимлари, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти, Ички ишлар вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати чегара қўшинлари, Транспорт вазирлиги ҳузуридаги фуқаро авиацияси агентлиги ҳамда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси вакиллари қатнашишди.

Семинарда Жаҳон божхона ташкилотининг халқаро экспертлари Тейо Кусума (Индонезия) ва Сертач Япичи (Туркия) иштирокчиларга йўловчилар ва уларнинг багажларининг назоратдан ўтказиш бўйича маъруза ва тақдимотлар қилишди.

Чегара-божхона постлари орқали ҳаракатланаётган жисмоний шахслар назоратини енгиллаштиришда йўловчилар ҳақида олдиндан маълумот бериш ва уларнинг ҳисобини юритиш бўйича ўзаро ахборот алмашинуви муҳим аҳамиятга эга.

Шу боисдан тадбирда мазкур ахборот алмашинувига доир пртокол ва унинг ҳуқуқий доираси бўйича идоралараро ҳамкорлик ҳамда манфаатдор томонларни кенг жалб қилишга қаратилган техник масалалар атрофлича муҳокама қилинди.

Ҳаво йўллари орқали ҳаракатланаётган йўловчилар оқимининг тобора ортиб бораётганлигини инобатга олсак, йўловчилар ҳақида олдиндан ахборот алмашинувининг йўлга қўйилиши чегарадаги назорат ва хавфни бошқариш жараёнининг самарадорлигини оширишга хизмат қилади.

Айни мақсадда Ўзбекистонда ҳозирда бу борадаги халқаро тажрибани ўрганиш ва уни келгусида амалиётга татбиқ этишга қаратилган идоралараро ишчи гуруҳ ташкил этилган.

Эслатиб ўтамиз, 2018 йил 1 январга қадар амалиётда республикамиз чегара-божхона постлари орқали ҳаракатланаётган барча жисмоний шахслар йўловчи божхона декларациясини тўлдиришар эди. Мазкур декларациялар эса йўловчиларнинг ҳисобини юритишда асосий манба бўлиб хизмат қилган.

2018 йилнинг 1 январидан бошлаб, республикамизнинг барча халқаро аэропортларида икки йўлакли (“яшил” ва “қизил”) тизимнинг жорий этилиши натижасида йўловчи божхона декларациясини барча жисмоний шахслар томонидан ялпи тўлдирилишидан воз кечилди.

Эндиликда декларация:

жисмоний шахслар томонидан товарларни олиб киришнинг божхона тўловлари ундирилмайдиган чекланган меъёрларидан ошадиган товарларга;

жисмоний шахснинг яшаш жойи ўзгарганда (аввалги яшаш жойидан ҳисобдан чиқарилганлиги тўғрисида қайд мавжуд бўлган ҳолда) унинг шахсий мол-мулки бўлган товарларга, бундан автотранспорт воситалари мустасно;

Ўзбекистон Республикаси Божхона кодексининг 158 ва 160-моддаларида кўрсатилган ҳолларда, жисмоний шахсларнинг нотижорат мақсадлардаги транспорт воситаларига;

қонун ҳужжатларига мувофиқ ёзма декларацияланиши лозим бўлган нақд кўринишдаги Ўзбекистон Республикасининг миллий валютаси ва валюта бойликларига;

жисмоний шахслар томонидан республика ҳудудидан товарларни олиб чиқишнинг чекланган меъёридан ошадиган товарларга;

қонун ҳужжатларига мувофиқ тегишли тақиқлар ва (ёки) чекловлар белгиланган товарларга нисбатан тўлдирилади.

Семинар иштирокчилари ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоблар олишди.

Тадбир якунида қатнашчиларга Жаҳон божхона ташкилотининг сертификатлари топширилди.

Давлат божхона қўмитаси

Ахборот хизмати

7.06.2019

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг