Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Тадбиркорларга божхона ва солиқ қонунчилигидаги сўнгги янгиликлар тушунтирилди
60
Солиқ ва божхона тўловлари давлат бюджетини асосий қисмини ташкил қиладиган манбалар ҳисобланади. Шу боисдан ҳам, мамлакатни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан ривожлантиришда, тадбиркорлик субъектлари учун қулай ва адолатли ишбилармонлик муҳитини яратишда ва ҳатто халқ фаровонлиги таъминлашда ҳам солиқ ва божхона сиёсатининг аҳамияти катта.
Тадбиркорларга божхона ва солиқ қонунчилигидаги сўнгги янгиликлар тушунтирилди

Қайд этиш лозимки, сўнгги йилларда бу борада мамлакатимизда ҳам бир қатор ишлар амалга ошириб келинмоқда. Масалан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 31 майдаги “Имтиёзлар ва преференциялар бериш тартибини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ПҚ-3756-сон Қарорида индивидуал имтиёзлар ва преференциялардан фойдаланувчи хўжалик юритувчи субъектларда боқимандалик кайфияти шакллангани, шунингдек, улар ишлаб чиқарган маҳсулотлар рақобатбардош эмаслиги алоҳида қайд этилган эди. Шу боисдан, ушбу қарорга асосан солиқ ва божхона имтиёзлари ҳамда преференциялар қонунлар ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳужжатлари билан умуман тармоқлар, фаолият соҳалари, ҳудудлар учун берилиши, шунингдек, аниқ мақсадга эга бўлиши ҳамда аниқ ижтимоий, иқтисодий ва молиявий натижаларга эришишни таъминлаши зарурлиги белгиланди. Шу билан биргаликда, индивидуал имтиёзлар, алоҳида ҳолларда, хусусий сектор инвестиция киритишдан манфаатдор бўлмаган тармоқларда ижтимоий аҳамиятга эга лойиҳаларни амалга ошириш учун, аниқ ижтимоий ёки иқтисодий асослар мавжуд бўлганда ёхуд Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳужжатлари билан берилиши Қарорда ўз ифодасини топди.

Бундан ташқари,Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 27 июндаги “Солиқ ва божхона имтиёзлари берилишини янада тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида” ПФ-5755-сон қарорида ҳам солиқлар ва божхона тўловлари бўйича имтиёзлар бериш амалиётида бир қатор ўзгаришлар рўй берди. Мазкур қарорга асосан 2019 йил 1 октябрдан бошлаб товарларни импорт қилувчи тадбиркорлик субъектлари, товарларни (ишларни, хизматларни) сотишдан тушум миқдоридан қатъи назар қўшилган қиймат солиғи тўловчилари ҳисобланишлари, бунда, товарларни биринчи марта импорт қилувчи тадбиркорлик субъектлари импорт шартномаси тузилган ойдан кейинги ойнинг 1 санасидан бошлаб қўшилган қиймат солиғи тўловчиси сифатида ҳисобга туриши лозимлиги белгиланди.

Солиқ ва божхона тўловларидан имтиёз қўллаш тартибида рўй бераётган бу каби ўзгаришларни кенг жамоатчиликка етказиш, янги тартиботларнинг турлича талқин этилишини олдини олиш мақсадида Навоий вилояти божхона ва солиқ бошқармалари томонидан тадбиркорлик субъектлари иштирокида давра суҳбати ташкил этилди.

Тадбирда вилоятнинг корхона, ташкилот вакиллари, ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари, ОАВ вакиллари иштирок этишди. Дастлаб, йиғилганларга масъул ходимлар томонидан солиқ ва божхона соҳасида қабул қилинган сўнгги меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар мазмун-моҳияти етказилди. Шундан сўнг, тадбиркорлар томонидан солиқ ва божхона имтиёзларини қўллаш бўйича берилган бир қатор саволлар берилди.

Учрашув сўнгида божхона органларининг асосий вазифаларидан бири тадбиркорлик субъектларининг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш эканлиги яна бир таъкидланиб, божхона соҳасига оид мурожаатлар бўлган тақдирда туну-кун фаолият юритувчи Давлат божхона қўмитасининг 11-08 қисқа рақамли ҳамда Навоий вилояти божхона бошқармасининг 79-223-08-65 рақамли ишонч телефонларига мурожаат этишлари мумкинлиги айтиб ўтилди.

31.07.2019

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг