Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Қашқадарёда тадбиркорлар иштирокида учрашувлар ўтказилди
86
Қашқадарё вилоятининг Қарши шаҳри ҳамда Шаҳрисабз, Косон туманларида давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 27 июндаги "Солиқ ва божхона имтиёзлари берилишини янада тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармони мазмун-моҳиятини тадбиркорларга етказиш бўйича учрашув ўтказилди. Учрашувларда божхона ва солиқ бошқармалари масъул ходимлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда тадбиркорлар иштирок этишди.
Қашқадарёда тадбиркорлар иштирокида учрашувлар ўтказилди

Йиғилишларда Фармон имзоланиши билан мамлакатимизда инвестициявий муҳитни янада яхшилаш, адолатли рақобат тамойилларини жорий этишни таъминлаш ҳамда солиқлар ва божхона тўловлари бўйича имтиёзлар бериш амалиётини тартибга солишда муҳим ҳужжат бўлганлиги тўғрисида сўз юритилди.

Жорий йилнинг 1 октябридан бошлаб асбест, кўмир, ёғоч ва тахта маҳсулотлари, углеводород хом ашёси, соя уруғи, кунгабоқар ва кунжут уруғи, ёғ мой хом ашёси, шакар хом ашёси ҳамда қишлоқ хўжалиги техникалари, автотранспорт воситалари, автотранспорт воситаларини ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган бутловчи қисмлари, материал ва технологик жиҳозлари импортида қўлланиладиган қўшилган қиймат солиғи бекор қилинади.

Шунингдек, 2019 йил 1 октябрдан бошлаб, бензин, дизель ёқилғиси ва газни ёқилғи қуйиш станциялари орқали сотадиган юридик шахслар ҳамда товарларни импорт қилувчи тадбиркорлик субъектлари қўшилган қиймат солиғи тўловчилари ҳисобланадилар.

– Бугунги кунда ўзимизда маҳсулот ишлаб чиқарганлар қўшилган қиймат солиғи тўлаяпти, лекин айрим турдаги маҳсулотларни импорт қилувчилар ундан озод этилган эди, - дейди вилоят божхона бошқармаси Божхона тўловлари бўлими бошлиғи Фарҳод Мирзаев. – Ички бозорми ёки ташқи, ҳаммага бир хил шароит яратиш учун импорт қилувчилардан ҳам божхона тўловлари тўлаш бўйича имтиёзлар олиб ташланаяпти. Бу билан юқорида айтиб ўтилганидек, ишлаб чиқарувчилар ўртасида адолатли рақобат тамойилларини жорий этиш таъминланади.

Учрашув давомида тадбиркорларни қизиқтирган қатор масалалар бўйича атрофлича тушунтиришлар берилди.

22.07.2019

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг