Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Қонунчиликдаги божхонага доир янгиликлар билан танишинг!
350
Божхона соҳасига доир қонунчиликдаги сўнгги янгиликлар ва ўзгаришлар билан танишинг!

Божхона кирим ордерининг шакли ва уни тўлдириш қоидаларига ўзгартиришлар киритилди. Мазкур ўзгартиришлар Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2019 йил 15 июлда 2856-2 рақам билан рўйхатдан ўтказилди. Қоидаларда кўлланилган «энг кам ойлик иш ҳақининг» деган сўзлар «базавий ҳисоблаш миқдорининг» деган сўзлар билан алмаштирилди. Мазкур қарор 2019 йил 1 сентябрдан кучга киради.

****

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 15 июлдаги “Хоразм вилоятининг илмий-техник ва инновацион салоҳиятини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” 585-сон қарори билан ташкил қилинаётган Урганч давлат университети ҳузуридаги «Хоразм» инновацион технопарки резидентлари ва Дирекциясига Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Тошкент шаҳрининг Яшнобод туманида инновация технопаркини ташкил қилиш тўғрисида» 2017 йил 5 июндаги ПФ-5068-сон Фармонининг 10-бандида назарда тутилган солиқ ва божхона имтиёзлари татбиқ этилади. «Яшнобод» инновация технопарки ва «Хоразм» технопарки резидентлари учун назарда тутилган солиқ ҳамда божхона имтиёзлари фақат Тошкент шаҳри ва Хоразм вилояти ҳудуди доирасида амалга ошириладиган ишлаб чиқариш (хизмат кўрсатиш) фаолиятида қўлланилади.

****

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 16 июлдаги 591-сон қарори билан “Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқариладиган реализация қилиш оборотлари қўшилган қиймат солиғидан озод этиладиган озиқ-овқат маҳсулотлари рўйхати”га ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқариладиган, шунингдек, 2019 йил 1 октябргача  импорт қилинадиган гўшт (мол, қўй, товуқ), шунингдек, ҳайвонлар (қорамол ва парранда) тирик ҳамда уларни сўйиш маҳсулотлари ушбу рўйхатга киритилди.

****

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси автомобиль саноатини жадал ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 2019 йил 18 июлдаги ПҚ-4397 сон қарорига биноан автомобиль саноатининг инвестициявий жозибадорлигини, шу жумладан мотор транспорт воситалари ва уларнинг бутловчи буюмларини ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи барча корхоналар учун солиқ ва божхона режимларини унификациялаш йўли билан ошириш 2019 — 2023 йилларда Ўзбекистон Республикаси автомобиль саноатини ривожлантиришнинг асосий кўрсаткичларидан бири этиб белгиланди.

Қарор билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 29 июндаги «Ўзбекистон Республикасининг ташқи иқтисодий фаолиятини янада тартибга солиш ҳамда божхона-тариф жиҳатдан тартибга солиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-3818-сон қарори билан тасдиқланган  Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириладиган, акциз солиғига тортиладиган товарларга акциз солиғи ставкаларига  қўшимча киритилди. Яъни, фақат электр двигатель ёрдамида ҳаракатга келтириладиган транспорт воситалари учун акциз солиғи ундирилмайди.

Қарор билан тасдиқланган 2019-2020 йилларда Ўзбекистон Республикаси автомобиль саноатини янада ривожлантириш бўйича «Йўл харитаси»га кўра 2019 йил 1 октябрга қадар  импорт бўйича локал маҳаллий корхоналарни, шунингдек, маҳаллий етказиб берувчиларни ҚҚС тўлашдан озод этган ҳолда божхона тозалаш тартиб-таомилини ўтказиш йўлга қўйилиши белгиланди.

****

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 19 июлдаги ПҚ-4399 сон қарорига биноан Халқаро тикланиш ва тараққиёт банки иштирокида «Фарғона водийсида қишлоқ тадбиркорлигини ривожлантириш» лойиҳасини амалга ошириш маъқулланди. Умумий қиймати 300,6 млн АҚШ доллари эквивалентидаги лойиҳада Ўзбекистон Республикасининг улуши — 100,6 млн АҚШ долларини ташкил қилади. Шундан, солиқ ва божхона тўловлари бўйича имтиёзлар  36 млн. 769 минг 90 АҚШ доллари эквивалентини ташкил этади.

****

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “2019 — 2021 йилларда Навоий вилоятининг Ғозғон шаҳрини комплекс ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2019 йил 22 июлдаги 611-сон қарорига биноан  «Ўзсаноатқурилишматериаллари» уюшмасига Навоий вилояти ҳокимлиги билан биргаликда икки ой муддатда республика ҳудудида мармар ва гранит тошларни қазиб олиш ва қайта ишлашга ихтисослашган янги ва модернизация қилинадиган ташкилотлар томонидан олиб келинадиган асбоб-ускуналар, техника, транспорт воситалари, бутловчи ва эҳтиёт қисмлар, шунингдек Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган зарур хом-ашё ва материалларни 2021 йил 1 январга қадар божхона тўловларидан озод қилиш (божхона расмийлаштируви учун тўловлардан ташқари) ҳамда лойиҳа ташаббускорлари таклифлари асосида импорт қилинадиган асбоб-ускуналар, техника, бутловчи ва эҳтиёт қисмларни божхона тўловидан озод этиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига аниқ таклифлар киритиш юклатилди.

****

Андижон вилоятининг транзит салоҳиятини ошириш мақсадида Хонобод шаҳри орқали Қирғизистон Республикасининг Жалолобод вилояти йўналишидаги автомобиль йўли очилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “2019 — 2022 йилларда Андижон вилоятининг саноат салоҳиятини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 2019 йил 24 июлдаги 622-сон қарорига биноан Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Давлат божхона қўмитаси, Транспорт вазирлиги ва Давлат хавфсизлик хизматининг чегара қўшинлари билан биргаликда бир ой муддатда Қирғизистон томони билан муҳокама қилган ҳолда, ушбу масалани пухта ўрганиб чиқиб, натижаси бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритиш юклатилди.

****

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш ва озиқ-овқат саноатини янада ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2019 йил 29 июлдаги ПҚ-4406 сон қарорига биноан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси бир ой муддатда Осиё тараққиёт банки иштирокида “Мева-сабзавотчилик тармоғида қўшилган қиймат занжири инфратузилмасини ривожлантириш”лойиҳасини амалга ошириш бўйича қарор қабул қилади.

Умумий қиймати 244,75 млн АҚШ доллари эквивалентидаги мазкур лойиҳада Ўзбекистон Республикасининг улуши солиқ ва божхона тўловлари бўйича имтиёзлар бериш, инвестиция даврида молиявий харажатларни тўлаш ва бошқа сарф-харажатларни инвестиция даврида молиялаштириш эвазига жами 47,75 млн. АҚШ доллари эквивалентини ташкил этади.

Белгиланишича, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги хусусий секторни кенг жалб қилган ҳолда агрологистика комплекслари ва марказларида қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларини халқаро талаблар асосида, сифат ва хавфсизлик кўрсаткичлари бўйича тўлиқ синовларни ўтказиш имкониятига эга бўлган лабораториялар, божхона терминаллари ва бошқа хизматларни йўлга қўйиш бўйича манфаатдор вазирлик ва идоралар фаолиятини мувофиқлаштириб боради.

Қарор билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 29 июндаги ПҚ-3818-сон “Ўзбекистон Республикасининг ташқи иқтисодий фаолиятини янада тартибга солиш ҳамда божхона-тариф жиҳатдан тартибга солиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори 2-иловасидан “8418 69 000 9” ва “8415 81 001 0” позициялар чиқариб ташланди.

****

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Пиллачилик тармоғида чуқур қайта ишлашни ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2019 йил 31 июлдаги ПҚ-4411 сон қарорига биноан 2022 йил 1 августга қадар “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси таркибидаги корхоналар томонидан ипак қурти уруғларини, истисно тариқасида,”божхона ҳудудидан ташқарида қайта ишлаш” божхона режимига жойлаштиришга рухсат берилди ҳамда олиб чиқилиши натижасида тайёрланган пиллаларни республика ҳудудига олиб киришда божхона тўловларидан (божхона йиғимларидан ташқари) озод этилди.

****

Шунингдек, қонунчиликдаги янгиликлар билан ДБҚнинг Телеграмдаги расмий ахборот канали орқали ҳам танишиб боришнгиз мумкин.

2.08.2019

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг