Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш ўқув жараёнидан бошланади
296
Тараққиёт йўлига жиддий тўсиқ бўлиб, жамият ривожи, соҳалар юксалишига бевосита таҳдид туғдирадиган асосий иллат бу – коррупциядир.

Шу боис мамлакатимизда мустақилликнинг илк йилларидан бу иллатни таг-томири билан йўқотиш, бу борадаги ҳуқуқий асосларни янада мустаҳкамлашга жиддий эътибор қаратилиб келинди.

Бу борадаги ишларнинг мантиқий давоми сифатида “Коррупцияга қарши кураш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг қабул қилиниши билан порахўрлик, мансабдан фойдаланган ҳолда қонунни суистеъмол қилиш, таниш-билишчилик, қариндош-уруғчилик асосида давлат ташкилотларида иш ташкил қилиб, истеъдодли кадрларнинг ўсишига тўсиқ бўлиш, жисмоний ҳамда юридик шахсларнинг давлат томонидан қонун билан кафолатланган ҳолда берилган ҳуқуқларини бузиш, ўз вазифаси бўйича белгиланган мажбуриятларини бажаришни пайсалга солиб, таъмагирлик қилиш каби ҳолатларда бундай қабиҳликларни амалга оширганлар учун давлатнинг қатъий жазоси муқаррарлиги аниқ-равшан белгиланди.

 Кучли фуқаролик жамияти сари қадам қўйиб бораётган Ўзбекистонимиз ҳаётида бу Қонуннинг амалга тадбиқ этилиши тараққиёт ривожига катта ҳисса қўшувчи омил бўлиши шубҳасиз.

Мазкур қонун билан аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш, давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида коррупциянинг олдини олишга доир чора-тадбирларни амалга ошириш, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни ўз вақтида аниқлаш, уларга чек қўйиш, уларнинг оқибатларини, уларга имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни содир этганлик учун жавобгарликнинг муқаррарлиги принципини таъминлаш каби қатор устивор йўналишлар белгилаб берилди. Менимча, шу йўналишлар бўйича фикр­лашсак, «коррупцияни енгса бўладими?» деган саволга жавоб топишимиз осонроқ бўлади.

Демак, коррупциясиз жамиятга бошловчи энг асосий шартлардан бири бу - юксак ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданият, жамиятдаги коррупцияга нисбатан муросасиз муҳитни шакллантиришдир.

Ҳуқуқий онг, ҳуқуқий маданиятни юксалтиришда узлуксиз ва самарали тарғибот билан аҳолини қонун ҳужжатларидан хабардор қилиб бориш, уларда қонунга ҳурмат руҳини тарбиялаш, ўз ҳуқуқ ва бурчларини англатиш орқали шахсни камол топтириш мақсад қилинади. Сўнгги вақтларда мазкур йўналишда интенсивлик кўзга ташлана бошлади. Мисол тариқасида деярли барча ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларининг ахборот каналлари орқали, масалан Адлия вазирлигининг «Ҳуқуқий ахборот» лойиҳаси орқали юртдошларимизга кундалик ҳаётида, ҳар вақт ва ҳар жойда зарур бўладиган маълумотлар етказилаётганини айтиб ўтиш жоиз.

Қонун билан белгилаб берилган мазкур устувор йўналишлар бўйича амалга оширилаётган тизимли ишларни давом эттириш, аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини ошириш, жамиятда коррупциясиз муносабатни шакллантириш ишларини янада кучайтириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2019 йил 27 майдаги ПФ-5729-сон Фармони қабул қилинганлиги барчамизга маълум. Ушбу Фармон билан “Коррупциясиз соҳа” лойиҳасини амалга оширишнинг дастлабки босқичида капитал қурилиш ва таълим соҳаларининг танланганлиги ҳам бежизга эмас. Зеро, таълим соҳаси аҳоли ўртасида коррупцияга қарши ташвиқот ишларини юритишда, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантиришда, одамлар онгини унга ўрнашиб олган коррупциявий орзу-ҳаваслардан тозалашда муҳим ўрин тутади.

Бир сўз билан айтганда, коррупцияга қарши курашиш бу - давлат таълим стандартлари доирасида ишлаб чиқилган ва таълим муассасаларида коррупцияга қарши нуқтаи назарни шакллантириш, тингловчиларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ва ҳуқуқий маданиятини оширишга қаратилган махсус дастурлари асосида жамият ва давлат манфаатлари йўлида амалга оширилиши лозим бўлган таълимнинг мақсадли жараёнидир.

Бизнинг бундай ёндошувимиз, табиийки, жамиятимизда коррупция билан боғлиқ муаммоларнинг мавжудлиги ҳуқуқий саводхонликнинг паст даражадалиги ҳамда ҳуқуқий нигилизмнинг юқори даражадалиги билан боғлиқ деган фикрга асосланади.

Ёшлар орасида ҳуқуқий нигилизмни бартараф этиш учун эса, энг аввалло бундай ҳодисаларни келиб чиқишига сабаб бўладиган омилларни аниқлаш лозим бўлади. Бизнингча ҳуқуқий нигилизмни вужудга келтирувчи қуйидаги бир неча омилларни санаб ўтиш мумкин:

айрим ёшларда ҳуқуқий билимларнинг етишмаслиги;

ёшлар орасида амалга ошириладиган таълим-тарбия жараёни устидан самарали назоратнинг ўрнатилмаганлиги;

Республикамизда олиб борилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг туб моҳияти ҳақида ёшларимизнинг етарли даражада ахборотлаштирилмаганлиги;

ёшлар орасида ҳуқуқий онг ва маданиятни тарғибот қилиш натижалари етарли таҳлил қилинмаётганлиги ва бунда ёшлар фикрини ўрганувчи турли хил давлат ва нодавлат тузилмаларининг
етарли тарзда ташкил этилмаганлиги;

қонунга итоаткор шахсни “давр қаҳрамони ”сифатида жамиятда ўз ўрнини топиши учун зарур мафкуравий ва тарғибот-ташвиқот ишларининг етарли эмаслиги;

Бизнингча, шу ва бошқа муаммоларни бартараф этиш, аҳолининг олтмиш фоизини ёшлар ташкил этадиган бизнинг мамлакатимизда айниқса долзарб аҳамиятга эга.

Ушбу тизимли муаммоларни ижобий ҳал этилишининг ҳамда жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантиришнинг ягона ва энг самарали йўли бу таълим тизими орқали амалга ошрилишидир.

Шу билан бир қаторда, таълим соҳасининг ўзида коррупция ҳолатларининг мавжудлиги эса, ёш авлоднинг келажакда коррупцион жамиятни шакллантиришига замин бўлиб хизмат қилади. Буни Кадрлар тайёрлаш миллий дастурида белгиланган узлуксиз таълим тизимининг барча турларида, хусусан, мактабгача таълимдан тортиб, кадрлар малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш, шунингдек мактабдан ташқари таълимгача кузатиш мумкин. Мактабгача таълим муассасасида ёки мактабда таълим-тарбия бериш даражасининг пастлиги, албатта, таълимнинг бошқа босқичларида ҳам ўз салбий таъсирини ўтказмай қолмайди. Айниқса, ўтган давр мобайнида таълим соҳасида профессор-ўқитувчилар орасида малакали кадрларнинг етишмаслиги, иқтисодий ночорликнинг мавжудлиги, маълумоти ёки илмий даражасини тасдиқловчи ҳужжат билан амалдаги билим-савиянинг кескин фарқ қилиши, айнан таълим-тарбия учун масъул шахсларнинг ўзи маънавий баркамол эмаслиги таълим соҳасидаги коррупциянинг шаклланиши ва авж олишига олиб келди.

Шу ўринда таълим тизимини тартибга солишда мавжуд коррупциявий омиллар бу каби ҳолатларнинг юзага келишига имкон яратиб берди. Хусусан, таълим соҳасига оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатларидаги “мумкин”, “эҳтимол”, “ҳуқуқига эга”, “қоида тариқасида” ва шу каби бошқа жумлалар билан қайд этиладиган дискрецион норматаларнинг мавжудлиги, қарорларни қабул қилишнинг шароитлари ва асосларининг мавжуд эмаслиги, турлича талқин қилишга имконият яратадиган нормаларнинг мавжудлиги каби коррупцияни келтириб чиқарувчи омиллар сифатида санаб ўтишимиз мумкин. Шу билан бирга, таълим бошқарувида ҳам, таълим бериш тизимида ҳам таълим олувчилар ва таълим берувчилар учун бажарилиши қийин бўлган ёки оғирлаштирилган талабларни қўйилиши ҳам ўз навбатида коррупция омилини кучайтиради. Хусусан, бунинг айрим кўринишларини келтириб ўтишимиз мумкин:

Биринчидан, таълим муасасаларининг ва уларда таълим олувчилар квотасининг мавжудлиги;

Иккинчидан, таълим берувчиларнинг ижодий эркинлигини рағбатлантирувчи омилларнинг мавжуд эмаслиги, умуман олганда таълим иштирокчиларининг эркинлигини чеклашга олиб келиши мумкин бўлган, уларнинг хатти-ҳаракатлари ва фаолиятининг сабабсиз ва асоссиз тартибга солинишида ифодаланиладиган муносабатларнинг ҳаддан ташқари ортиқча ҳуқуқий тартибга солинганлиги;

Учинчидан, таълим олувчиларнинг ўз қизиқиш ва даражаларига кўра, таълим муассасига қабул қилиш ва ўқитиш тизимининг шаклланмаганлиги;

Тўртинчидан, таълим берувчилар фаолиятида уларнинг зиммасига тушунарсиз, бажариш учун эҳтиёж бўлмаган мажбуриятларнинг юклатилиши;

Бешинчидан, таълим бошқарувида ҳуқуқ ва эркинликларни чеклашга қаратилган ва юклатилиши қонун ҳужжатлари нормалари билан асослантирилмаган талабларнинг ўрнатилиши;

Олтинчидан, таълим тизимини соҳавий потенциалга эга бўлмаган, фақатгина тегишли маълумотга эга эканлигини тасдиқловчи ҳужжати асосида кадрлар билан тўлдирилиши кабилар.

Айтиш лозимки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 11 ноябрдаги ПҚ-3995-сон қарори билан Давлат божхона қўмитасининг Божхона институти қайта ташкил этилди.

Мазкур қарор билан Институтда коррупцияга қарши кураш, унга сабаб бўладиган шарт-шаротиларни бартараф этиш юзасидан бир қатор ишлар  амалга оширилди. Жумладан, Институт ходимларига Махсус жамғарма маблағлари ҳисобидан лавозим маошининг 70 фоизи миқдорида ойлик устама белгиланди. Институт профессор-ўқитувчилари шахсий таркиби божхона органлари педагогик маҳоратга эга ходимлар ҳамда ўз соҳасида мутахассис бўлган кадрлар ҳисобидан янгиланди.

Институтнинг Қайта тайёрлаш ва малака ошириш факультетида барча қайта тайёрлаш ва малака ошириш курслари учун якуний имтиҳонлар Давлат божхона қўмитасининг “Онлайн-тест” автоматлаштирилган ахборот дастури ёрдамида қабул қилинадиган бўлди, бу эса ўз навбатида имтиҳонларда мавжуд инсон омилининг йўқолишига олиб келди.

Шу билан бирга ҳозирги вақтда, Институтда тингловчилар ва курсантларнинг давоматини онлайн назорат қилиш бўйича кузатув камералари ўрнатилган ва электрон давоматни юритиш журнали ишлаб чиқилмоқда.

Таълим жараёнида бевосита Институт курсантларининг ота-оналари, божхона хизмати фахрийлари иштирокида профессор-ўқитувчилар таркиби ва курсантлари ўртасида коррупция профилактикаси ва унинг олдини олиш бўйича алоҳида тадбирлар режаси ишлаб чиқилди.

Шунингдек, Институтнинг Қайта тайёрлаш ва малака ошириш факультетида барча қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларида “Коррупцияга қарши курашнинг халқаро ҳуқуқий асослари ва миллий қонунчилик” мавзусида ўқув машғулотлари таълимнинг аралаш шаклини қўллаган ҳолда ўтказиб келинмоқда. Бош прокуратура академияси, Ички ишлар академиясининг етакчи мутахассислари билан ҳамкорликда бир вақтнинг ўзида 750 дан зиёд амалиётчи ходимларни ишдан узилмаган ҳолда масофавий шаклда ўқув машғулотларини ўтказилганлиги ҳам юқордаги фикримизнинг яққол ифодасидир.

Шу билан бирга ўқув машғулотларига Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг мутахассис вакиларини жалб қилиб келинмоқда.

Ўтказилаётган барча ўқув курслари давомида коррупцияга қарши курашнинг энг самарали усули коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантиришдан иборат эканлигига тингловчининг эътибори қаритилмоқда.

Мазкур масалалар бўйича халқаро амалиёт тажрибасини ўрганар эканмиз, коррупцияга қарши курашнинг энг самарали усули бу жамиятда табиийки коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантиришдан иборат эканлигининг гувохи бўламиз.

Фикримизча, коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантиришга йўналтирилган таълим мақсадлари қуйидагилардан иборат бўлиши лозим:

- коррупция ҳодисасининг моҳияти, сабаблари ва оқибатлари тўғрисида хабардор қилиш;

- коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни ривожлантириш ва рағбатлантириш;

- тингловчиларда ташаббускорлик, ижтимоий фаоллик, мустақил фикрлаш, вақтни тежашга доир кўникмаларни шакллантириш;

- демократик қадриятларга ҳурмат, адолат ва ҳақиқатга бўйсуниш, ўзи ва бошқаларнинг хатти-ҳаракатлари учун масъулият ҳисси билан яшашни ўргатиш.

Шу билан бирга таълим жараёнида коррупцияга қарши ғояларни ишлаб чиқиш, шартли ролларни ўйнаш, аудио ва видео материаллардан фойдаланиш, жамоат бирлашмалари вакилларини жалб қилиш, низоли ҳолатларни муҳокама қилиш ва унга танқидий қараш ҳамда кейс-стади каби усулларидан фойдаланиш катта самара беради.

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг ўқув муассасаларида коррупцияга қарши таълимни ташкил этишнинг самарадорлигини ошириш юзасидан эса қуйидагиларни амалга оширилишини мақсадга мувофиқ деб ҳисоблаймиз:

Коррупцияга қарши курашишга оид материалларни ўқув жараёнида фойдаланиш юзасидан ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш;

- ўқув муассалари раҳбарлари ва ушбу йўналишга масъул ходимлар учун Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Академиясининг Коррупцияга қарши кураш маркази билан ҳамкорликда тренинг-семинарларни ҳамда марказ имкониятларидан келиб чиқиб “он-лайн” форумларни ташкил этиш;

- хорижий экспертлар иштирокида  коррупцияга қарши таълимни ташкил этишга доир семинар ва анжуманларни ташкил этиш;

- барча ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар томонидан ўрганилиши мумкин бўлган, таркибида ҳар бир соҳада учраши мумкин бўлган муайян коррупцион ҳолатлар ва уларга қарши курашиш йўллари акс этган услубий қўлланмаларни яратиш ҳамда ихтисослаштирилган тренажер-имитацион ва дастурий комплексларни қўллаш ҳисобига амалий машғулотлар ўтказиш.

Ўйлаймизки, шу каби тадбирларни амалга оширилиши жамиятимизнинг барча жабҳаларида  коррупцияга қарши курашишнинг муросасиз муҳитини шакллантиришига хизмат қилади.

А.Г.Ўринбоев,

Божхона институти Қайта тайёрлаш ва малака ошириш факультети

Махсус фанлар кафедраси бошлиғи,

 М.М.Юлдашев,

ДБҚ Ўз хавфсизлик бошқармаси МИБ катта тезкор вакили,

Коррупцияга қарши курашиш бўйича идоралараро комиссияси аъзоси

12.08.2019

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг