Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Тадбиркорларга Фармон мазмун-моҳияти тушунтирилди
273
Давлат божхона қўмитаси Тошкент шаҳар божхона бошқармасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 27 июнда қабул қилинган «Солиқ ва божхона имтиёзлари берилишини янада тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5755-сон Фармонининг мазмун-моҳиятини етказиш мақсадида давра суҳбати ташкил этилди.
Тадбиркорларга Фармон мазмун-моҳияти тушунтирилди

Тадбирда Давлат божхона қўмитаси, Тошкент шаҳар божхона бошқармаси мутахассислари, Молия вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси, Савдо-саноат палатаси вакиллар, ташқи иқтисодий фаолият қатнашчилари ҳамда оммавий ахборот воситалари иштирок этишди.

Тадбиркорлар билан мулоқотга киришар экан, Тошкент шаҳар божхона бошқармаси бошлиғи Б.Дадаматов давлатимиз томонидан мамлакатимизда рақобатбардош ишлаб чиқаришни рағбатлантириш, тадбиркорликни ва соғлом рақобат муҳитини қўллаб-қувватлаш, мамлакатнинг экспорт салоҳиятини кенгайтириш ва рағбатлантириш ҳамда ички бозорни сифатли истеъмол товарлари билан таъминлашга йўналтирилган солиққа тортиш ва божхона-тариф тизимини тартибга солиш борасида олиб борилаётган чора-тадбирлар ҳақида сўз юритди.

Тадбир давомида мамлакатимизнинг инвестициявий муҳитини янада яхшилаш, адолатли рақобат тамойилларини жорий этишни таъминлаш ҳамда солиқлар ва божхона тўловлари бўйича имтиёзлар бериш амалиётини тартибга солиш мақсадида қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 27 июндаги «Солиқ ва божхона имтиёзлари берилишини янада тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5755-сон Фармонининг  мазмун-моҳияти ҳақида батафсил тўхталиб ўтилди. Ушбу Фармоннинг 1-бандига мувофиқ:

2019 йил 1 октябрдан бошлаб қуйида келтириб ўтилган товарлар импортида қўшилган қиймат солиғи бекор қилинади:

– асбест, қўмир, ёғоч ва тахта маҳсулотлари, углеводород хом ашёси;

– соя уруғи, кунгабоқар ва кунжут уруғи, ёғ мой хом ашёси, шакар хом ашёси;

– қишлоқ хўжалиги техникалари, автотранспорт воситалари, автотранспорт воситаларини ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган бутловчи қисмлари, материал ва технологик жиҳозлари.

Мазкур Фармоннинг 10-бандига мувофиқ, Молия вазирлиги ва Давлат божхона қўмитаси бошқа идоралар билан ҳамкорликда халқаро экспертларни жалб қилган ҳолда божхона тўловларидан имтиёз бериш тартибини батафсил кўриб чиқиш, аввал берилган имтиёзларни бекор қилиш бўйича 2019 йилнинг 1 августига қадар таклиф киритиш, бунда асосий эътиборни қўйидагиларга қаратиш кўзда тутилган:

– қўшилган қиймат солиғи тўловчиси бўлган хўжалик юритувчи субъектларга товарларни олиб кирганда, шунингдек, иш (хизмат)ларни импорт қилганда импорт қилинган товарлар (иш, хизматлар) учун қўшилган қиймат солиғидан имтиёз ўрнига
120 кунгача бўлган муддатга қўшилган қиймат солиғини тўлашни кечиктириш механизмларидан фойдаланишни;

– технологик асбоб-ускуналар учун божхона имтиёзларини бериш механизмини такомиллаштириш ва оптималлаштириш.

Шунингдек, Фармонга мувофиқ, 2019 йил 1 октябридан 22 та ҳужжатнинг солиқ ва божхона имтиёзларига тегишли бандларини бекор қилиш, ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш назарда тутилган.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Мамлакатнинг озиқ-овқат хавфсизлигини янада таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида” 2018 йил 16 январдаги ПФ-5303-сон Фармонига асосан 2020 йил 1 январга қадар муддатга божхона тўловлари тўлашдан озод қилинадиган озиқ-овқат маҳсулотлари ва хом ашёларнинг айрим турлари Рўйхатида тирик йирик қорамол, тирик қўй ва эчкилардан ташқари йирик қорамол гўшти, қўй ёки эчки гўшти, картошка, гуруч, соя ловияси, кунгабоқар уруғи, кунжут уруғи ва шакар хом ашёсига қўшилган қиймат солиғи бўйича имтиёзлар татбиқ қилинмаслиги белгиланди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 29 мартдаги “Ўзбекистон Республикасида мева-сабзавотчиликни жадал ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-5388-сон Фармони билан  мева-сабзавот маҳсулотларини ташишга ихтисослашган транспорт воситаларига ташқи иқтисодий фаолият товар номенклатураси (ТИФ ТН)  кодлари — 870120, 870421, 870422, 871639) берилган божхона имтиёзлари бекор қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Хорижий инвестициялар иштирокида «Женерал Моторс Ўзбекистон» корхонасини барпо этиш тўғрисида” 2008 йил 21 февралдаги ПҚ-800-сон қарори билан божхона тўловларидан имтиёз қўлланилиши белгиланган «Женерал Моторс Ўзбекистон» ЁАЖ, «Ўзавтосаноат» АК, шунингдек 1-иловага мувофиқ рўйхат бўйича «Женерал Моторс Ўзбекистон» ЁАЖ автомобилларини ишлаб чиқаришда ишлатиладиган бутловчи буюмлар, материаллар ва технологик жиҳозлар ишлаб чиқарувчи бошқа корхоналар томонидан олиб келинадиган маҳсулотларга қўшилган қиймат солиғи бўйича имтиёзлар татбиқ этилмайди.

 Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Мамлакат иқтисодиётининг тармоқларини талаб юқори бўлган маҳсулот ва хом ашё турлари билан барқарор таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида” 2018 йил 17 январдаги ПҚ-3479-сон қарори билан тасдиқланган 2020 йил 1 январга қадар муддатга импорт қилишда божхона тўловларини тўлаш бўйича имтиёз бериладиган (божхона расмийлаштируви учун йиғимлар бундан мустасно) маҳсулот, хом ашё ва материалларга  қиймат солиғи бўйича имтиёзлар татбиқ этилмаслиги белгиланди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари фаолиятини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 2018 йил 26 апрелдаги ПҚ-3680-сон қарори 13-бандга мувофиқ 2019 йил 1 октябрдан бошлаб Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган ва унинг ҳудудига четдан келтириладиган қишлоқ хўжалиги техникаси ҳамда қишлоқ хўжалиги транспорт воситалари белгиланган тартибда тасдиқланадиган рўйхат бўйича 2021 йил 1 январга қадар божхона тўловларидан (қўшилган қиймат солиғи ва божхона расмийлаштируви учун тўловлардан ташқари) озод қилинади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ёғ-мой тармоғини янада ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар ва соҳани бошқаришда бозор механизмларини жорий этиш тўғрисида” 2019 йил 16 январдаги ПҚ-4118-сон қарори билан божхона тўловларидан озод қилинган ўсимлик ёғи ишлаб чиқариш мақсадида импорт қилинадиган ёғ-мой хом ашёлари ҳажми ТИФ ТН кодлари 1201 — 1207 гуруҳи қўшилган қиймат солиғи бўйича имтиёзлар татбиқ этилмаслиги белгиланди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Юк ва йўловчи ташиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2019 йил 6 мартдаги ПҚ-4230-сон қарорининг 9-бандига кўра, 2022 йил 1 январга қадар:

локомотивлар, темир йўл вагонлари ва бутловчилар (ТИФ ТН коди 8601 — 8607), барча типдаги юк контейнерлари (ТИФ ТН коди 8609), учиш аппаратлари (ТИФ ТН коди 8802) божхона тўловларидан (божхона йиғимларидан ташқари);

ишлаб чиқарилганига 4 йилдан ошмаган, юк ташиш учун мўлжалланган транспорт воситалари (ТИФ ТН коди 8701 20, 8704 21 (рефрижераторлар), 8704 22, 8704 23 (самосваллардан ташқари), 8716 31, 8716 39) ва авиация ёқилғиси божхона тўловларидан (қўшилган қиймат солиғи ва божхона расмийлаштируви йиғимлари бундан мустасно) озод қилинади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Донни қайта ишловчи корхоналарни қўшимча равишда қўллаб-қувватлаш ва уларнинг экспорт салоҳиятини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2018 йил 24 августдаги 684-сон қарорига мувофиқ 2020 йил 1 январига қадар божхона тўловлари тўлашдан озод қилинадиган буғдой маҳсулотларига нисбатан қўшилган қиймат солиғи бўйича имтиёзлар татбиқ этилмаслиги белгиланди.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистонда божxона божлари миқдорини ўзгартириш тўғрисидаги қарор бозорнинг ушбу маҳсулот билан таъминланганлиги ва истеъмолчига қайси нархда етиб бориши каби жиҳатларни батафсил ўргангандан кейин амалга оширилади.

Инвестиция ва ташқи савдо вазирлиги ва бир қатор бошқа идоралар томонидан тариф сиёсатини босқичма-босқич ўзгартирилиши, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга ўз маҳсулоти сифатини яxшилашга ҳамда тариф ва нотариф таъсирларни якуний босқичда xалқаро бозорга уйғунлаштириш имконини беради.

Тадбир давомида иштирокчиларга божхона соҳасида қабул қилинган янги  қонун ҳужжатлари етказилди ҳамда божхона соҳасида қабул қилинаётган янги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари жамоатчилик муҳокамасига қўйиб келинаётганлиги таъкидланиб, мазкур муҳокамаларда ташқи иқтисодий фаолият қатнашчиларининг ҳам фаол қатнашишлари лозимлиги таъкидлаб ўтилди.

Давра суҳбати  якунида иштирокчиларга божхона органлари туну-кун иш режимида ишлаётганлиги, экспортни ривожлантиришда тадбиркорларга доимий кўмаклашувчи ташкилот эканлиги ҳамда ҳар қандай масалаларни қонуний ҳал этишда кўмакдош эканлиги яна бир бор таъкидланди. Ҳар бир масала юзасидан божхона бошқармаси раҳбарияти ва тегишли бўлимларига мурожаат қилишлари мумкинлиги, тез фурсатларда тегишли амалий ёрдам кўрсатилиши ҳамда божхона қоидабузарликлари ҳақида  Давлат божхона қўмитасининг қисқа рақамли “11-08” ишонч телефонига қўнғироқ қилишлари мумкинлиги таъкидлаб ўтилди.

17.07.2019

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг