Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Фуқароларга одам савдоси жиноятининг оқибатлари тушунтириб берилди
810
Одам савдоси – инсон, унинг шаъни ва қадр-қиммати, у кечираётган осойишта турмуши ҳамда келажагига хавф солаётган уюшган жиноятчилик кўринишларидан бири бўлиб, ўзининг чегара танламаслиги ҳар вақт катта ташвиш ва хавотир уйғотиб келмоқда.
Фуқароларга одам савдоси жиноятининг оқибатлари тушунтириб берилди

Ушбу жиноят ноқонуний даромад манбаи ва ижтимоий хавфининг юқорилиги жиҳатидан гиёҳванд моддалар савдоси, қурол-яроғ сотишдан сўнг учинчи ўринда туради. Шу боис, мамлакатимизда одам савдосига қарши курашиш соҳасида қонунчилик, маданий-маърифий, жабрланувчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

         Бугунги кунда одам савдосини юзага келтирувчи омилларни бартараф этиш, аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини янада шакллантириш мақсадида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликдаги ишлар давом эттирилиб, тарғибот-ташвиқот ишлари кучайтирилмоқда.

Яқинда вилоят божхона бошқармаси ходимлари томонидан жойларда одам савдосига қарши курашиш мавзусида давра йиғилишлари ташкил этилди. Жумладан, бошқарма таркибидаги чегара ва ташқи иқтисодий фаолият божхона постларида, шунингдек божхона ходимлари томонидан ўз ўзини бошқариш идораларида фуқаролар иштирокида йиғилишлар ўтказилди.

Хусусан, “Қарши тола”, “Қамаши-Ғузор”, “Талимаржон” ва бошқа ташқи иқтисодий фаолият божхона постларида фуқароларга, шу билан бирга  “Қарши аэропорти” ва “Қарши-Керки” чегара божхона постлари орқали хорижий давлатларга кетаётган ва чет мамлакатлардан келаётган   шахсларга одам савдоси жинояти ва унинг салбий оқибати бўйича кенг кўламдаги тушунтириш ишлари олиб борилди.  

 Шунингдек, йиғилишларда ҳамда профилактик суҳбатларда асосий эътибор одам савдосига имкон берувчи шароитлар, юзага келиш омиллари, ушбу жиноят жабрдийдаларига айланиб қолмаслик бўйича тушунтиришлар бериб ўтилди.

                                                                             Контрабанда ва божхона қонунчилиги бузилишига қарши курашиш бўлими бошлиғи Н.Авлоқулов

        

28.07.2018

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг