Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Одам савдоси – мудҳиш жиноят
196
Бугунги кунга келиб xалқаро тeрроризм, наркотраффик ва одам савдоси сингари трансмиллий жиноятларнинг инсон хавфсизлигига хуруж қилаётгани боис, улардан жабр чекаётганлар, афсуски, кўпчиликни ташкил этмоқда. Ҳудуд ва чeгара билмайдиган бу жиноятларнинг ҳар бири жамият тараққиёти ва давлатлар ривожига жиддий xавф туғдирмоқда. Улар орасида айниқса, одам савдосидек оғир жиноят инсон ҳаёти, эркинлиги ва ҳуқуқларини поймол қилиб, унинг эрки, тақдири ва келажагини оёқ ости қилиши билан нақадар жирканч кўринишга эга эканлигини алоҳида таъкидлаш лозим.

Самарқанд вилояти божхона бошқармаси томонидан тегишли ташкилот ва идоралар билан ҳамкорликда Пахтачи тумани Маданият уйида “Огоҳ бўлинг, одам савдоси” мавзусида профилактика тадбири ўтказилди.

Унда туман ҳокимининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосари Ж.Болтаев, Ўзбекистон ёшалар иттифоқи туман кенгаши раиси Ш.Халилов, вилоят божхона бошқармаси Суриштирув ва маъмурий амалиёт бўлими бош инспектори Ф.Ахроров ҳамда бошқарма ходимлари И.Тожалиев ва Ғ.Бобоевлар иштирок этишди.

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 24 моддасида, “Яшаш ҳуқуқи ҳар бир инсоннинг узвий ҳуқуқидир. Инсон ҳаётига суиқасд қилиш энг оғир жиноят”, деб эътироф этилган.

Учрашувда таъкидлаганидек, бугунги кунда одам савдоси билан боғлиқ жиноятлар жаҳон ҳамжамиятида жиддий ташвиш ва хавотирларни келтирмоқда. Энг ачинарлиси, бу жиноятни содир этувчиларнинг ҳам, бундан жабр кўрувчиларнинг ҳам муддаолари енгил йўл билан даромад топишдир.

Мамлакатимизда ушбу жиноят одамни ёллаш, ташиш, топшириш, яшириш каби кўринишларда намоён бўлади. Унга қарши курашиш, илдизига болта уриш учун тегишли ишлар амалга оширилмоқда. Муаммонинг асл сабабларидан бири шуки, кўпчилик атрофдаги воқеаларга бепарво ёки одам савдосининг кўринишлари билан боғлиқ маълумотларга ҳали тўлиқ эга эмас. Орамизда алдовлар ва мўмай даромад ҳақидаги пуч ваъдаларга ишониб, хориждан иш топаман деб ўз ҳаётини хавф остига қўяётганлар ҳамон учраб турибди.

Мамлакатимизда ҳам одам савдосининг айрим кўринишлари мавжуд. Бу жирканч иш билан шуғулланаётганлар асосан мўмай пул топиш илинжида юрган йигит-қизларни ўз домига тортмоқдалар. Маълумки, одам савдосига қарши курашиш, унинг олдини олиш, аниқлаш, чек қўйиш, оқибатларини бартараф этиш, жабрланганларга ёрдам кўрсатиш учун аввало ҳуқуқий асос мустаҳкам бўлиши керак. Шунинг учун парламентимиз 2008 йил БМТнинг бу борадаги конвенция ва протоколларини ратификация этиш ҳақидаги, “Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида”ги Қонунни қабул қилди. Президентимизнинг “Одам савдосига қарши курашиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори эса соҳадаги ишларни янги босқичга олиб чиқишда муҳим аҳамият касб этди.

Одам савдосига қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссияси ташкил этилди. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг одам савдосига қарши курашиш билан боғлиқ саъй-ҳаракатлари самара бериб, қатор одамфурушларнинг ноқонуний ишлари фош этилмоқда.

Тадбирда Ф.Авазов, Г.Хайруллаева каби маҳалла фаоллари мавзу юзасидан ўз фиклари билан ўртоқлашишди.

Фурсатдан фойдаланиб, иштирокчиларга атрофимизда ана шундай жирканч ишлар билан шуғулланиб юрганлар бўлса вилоят божхона бошқармасининг (66) 233-63-00 рақамли “Ишонч телефони”га қўнғироқ қилишлари мумкинлиги эслатиб ўтилди.

Мана шу юрт фуқаросиман деган ҳар бир шахс бу каби разилликларга қарши биргаликда курашса, ҳеч кимдан кам бўлмаган ва кам бўлмайдиган жамиятни барпо этишдек эзгу мақсадга тезроқ етишамиз.

Самарқанд вилояти божхона бошқармаси

Ахборот хизмати

26.07.2019

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг