Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Журналистлар учун пресс тур: 2-кун тафсилотлари (Фоторепортаж)
400
Аввал хабар берганимиздек, 27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни арафасида Давлат божхона қўмитаси томонидан божхона соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларни бевосита жойига чиқиб кўриш, божхона постлари ва тадбиркорлик субъектларининг корхоналарида бўлиб, бу соҳада жорий қилинаётган енгилликлар ва қулайликларнинг амалий натижалари билан танишиш мақсадида журналистларнинг кичик гуруҳлари учун медиа турлар ўтказилмоқда.
Журналистлар учун пресс тур: 2-кун тафсилотлари (Фоторепортаж)

25 июнь куни Тошкент вилояти божхона бошқармаси томонидан уюштирилган медиа турда телевидение, матбуот, радио ва Интернет бўйича 1 нафардан журналистлар ташқи иқтисодий фаолият ва чегара божхона постларига ҳамда чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналарда бўлишди.

Тошкент вилояти юксак иқтисодий салоҳияти, улкан табиий ва инсоний ресурслари, ривожланган транспорт коммуникациялари билан мамлакатимиз тараққиётида етакчи ўрин тутади. Вилоятнинг географик жойлашувидан келиб чиқсак, бу ҳудудда ташқи иқтисодий фаолият ва инвестицион муҳит ривожида божхонанинг роли ҳам тобора ошиб бормоқда.

Журналистлар дастлаб «Ғишткўприк» чегара-божхона постида бўлишди. Муҳтарам Президентимиз ташаббуси билан Марказий Осиё минтақасида жойлашган барча давлатлар билан ўзаро ҳамкорлик, яқин қўшничилик ва савдо-иқтисодий алоқалар тобора ривожланиб бормоқда. Бу эса божхона чегаралари орқали ўтиб қайтаётган жисмоний шахслар оқимининг тобора ортаётганида ҳам намоён бўлди.

Биргина “Ғишткўприк” чегара-божхона пости мисолида оладиган бўлсак, 2016 йилда мазкур пост орқали ҳаракатланган фуқаролар 5,2 млн. нафарни ташкил қилган бўлса, 2018 йилда 10,2 млн. нафарга етди. 2019 йилнинг ўтган даври мобайнида эса 3 млн. нафар жисмоний шахслар ҳаракатланган.

Табиийки, чегара божхона постлари орқали ҳаракатланаётган йўловчилар оқимининг ортиши бу ерда мавжуд инфраструктура ва шароитларни янада яхшилаш ва кенгайтиришни тақозо этади. Айни шу заруратдан келиб чиқиб, “Ғишткўприк” чегара божхона постида яқинда янги бино фойдаланишга топширилди.

Бу ерда фуқароларнинг чегара ва божхона назоратидан ўтишлари учун барча шароитлар яратилган. Хусусан имконияти чекланган фуқаролар учун алоҳида йўлаклар ташкил этилган. Мамлакатимизда туризмни ривожлантириш мақсадида сайёҳлар учун ҳам алоҳида йўлаклар мавжуд. Бир сўз билан айтганда, бу ерда эндиликда бир кунда 40 минг нафар фуқароларнинг ҳаракатланишлари учун барча имконият юзага келди.

Тошкент вилоятининг юксак иқтисодий салоҳиятини тасдиқловчи яна бир факт - вилоятда ташқи савдо айланмаси тобора ортиб, унинг умумий қиймати 1,6 млрд. АҚШ долларидан ортди. Хўш, бу жараёнда ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларига қандай шарт-шароитлар яратилган?

Айни саволга жавоб излаш мақсадида журналистлар “Чирчиқ” ташқи иқтисодий фаолият божхона постида ҳам бўлишди. Журналистларга тақдим этилган маъулмотларга кўра, ўтган давр мобайнида пост ходимлари томонидан давлат бюджетига 201 млрд. сўмлик божхона тўловлари ундирилган.

“Чирчиқ” ташқи иқтисодий фаолият божхона постида жорий йилнинг ўтган 5 ойи давомида 4,6 мингдан ортиқ божхона юк декларациялари расмийлаштирилган бўлса, шуларнинг 28,2 фоизи “яшил” йўлак, 50,4 фоизи эса “сариқ” йўлаклар орқали расмийлаштирилган.

Хусусан, четга экспорт қилинган товарлар учун расмийлаштирилган экспорт божхона юк декларациялари сони 2,5 мингдан ортди Натижада, 88 млн. АҚШ долларидан ортиқ қийматидаги товарлар хорижга экспорт қилинди.

Бу натижаларга ўз-ўзидан эришилаётгани йўқ. Вилоятнинг экспорт салоҳиятини оширишда ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларига четдан келтирилган асбоб-ускуна, технологиялар ва хом-ашёлар учун биргина мазкур постнинг ўзида божхона тўловларидан салкам 77 млрд. сўмлик божхона имтиёзлари қўлланилган.

Ташқи иқтисодий фаолиятда тадбиркорларимизга божхона соҳасида яратилаётган қулайликлар билан яқиндан танишиш мақсадида журналистлар шу куни бир қатор корхоналарда ҳам бўлишди.

Чирчиқ шахридаги “COMPACT TEXTILES YARN” хорижий корхонаси 2017 йилдан буён фаолият юритади. Чирчиқ шахрида экспортни ривожлантиришга катта хисса қўшаётган ушбу корхонада 300 нафардан ортиқ ишчи ходимлар фаолият  юритмоқда.

Бу ерда пахта хом ашёсидан беш турдаги ип калаваларини ишлаб чикариш йўлга қўйилган. Шу боисдан келгусида корхонани кенгайтириш мақсадида яна қўшимча иш ўринлари очилишига харакат қилинмоқда. Ҳозирга қадар корхонага 16 млн. АҚШ доллари қийматидаги хорижий инвестициялар ҳисобига Швецариядан замонавий технологиялар келтириб ўрнатилган.

Жорий йил бошидан буён бу ерда ишлаб чиқарилган 3.5 млн. АҚШ доллари қийматидаги сифатли ип калавалар Россия, Туркия ва Хитойга экспорт қилинди.

Пресс тур давомида журналистлар шу ҳудудда жойлашган "Lukbo Tekstil" корхонаcида ҳам бўлишди. 2010 йилда ташкил топган мазкур корхонада  тайёр кийим-кечаклар ишлаб чиқарилади ва 1000 дан ортиқ иш ўринлари яратилган.

Жорий йил бошидан буён бу ерда ишлаб чиқарилган қиймати 4,5 млн. АҚШ долларидан ортиқ бўлган тайёр маҳсулотлар асосан Европа бозорларига экспорт қилинди.

Медиа-тур давомида журналистлар ўзларини қизиқтирган барча саволларга атрофилича жавоб олишди.

Навбатдаги кичик пресс тур журналистларнинг янги гуруҳи учун 26 июнь куни “Тошкент-АЭРО” ихтисослаштирилган божхона комплекси томонидан уюштирилади.

25.06.2019

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг