Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Божхона тизимида коррупцияга ўрин йўқ!
320
Ҳозирги глобаллашув замони, минтақалар ва давлатлараро интеграция жадаллашиб бораётган мураккаб бир шароитда коррупция барча мамлакатларда ҳам қатор муаммоларни келтириб чиқариб, жамиятни ич-ичидан емириб, пароканда қилиб ташлаш хавфини солмоқда.
Божхона тизимида коррупцияга ўрин йўқ!

Бинобарин, бугун каттами-кичикми, бойми-камбағалми, қудратлими-кучсизми биронта давлатни коррупциядан холи ҳудуд, деб айтолмаймиз. БМТ ва Халқаро валюта жамғармасининг маълумотларига кўра, жаҳон иқтисодиёти коррупция туфайли йилига 1,5-2,6 триллион долларгача зарар кўрмоқда.

Шу боис мамлакатимизда ҳам коррупцияга қарши кескин ва муросасиз кураш олиб борилмоқда. Хусусан, “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонуннинг қабул қилиниши, шунингдек Коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссиясининг ташкил этилиши ва коррупцияга қарши курашиш бўйича Давлат дастурлариининг қабул қилинаётганлиги юртимизда коррупция билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга қаратилган қатор чора-тадбирлар самарадорлигини оширишга хизмат қилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан жорий йил 27 май куни имзоланган “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ПФ-5729-сон Фармон бу борадаги изчил саъй-ҳаракатларнинг мантиқий давоми бўлиб, бундан кўзланган асосий мақсад юртимизда коррупцияга қарши курашиш тизими самарадорлигини янада ошириш, энг юқори даражадаги қулай инвестициявий ва ишбилармонлик муҳитини яратиш, мамлакатнинг халқаро майдондаги ижобий имижини ошириш ва мустаҳкамлашга қаратилган.

Мазкур Фармон билан 2019-2020 йилларда коррупцияга қарши курашиш давлат дастури қабул қилиниб, Коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссиясининг янгиланган таркиби тасдиқланди.

Албатта, мазкур Фармон ижроси доирасида Давлат божхона қўмитасида Раиснинг биринчи ўринбосари раҳбарлигида ва ҳудудий бошқармаларда эса бевосита бошқарма бошлиғи раҳбарлигида Коррупцияга қарши курашиш бўйича комиссиялар ташкил этилди.

Комиссия зиммасига бир қатор топшириқ ва вазифалар белгилаб берилди. Хусусан,

- коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги давлат ва идоравий дастурларнинг бажарилишини таъминлаш;

- божхона ходимларининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга, тизимда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантиришга доир чора-тадбирларнинг ишлаб чиқилиши ва амалга оширилишини ташкил этиш;

- божхона соҳасидаги коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, аниқлаш ва чек қўйишга, уларнинг оқибатларини, имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этишга доир чора-тадбирлар самарадорлигини оширилишини таъминлаш;

- тизимда коррупциянинг ҳолати ва тенденциялари тўғрисидаги ахборотларни йиғиш ҳамда таҳлил этиш;

- божхона соҳасидаги коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги қонун ва қонуности ҳужжатларини такомиллаштириш ва ушбу соҳадаги ишларни яхшилаш юзасидан таклифлар тайёрлаш;

- ҳар чоракда ДБҚ комиссиясининг йиғилишларини ўтказиш, йиғилишда коррупцияга қарши курашиш соҳасида коррупциянинг ҳолати, ўсиш суръатлари ҳамда тенденцияларини, коррупцияга қарши курашиш соҳасида олиб борилаётган давлат сиёсатининг самарадорлигини соҳалар
ва йўналишлар кесимида ўрганиш ва танқидий баҳолаш вазифаларини амалга ошириш юклатилди.

Мазкур топшириқ ва режалардан келиб чиқиб, жорий йилнинг 4 июнь куни ДБҚ Раиси ҳузурида Фармоннинг мазмун-моҳиятини тўлиқ англаш, унда қайд этилган мақсад ва вазифаларни ўз вақтида ижросини таъминлаш мақсадида шахсий таркиб иштирокида видеоконференция тарзида хизмат йиғилиши ўтказилди.

Мазкур йиғилишда, ДБҚ марказий аппарати ва ҳудудий бошқармалари, Божхона институти ва Миллий кинология маркази бошлиқларига коррупцияга қарши курашиш ва унинг олдини олиш чораларини кўриш масаласи биринчи даражадаги муҳим вазифа эканлиги юзасидан тегишли топшириқлар берилди.

Шу билан бирга, аниқлан ҳар қандай коррупцион ҳолат юзасидан бошқарувнинг вертикал тизими бўйича қатъий чоралар кўрилиши юзасидан барча раҳбарларга қатъий эслатмалар бериб ўтилди.     

“2019–2020 йилларда коррупцияга қарши курашиш Давлат дастури” ижроси юзасидан Давлат божхона қўмитасининг 36 банддан иборат
“2019-2020  йилларга мўлжалланган коррупцияга қарши курашиш дастури” ишлаб чиқилди ва ушбу дастур республика идоралараро комиссияси билан келишиб олинди.

Ҳозирда дастур ижроси доирасида белгиланган вазифаларнинг ижроси сўзсиз таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар изчил амалга оширилмоқда.

М.Юлдашев

Давлат божхона қўмитаси

Ўз хавфсизлиги бошқармаси ходими

2.07.2019

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг