Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Халқаро пресс клубда солиқ ва божхона имтиёзлари берилишини янада тартибга солиш чора-тадбирлари муҳокама қилинмоқда
323
Айни дақиқаларда пойтахтимиздаги “Ўзэкспомарказ” миллий кўргазмалар залида бўлиб ўтаётган Халқаро пресс-клубнинг навбатдаги сессиясида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 27 июндаги «Солиқ ва божхона имтиёзлари берилишини янада тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5755-сон Фармонининг мазмун-моҳияти атрофлича муҳокама қилинмоқда.
Халқаро пресс клубда солиқ ва божхона имтиёзлари берилишини янада тартибга солиш чора-тадбирлари муҳокама қилинмоқда

Халқаро пресс клубга жамланган тадбиркорлар ва журналистларнинг саволларига Давлат солиқ қўмитаси, Савдо ва саноат палатаси, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Давлат божхона қўмитаси ва бошқа бир қатор вазирлик ва идораларнинг раҳбарлари ҳамда масъул ходимлари батафсил жавоблар беришмоқда.

Таъкидланганидек, мазкур Фармон мамлакатимизнинг инвестициявий муҳитини янада яхшилаш, адолатли рақобат тамойилларини жорий этишни таъминлаш ҳамда солиқлар ва божхона тўловлари бўйича имтиёзлар бериш амалиётини тартибга солиш мақсадида қабул қилинган.

Ушбу ҳужжатга кўра, 2019 йил 1 августдан бошлаб,

- ягона ер солиғи тўловчиси ҳисобланган қишлоқ хўжалиги товарлари ишлаб чиқарувчилари ихтиёрий равишда қўшилган қиймат солиғини тўлашга ўтиши мумкин;

- календарь йили давомида хизматларни реализация қилишдан олган тушуми 100 миллион сўмдан ошган, бироқ бир миллиард сўмдан кўп бўлмаган телекоммуникациялар операторлари ва (ёки) провайдерларига воситачилик хизматларини кўрсатувчи якка тартибдаги тадбиркорлар хизмат ҳақи суммасидан 25 фоиз ставкада ягона солиқ тўловини тўлашга ўтади.

2019 йил 1 октябрдан бошлаб:

- бензин, дизель ёқилғиси ва газни ёқилғи қуйиш станциялари орқали охирги истеъмолчиларига сотадиган юридик шахслар, ушбу товарларни сотишдан тушумнинг миқдоридан қатъий назар, қўшилган қиймат солиғи тўловчилари ҳисобланади;

- товарларни импорт қилувчи тадбиркорлик субъектлари, товарларни (ишларни, хизматларни) сотишдан тушум миқдоридан қатъий назар, қўшилган қиймат солиғи тўловчилари ҳисобланадилар. Бунда товарларни биринчи марта импорт қилувчи тадбиркорлик субъектлари импорт шартномаси тузилган ойдан кейинги ойнинг 1 санасидан бошлаб қўшилган қиймат солиғи тўловчиси сифатида ҳисобга туриши шарт;

Қуйидагилар бўйича қўшилган қиймат солиғидан, шу жумладан, импорт қилинганда ҳам имтиёзлар бекор қилинади:

асбест, кўмир, ёғоч материаллари, ёғоч ва ундан тайёрланган буюмлар, углеводород хомашёси;

соя данаги, кунгабоқар ва кунжут уруғлари, мойли хомашё ва шакар хомашёси;

қишлоқ хўжалиги техникаси, автотранспорт воситалари, автотранспорт воситаларини ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган бутловчи буюмлар, материаллар ва технологик асбоб-ускуналар;

юридик шахсларнинг тижорат банкларига жойлаштирган маблағларидан фоиз кўринишида олинган тўлов манбаини фойда солиғидан озод қилиш бўйича имтиёзлар бекор қилинади.

Қўшилган қиймат солиғининг тўлақонли занжирини яратиш ва барча хўжалик юритувчи субъектлар учун тенг шароитларни таъминлаш мақсадида белгиландики:

2019 йил 1 октябрдан бошлаб ўзи ишлаб чиқарган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига ва Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилган озиқ-овқат маҳсулотларига нисбатан белгиланган қўшилган қиймат солиғи бўйича имтиёзлар бекор қилинади;

2019 йил январь ойидан сентябрь ойигача 1 миллиард сўмдан ортиқ пул айланмаси (тушуми)га эга бўлган ёки 50 гектардан ортиқ қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер майдонларига эга бўлган ягона ер солиғи тўловчилари қўшилган қиймат солиғи тўловчилари ҳисобланадилар ва белгиланган тартибда қўшилган қиймат солиғи тўловчиси сифатида рўйхатдан ўтишлари шарт. Бунда 2019 йил 1 октябрдан бошлаб белгиланган пул айланмаси (тушуми) чегаравий даражасига етган ягона ер солиғи тўловчилар ушбу даражага эришилган ойдан кейинги ойнинг 1 санасидан бошлаб қўшилган қиймат солиғини тўлашга ўтади;

пахта хомашёсини ишлаб чиқарувчилар 2019 йил ҳосилидан бошлаб қўшилган қиймат солиғини тўлашга ўтадилар. Бунда уларга 2018 йилнинг 1 октябридан илгари бўлмаган вақтда ҳақиқатда олинган ва пахта хомашёсини етиштириш учун ишлатилган товарлар (иш, хизматлар) учун тўланган қўшилган қиймат солиғи суммасини ҳисобга олиш ҳуқуқи берилади.

Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган озиқ-овқат маҳсулотлари қисми бўйича қўшилган қиймат солиғидан имтиёзга эга бўлган юридик шахсларга имтиёздан воз кечиш тўғрисида хабарнома бериш асосида, ушбу хабарнома берилган ойдан кейинги ойнинг 1 санасидан бошлаб қўшилган қиймат солиғини тўлаш ҳуқуқи берилди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси икки ҳафта муддатда қўшилган қиймат солиғининг киритилиши муносабати билан пахта хомашёсининг 2019 йил ҳосили учун янги харид нархларини тасдиқлайди;

Маҳаллий давлат ҳокимияти органларига, юридик шахсларининг мол-мулкига солинадиган солиқ, юридик шахслардан олинадиган ер солиғи ва ягона ер солиғининг тўлов муддатини 24 ойгача муддатга кечиктириш ваколати уларнинг мазкур солиқлар бўйича имтиёз бериш ҳуқуқини бекор қилган ҳолда берилади.

Солиқ тўловлари муддатини кечиктириш, солиқ қарздорлиги бўйича белгиланган пеня миқдоридаги фоизларни ундириш шарти билан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда берилиши назарда тутилди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси бир ой муддатда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан юридик шахсларга бериладиган солиқлар тўлаш муддатини кечиктириш тартибини тасдиқлайди.

Тадбиркорлик субъектларига нисбатан асбоб-ускуналар ва (ёки) бутловчи буюмлар етказиб бериш бўйича импорт шартномалари юзасидан муддати ўтган дебитор қарздорлик учун, агарда асбоб-ускуналар ва (ёки) бутловчи буюмларни етказиб бериш муддати уларнинг техник хусусиятлари ва ўзига хослигидан келиб чиққан ҳолда 180 кундан ортиқ бўлса, молиявий жазо чоралари қўлланилмайди.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Давлат божхона қўмитаси бошқа манфаатдор идоралар билан биргаликда халқаро молия институтлари консультантлари ва мустақил экспертларни жалб қилган ҳолда 2019 йил 1 августга қадар божхона имтиёзларини бериш тартибини тубдан қайта кўриб чиқиш, шунингдек, илгари берилган имтиёзларни бекор қилиш бўйича

қўшилган қиймат солиғи тўловчиси бўлган хўжалик юритувчи субъектларга товарларни олиб кирганда, шунингдек, иш (хизмат)ларни импорт қилганда импорт қилинган товарлар (иш, хизматлар) учун қўшилган қиймат солиғидан имтиёз ўрнига 120 кунгача бўлган муддатга қўшилган қиймат солиғини тўлашни кечиктириш механизмларидан фойдаланишни;

технологик асбоб-ускуналар учун божхона имтиёзларини бериш механизмини такомиллаштириш ва оптималлаштиришни алоҳида эътиборга олган ҳолда таклифлар киритади.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистонда божxона божлари миқдорини ўзгартириш тўғрисидаги қарор бозорнинг ушбу маҳсулот билан таъминланганлиги ва истеъмолчига қайси нархда етиб бориши каби жиҳатларни батафсил ўргангандан кейин амалга оширилади.

Хўш, мамлакатимизда ундириладиган божхона божи ставкаларининг ўртача қиймати қанча?

Ўзбекистон Республикасида божxона божи ставкаларининг ўртача арифметик қиймати 5,6% ни, МДҲ ва Евроосиё Иқтисодий Иттифоқига аъзо давлатларда эса 8,8% ни ташкил қилади.

Мамлакатимизга олиб кириладиган товарлар ташқи иқтисодий фаолият товар номенклатураси(ТИФ ТН)га мувофиқ 11295 та позицияга тақсимланган бўлиб, шулардан 7096 та товар позициясига божхона божи ставкаси “0” қийматда, 2127 та товар позициясига “10%”, 1287 та товар позициясига эса “20-30%” ва 27 та товар позициясига “70%” этиб белгиланган.

Инвестиция ва ташқи савдо вазирлиги ва бир қатор бошқа идоралар томонидан тариф сиёсатини босқичма-босқич ўзгартирилиши, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга ўз маҳсулоти сифатини яxшилашга ҳамда тариф ва нотариф таъсирларни якуний босқичда xалқаро бозорга уйғунлаштириш имконини беради.

Давлат божхона қўмитаси

Ахборот хизмати

3.07.2019

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг