Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Журналистлар учун пресс тур: 1-кун тафсилотлари (Фоторепортаж)
475
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Халқ давлат идораларига эмас, балки давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак!” деган ғоя асосида давлат ва жамият ҳаётидаги муҳим масалалар бўйича матбуот анжуманларининг режасига мувофиқ Давлат божхона қўмитаси томонидан “Мамлакатимиз иқтисодиётига фаол инвестицияларни жалб этиш орқали тадбиркорлик фаолиятини янада ривожлантириш мақсадида божхона органларида яратилган қулайликлар ва бу борада белгиланган чора-тадбирлар” мавзусида матбуот анжумани ўтказилиши белгиланган.
Журналистлар учун пресс тур: 1-кун тафсилотлари (Фоторепортаж)

Божхона соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларни бевосита жойига чиқиб кўриш, божхона постлари ва тадбиркорлик субъектларининг корхоналарида бўлиб, бу соҳада жорий қилинаётган енгилликлар ва қулайликларнинг амалий натижалари билан танишиш муҳим аҳамият касб этади.

27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни арафасида Давлат божхона қўмитаси томонидан ушбу йўналишда кичик бир тажриба амалга оширилмоқда.

Яъни, телевидение, матбуот, радио ва Интернет бўйича 1 нафардан журналистлардан иборат кичик гуруҳлар шакллантирилиб, улар Тошкент шаҳар, Тошкент вилояти божхона бошқармалари ва “Тошкент-Аэро” ихтисослаштирилган божхона комплексига бириктирилди.

Ҳудудий божхона бошқармалари эса ушбу тақсимот асосида журналистларни  ташқи иқтисодий фаолият ва чегара-божхона постларига ҳамда чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналар бўйлаб, медиа-турни амалга оширишга киришишди.

Режага кўра, бу ишни Тошкент шаҳар божхона бошқармаси бошлаб берди. Пойтахтимизнинг ташқи савдо айланмаси тобора кенгайиб бораётганлиги Тошкент шаҳар божхона бошқармаси фаолиятидаги рақамларда ҳам ўзининг яққол ифодасини топмоқда.

2018 йилда Тошкент шаҳридан хорижга экспорт қилинган товарлар қиймати 3,3 млрд. АҚШ долларини ташкил этиб, 2017 йилга нисбатан 42 фоизга кўпайган.

Жорий йилнинг 5 ойида эса экспорт қилинган товарлар ҳажми қарийб 1,6 млрд АҚШ долларини ташкил этиб, 2018 йилнинг мос даврига нисбатан 35,1 фоизга кўпайган.

Пресс турда журналистлар дастлаб пойтахтимиздаги “Чуқурсой” ташқи иқтисодий фаолият божхона постида ҳам бўлишди.

Медиа турда журналистларга бугунги кунда мамлакатимизда амалга оширилаётган туб ислоҳотлар хусусан, ташқи иқтисодий фаолиятни янада либераллаштириш, экспортбоп маҳсулотларни кўпайтиришни рағбатлантириш, божхона расмийлаштируви жараёнини соддалаштириш, божхона маъмуриятчилигини такомиллаштириш, божхона назоратининг замонавий шакл ва усулларини жорий этиш борасида божхона органларида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳақида батафсил маълумотлар берилди.

Медиа тур аввалида журналистларга божхона органлари фаолиятига 2019 йилнинг 1 мартидан бошлаб, тўлақонли равишда фаолият юритаётган “Хавфни бошқариш тизими” ҳақида ҳам батафсил ахборотлар берилди.

Мазкур тизим асосида товар-транспорт воситаларининг  божхона назорати ва расмийлаштируви махсус йўлаклар – “сариқ”, “қизил”, “яшил” ҳамда “кўк” йўлаклар орқали амалга оширилмоқда.

Тизимнинг тўлақонли ишга туширилиши натижасида “ялпи” божхона назоратини ўтказишдан воз кечган ҳолда, хавф профиллари ёки тасодифий танлов асосида товар ва транспорт воситаларининг божхона назорати юқоридаги йўлаклардан бирига йўналтирилган ҳолда амалга оширилмоқда.

Бу эса ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари учун маъмурий тўсиқларни камайтиришга, божхона назорати хажмининг камайишига, сифатининг ошишига, ҳалол ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларини рағбатлантиришга хизмат қилмоқда.

Мазкур постда  жорий йилнинг ўтган 5 ойи давомида 18 мингга яқин божхона юк декларациялари расмийлаштирилган бўлса, шуларнинг деярли 12 фоизи “яшил” йўлак орқали, 49 фоизи эса соддалаштирилган тартибда “сариқ” йўлак орқали ҳаракатланган.

Божхона пости ходимлари томонидан ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларининг четдан келтирилган товарлари учун 768 млрд. сўм миқдоридаги божхона имтиёзлари қўлланилди, давлат бюджетига эса 730 млрд. сўм миқдоридаги божхона тўловлари ундирилди. Шу ердан туриб, тадбиркорларимизнинг ишлаб чиқарган салкам 54,3 млн. долларлик маҳсулотлари хорижга экспорт қилинган.

 “Сергели” ташқи иқтисодий фаолият божхона пости икки ой муқаддам “UzTex Tashkent” масъулияти чекланган жамият қўшма корхонаси ҳудудидаги янги бинода ўз фаолиятини бошлади.

Илгари шаҳарнинг чекка ҳудудида жойлашган пост энди марказга кўчди. Бу  ерда  божхона пости ходимлари томонидан темир йўл ва юк автотранспортда экспортга чиқиб кетаётган ҳамда кириб келаётган товарларнинг божхона назорати ва расмийлаштируви амалга оширилади.

Маъмурий бинода нафақат божхона пости, балки тадбиркорлар бепул асосда божхона юк декларацияларини тўлдиришга хизмат қиладиган - “фронт-офис”лар ҳамда турли сертификатлаштириш органлари фаолият юритиши учун барча шарт-шароитлар муҳайё қилинган.

Айни шу ҳудудда умумий майдони 12,3 минг м2.га тенг, тўлиқ инфратузилмага эга божхона омборлари ҳам мавжуд бўлиб, омборлар божхона назорати талабларига жавоб берувчи кузатув камералари билан жиҳозланди. 

Масалан, “Сергели” ташқи иқтисодий фаолият божхона постида жорий йилнинг ўтган 5 ойи давомида 15.9 мингдан ортиқ божхона юк декларациялари расмийлаштирилган бўлса, шуларнинг салкам 20 фоизи “яшил” йўлак, 53 фоиздан ортиғи эса “сариқ” йўлак орқали ҳаракатланган.

Ўтган давр мобайнида пост ходимлари томонидан давлат бюджетига 547,7 млрд. сўмлик божхона тўловлари ундирилган.

Шу куни журналистлар ташқи иқтисодий фаолиятда тадбиркорларимизга божхона соҳасида яратилаётган қулайликлар билан яқиндан танишиш мақсадида бир қатор корхоналарда ҳам бўлишди.

Жумладан, “National Products” корхонаси фаолияти билан танишув ҳам қизиқарли кечди.

Корхона Олмазор туманидаги Тошкент ўйинчоқлари фабрикаси негизида NBU Investment” масъулияти чекланган жамияти томонидан ташаббускор-инвесторлар билан биргаликда амалга оширилаётган 5 та лойиҳанинг бири ҳисобланади.

“National Products” корхонасида ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш учун 7 млн. АҚШ доллари қийматидаги хорижий инвестициялар ҳисобига четдан технологиялар келтирилди.

Асосан турли хил болалар ўйинчоқларини ишлаб чиқаришга мўлжалланган корхонада 53 нафар ёшлар меҳнат қилади. Келгусида бу ердаги иш ўринлари 150 тага етиши кўзда тутилган.

Шу вақтга қадар болалар ўйинчоқларини асосан четдан келтирилганинини ва ички бозорда бу каби товарларга эҳтиёж ҳамиша юоқри бўлишини инобатга олсак, корхонанинг истиқболи баланд дейиш мумкин.

«UZTEX» корхоналар гуруҳига кирувчи “UzTex Tashkent” масъулияти чекланган жамияти билан танишув ҳам таассуротларга бой бўлди.

Республикамиздаги тўқимачилик ва тикув-трикотаж соҳасининг етакчиларидан бири ҳисобланган мазкур корхона мамлакатимиз иқтисодиётига юқори сифатли тўқимачилик маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва хорижга экспорт қилиш билан катта ҳисса қўшиб келмоқда. Гуруҳга кирувчи 10 та корхонада бугунги кунда 10 минг нафардан ортиқ юртдошларимиз иш билан таъминланган бўлиб, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатларига экспорт қилиб келинмоқда.

- Шу вақтга қадар журналистлар учун кичик гуруҳларда пресс-турлар уюштирилмаган. – дейди радио журналист Дилором Каримова. - Медиа турларда журналистлар сони кўп бўлгани сабабли, ташкилотчилардан барча саволларга жавоб олишнинг имкони бўлмас эди. Натижада, берилган умумий маъулмотлар ва пресс релизлар билан кифояланишга мажбур бўлар эдик, мавзунинг ичига кириб бориш, ҳар бир детални пухта ўрганиш имкони бўлмасди. Аммо, кичик пресс турларда ташкилотчилар ҳар бир журналист билан индивудиал тарзда ишлашлари натижасида барча саволларга жавоб олиш имкони туғилди. Бу эса табиийки, биз томонимиздан тайёрланадиган материалларнинг янада батафсил ва таъсирчан бўлишига хизмат қилади.

Медиа-тур давомида журналистлар ўзларини қизиқтирган барча саволларга жавоб олишди.

Навбатдаги кичик пресс тур журналистларнинг янги гуруҳи учун 25 июнь куни – Тошкент виляти божхона бошқармаси томонидан уюштирилади.

Ҳусен Тангриев,

Давлат божхона қўмитаси

Ахборот хизмати бош инспектори

24.06.2019

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг