Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Жиззахнинг мазали қовунлари дунё бозорларидан жой олмоқда
211
Сир эмаски, серқуёш заминимизда етиштирилган қовун маҳсулотининг бозори чаққон. Негаки, қовун нафақат ширин таъми билан, балки инсон саломатлигига фойдали жиҳатлари билан ҳам аҳамиятлидир.
Жиззахнинг мазали қовунлари дунё бозорларидан жой олмоқда

Шу боис, ўзбек қовунига бугун Қозоғистон, Қирғизистон, Россия, Тожикистон ва Украина давлатлари бозорларида талаб юқори бўлмоқда. Бу эса ўз маҳсулотини жаҳон бозорларига олиб чиқишни мақсад қилган ишбилармон юртдошларимиз учун қулай имконият демакдир.

Жиззах вилояти мисолида сўзимизни давом эттирамиз. Бугунги кунда вилоятда фаолият юритиб келаётган “Total Energy” хусусий корхонаси томонидан жорий йилги мавсумнинг шу даврига қадар қарийб 95 тоннага яқин қовун маҳсулоти Россия Федерациясига экспорт қилинди.

Бу ҳали бошланиши холос. Сабаби, корхона раҳбарининг сўзларига кўра, жорий йилги ҳосилнинг ижобийлиги ва экспортга яратиб берилаётган қулай имкониятлардан унумли фойдаланиб мавсум давомида ушбу экспорт кўрсаткичини яна 4-5 баробарга ошириш режалаштирилган.

Шу ўринда тадбиркорлик фаолияти ва мавжуд имкониятлар бўйича қисқача изоҳга тўхталамиз. Ҳақиқатдан ҳам бугун тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланмоқчи бўлган юртдошларимиз учун улкан имкониятлар эшиги очилган.  

Mуҳтарам Президентимизнинг 2018 йил 17 октябрда имзолаган “Мева-сабзавот маҳсулотларини ташқи бозорларга чиқариш самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ҳам ушбу соҳани ривожлантиришга қаратилган навбатдаги қадам бўлди.

Жумладан, эндиликда юридик шахслар – мева-сабзавот маҳсулотлари экспорт қилувчилари мева-сабзавот маҳсулотлари экспортини дастлабки тўловсиз, аккредитив очмасдан, банк кафолатини расмийлаштирмасдан ҳамда экспорт шартномасини сиёсий ва тижорат хавфларидан суғурта полисисиз амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлдилар.

Шунингдек, тадбиркорлик субъектлари улгуржи савдо қилиш лицензиясига эга бўлмасдан мева-сабзавот маҳсулотлари экспортини ҳам амалга ошира оладилар. Бунда якка тартибдаги тадбиркорларнинг мева-сабзавот маҳсулотлари экспорт тушумларига ягона солиқ тўлови тўланишини назарда тутувчи солиққа тортиш тартиби қўлланилади.

Қолаверса, экспорт қилинадиган мева-сабзавот маҳсулотлари эндиликда божхона кўригидан ўтказилмайди (божхона қонун ҳужжатлари бузилиши хавфи белгилари аниқланган ҳолатлар бундан мустасно).

Юқорида таъкидлаганимиздек, юртимизда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш учун барча шароит ва имкониятлар етарли. Фақатгина бундан самарали ва унумли фойдаланиш лозим, холос.

Божхона ходимлари эса экспортёрлар фаолиятини доимо қўллаб-қувватлайдилар.

6.07.2019

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг