Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Тошкентда Марказий Осиё минтақавий иқтисодий ҳамкорлик дастури Божхона ҳамкорлиги қўмитасининг йиғилиши бўлиб ўтмоқда
166
2019 йилнинг 20-21 июнь кунлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган Марказий Осиё минтақавий иқтисодий ҳамкорлик дастури (CAREC) доирасида Божхона ҳамкорлиги қўмитасининг ўн саккизинчи йиғилиши ўз ишини бошлади.
Тошкентда Марказий Осиё минтақавий иқтисодий ҳамкорлик дастури Божхона ҳамкорлиги қўмитасининг йиғилиши бўлиб ўтмоқда

Пойтахтимиздаги Ёшлар ижод саройида ўтказилаётган мазкур йиғилишда Афғонистон, Грузия, Мўғулистон, Қирғизистон, Қозоғистон, Озарбайжон, Покистон, Тожикистон, Туркманистон, Ўзбекистон,  Хитой Халқ Республикаси божхона хизматлари, шунингдек Осиё тараққиёт банкининг 40 нафарга яқин вакиллари иштирок этмоқда.

Тадбирнинг очилиши маросимида иштирокчиларни Ўзбекистон Республикасига ташрифи билан қизғин қутлар экан, Давлат божхона қўмитаси Раисининг биринчи ўринбосари Анвар Асамов республикамизнинг божхона органларида амалга оширилаётган жадал ислоҳотлар, сўнгги янгиланишлар ва ўзгаришлар ҳақида қисқача тўхталиб ўтди.

Таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикасининг сўнгги йилларда яқин қўшни ва узоқ мамлакатлар билан тобора мустаҳкамланиб бораётган савдо-иқтисодий алоқалари божхона тартиб-таомилларини янада соддалаштириш ва халқаро стандартларга уйғунлаштиришни талаб этади.

Бунинг учун энг аввал божхона қонунчилигини янада такомиллаштириш, хусусан, Ўзбекистон Республикаси Божхона кодексининг янги таҳририни ишлаб чиқиш устида қизғин ишлар олиб борилмоқда.

Жорий йилнинг 1 мартидан бошлаб, божхона тизимида товар ва транспорт воситаларининг божхона назорати ва расмийлаштируви жараёнида (“яшил”, “сариқ”, “кўк” ва “қизил” йўлакларни назарда тутувчи) “Хавфни бошқариш тизими”нинг тўлақонли равишда ишга туширилиши нуфузли халқаро экспертлар томонидан ҳам муносиб эътироф этилмоқда.

Йиғилиш кун тартибида Марказий Осиё минтақавий иқтисодий ҳамкорлик дастури доирасида эришилган натижалар, 2030 йилга қадар савдо соҳасида интеграциялашган дастур ва уни амалга ошириш бўйича  Ўзгарувчан стратегик режа ижроси бўйича бажарилган ишлар ҳамда дастурга аъзо давлатларда божхона соҳасидаги илғор янгиликлар атрофлича муҳокама қилинади.

Шунингдек, Божхона ҳамкорлиги кенгашининг 2019-2021 йилларга мўлжалланган Дастури доирасида амалга оширилган ишлар ҳамда Осиё Тараққиёт банкининг дастурга аъзо мамлакатларда илғор янгиликларни амалиётга жорий қилиш бўйича кўрсатаётган техник кўмаги ўзаро муҳокама қилиниб, тасдиқланиши кутилмоқда.

Мезбон иштирокчи сифатида ушбу йиғилишда Ўзбекистон томони “Ягона ахборот макони: савдо жараёнларини соддалаштириш йўлида” шиори остида CARECга аъзо давлатларнинг божхона хизматлари ўртасида ягона ахборот тизимини жорий этиш таклифини илгари сурмоқда. Йиғилиш доирасида ушбу таклиф юзасидан делегатларнинг таклиф ва мулоҳазалари ҳам тингланади.

Марказий Осиё минтақавий иқтисодий ҳамкорлик (CAREC) дастури Осиё тараққиёт банкининг ташаббуси билан 1997 йилда ташкил қилинган бўлиб, бундан кўзланган мақсад Марказий Осиё давлатларининг бир қатор йўналишларда минтақавий ва кўптомонлама ҳамкорлигини янада кенгайтиришга қаратилган.

Мазкур йўналишлардан бири сифатида божхона соҳасидаги ҳамкорлик белгиланган бўлиб, бу божхона тизимидаги ислоҳотларни илгари суриш ҳамда божхона назорати ва расмийлаштируви жараёнларини модернизация қилишни назарда тутади.

Сўнгги йилларда Дастур ўз олдига қўйган мақсад ва вазифалари билан кўплаб мамлакатларда алоҳида қизиқиш уйғотди, натижада унга аъзо давлатлар географияси кенгайиб, ушбу лойиҳа минтақавий мақомдан халқаро мақомга кўтарилди.

2019 йилда Дастурга Ўзбекистон Республикаси раислик қилмоқда. Жорий йилнинг куз фаслида Тошкент шаҳри Дастурнинг олий органи - унга аъзо давлатларнинг ҳар йили бўлиб ўтадиган Вазирлар конференциясига мезбонлик қилади.

Шу жиҳатдан олиб қаралганда, 2019 йил 20-21 июнь кунлари бўлиб ўтаётган  Божхона ҳамкорлиги қўмитасининг ўн саккизинчи йиғилишини ҳам ушбу нуфузли тадбирга тайёргарлик деб баҳолаш мумкин.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикаси CAREC дастури ташкил қилинганидан буён фаол иштирок этиб келмоқда. Хусусан, мамлакатда 2002-2018 йиллар давомида Дастур доирасида қиймати 5 млрд. АҚШ долларини ташкил қилувчи илғор инвестицион лойиҳалар амалга оширилиши таъминланди.

Бунда энг аввало, минтақа давлатларининг жаҳоннинг асосий бозорларига қисқа йўллар билан тезкор равишда чиқишини таъминловчи самарали транспорт ва транзит коридорларини шакллантиришга қаратилган лойиҳаларга алоҳида эътибор қаратилди.

CARECнинг 2020 йилга қадар мўлжалланган стратегиясида эса Ўзбекистон Республикасида транспорт коммуникациялари, логистика ва божхона тизимларининг модернизациялаштириш соҳаларида қиймати 10,6 млрд. АҚШ долларини ташкил қилувчи 24 та инвестицион лойиҳаларни амалга ошириш кўзда тутилмоқда.

20.06.2019

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг