Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Юртимизга ташриф буюрган сайёҳларнинг божхона ҳақидаги таассуротлари қандай?
62
Шарқ гавҳари – Самарқандга кунига юз минглаб сайёҳлар ташриф буюриб, халқимизнинг тарихи, маданияти ва урф-одатларини ўрганишдан манфаатдор. Ҳеч кимга сир эмаски, туризмнинг ривожланиши бевосита зарур инфратузилма ва транспорт-логистика тизими билан замонавий рақобатбардош сайёҳлик мажмуасини шакллантиришга бевосита боғлиқдир.
Юртимизга ташриф буюрган сайёҳларнинг божхона ҳақидаги таассуротлари қандай?

Маълумки, сўнгги йилларда юртимизга ташриф буюраётган сайёҳларга хизмат кўрсатишни яхшилаш учун божхона тизими такомиллаштирилди. Хусусан, 2018 йил 1 январдан бошлаб республикамизнинг барча халқаро аэропортларида “яшил” ва “қизил” йўлак тизими жорий этилиб, божхона назоратидан кесиб ўтиш жараёни соддалаштирилди.

Икки йўлакли тизим жорий этишдан олдин Ўзбекистон Республикасига Самарқанд аэропорти орқали кириб келишда 1 та рейсда учиб келган йўловчиларга (150-190 киши) багажларини қабул қилиб, чегара ва божхона назоратидан ўтиш учун ўртача 2 соатдан кўп вақт сарфланган бўлса, эндиликда ушбу жараён ўртача 30-45 дақиқагача бўлган вақтда амалга оширилмоқда.

Самарқанд халқаро аэропортида “Самаркандский вестник” газетаси ҳамкорлигида божхона хизматининг самарадорлиги, хорижликларга хизмат кўрсатишни яхшилаш учун нима қилиш кераклиги ҳақида шаҳар меҳмонларининг фикри ва таклифлари билан қизиқишди.

Марко БАЛИEРИ, Италия:

- Самарқанд деярли менинг Ватанимга айланди. Ўзбекистонга илк бор 2013 йилда “UzCharmExро” халқаро кўргазмасида иштирок этиш учун келган эдим. Ўша пайтдан буён бу диёрга меҳрим ошиб, тадбиркорлик фаолиятимни юргизиб келмоқдаман. Мен Италиядан Самарқандга полиуретан сотишда янги ҳамкорлар топдим. Ҳар йили 50 тоннадан зиёд кимёвий, пластик маҳсулотларни тўқимачилик ва пойафзалларни ишлаб чиқариш учун импорт қиламиз.

Бир неча йил олдин, Тошкент халқаро аэропортида паспорт назоратидан ўтишда ҳамда багаж юкларимни олишда қийинчиликларга дуч келганман. Ўтган йили Ўзбекистон Ҳукуматининг ташаббуси билан юртингизга ташриф буюрадиган Италия давлати фуқаролари учун виза режими бекор қилинди. Натижада биз тадбиркорлар ва сайёҳларга катта имконият берилиб, мамлакатингизга туристларнинг кириб келиши жараёнини соддалаштирди. Шунингдек, аэропортда “яшил” ва “қизил” йўлакларни жорий этилиши йўловчиларни божхона назоратидан сифатли ва қисқа муддатда ўтишига хизмат қилади. Ўзим божхона назоратидан беш дақиқа ичида кесиб ўтдим. Бу жуда ҳам қулай. Мамлакатингиз билан ҳамкорликни давом эттиришни истайман. Бунинг учун имкониятлар мавжуд.

Ҳесин МОНИКА, Германия:

-Ҳаётимда илк маротаба бир ҳафталик умримни Ўзбекистонда ўтказдим. Божхона тизимидаги янгиликлардан мамнунман. Ортиқча оворагарчиликларсиз тезда божхона назоратидан ўтдик. Самарқанд мени маданияти ва архитектура ёдгорликлари билан ҳайратга солди. Бу шаҳардан жуда кўп таассуротлар оламан деб ўйламаган эдим. Ўзбек халқининг миллий таомлари жуда мазали экан. Шу билан бирга бепул “ВайФай” зоналари ва телефон буткалари кўпроқ бўлса мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Тим Блиссет ва Мэггий Буюк Британия (эр-хотинлар):

-Ўзбекистон бизларга жуда ёқди. Айниқса, Шахрисабзнинг тансиқ таомлари – “тандир”, “палов” ва “кабоб”лар, Самарқанднинг “Регистон” майдонининг тунги чироқлар оғушидаги манзараси бизни ҳайратлантирди. Ўзбекистонликлар жуда меҳмондўст халқ экан. Бизни яхши қабул қилишди. Биз ҳаётимиз давомида АҚШ, БАА, Туркия, Франция, Германия ва Европанинг кўплаб бошқа мамлакатларида бўлганмиз. Биз бўлган барча мамлакатларнинг чегара божхона ўтказиш ҳудудларида назорат ўрнатилган ва декларациялашда фуқароларга қулайликлар яратишга эътибор қаратилган. Ўзбекистонга қилган қисқа саёҳатимиз давомида ҳам айнан шу жиҳатга гувоҳ бўлдик. Англиядан Туркияга, Туркия орқали Самарқандга келдик. Божхона назоратидан ўтишга беш ёки ўн дақиқа вақт сарфладик. Юртингизда жисмоний шахслар томонидан товарларни олиб кириш ва олиб чиқиш бўйича ўрнатилган меъёрлар биз учун айни муддао бўлди. Яъни биз “яшил” йўлак орқали ёзма декларация тўлдирмасдан божхона назоратидан ўтиш ҳуқуқига эга бўлганимиздан хурсандмиз. Биз юртингизга албатта яна келамиз.

Наталя ИВАНОВА, Россия:

- Эрта тонгда, оиламиз билан биргаликда шаҳарнинг диққатга сазовор жойларини кўриш учун Бухородан Самарқандга келдик. Бу Ўзбекистонга илк ташрифимиз. Божхоначилар қўл ва багаж юкларни тезлик билан текширишди. Бу албатта яхши ва қулай. Узоқ муддатга навбат кутиб қолмайсиз.

Ҳусен ҲОЖИПУР, Эрон:

- Ўзим “бизнесмен”ман. Қуруқ мевалар экспорти билан шуғулланаман. Юртингизга уч йил олдин келганман. Қозоғистон давлатида ўтказилган кўргазма ярмарка савдосида иштирок этиб, сизнинг диёрингиздаги маҳсулотларнинг мазаси ва сифати мени ўзига жалб этган. Шундан буён бу ердан қуритилган мева маҳсулотларини БАА, Ироқ, Эрон ва Туркия каби давлатларига экспорт қилиб келаман. Мамлакатингизда товарларни экспорт қилишда ҳеч қандай тўсиқ йўқ. Тадбиркорлар ва ишбилармонлар бундан самарали фойдаланишмоқда. Эрон аэропортида битта йўлак мавжуд. Ундан ҳамма йўловчилар ҳаракатланишади. Сизда эса икки йўлакли тизим. Бу қулай. Ортиқча вақт сарфламайсиз.

Замира БАЛТАЕВА,
суҳбатлашди

13.08.2019

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг