Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Экспортёрларга амалий ёрдам кўрсатилмоқда
98
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида жорий йилнинг 12 ва 14 август кунлари ўтказилган видеоселектор йиғилишларида ҳудудларнинг экспорт салоҳиятини ошириш, бу борада тадбиркорлик субъектларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва уларга амалий ёрдам бериш юзасидан вазифалар белгиланган эди.
Экспортёрларга амалий ёрдам кўрсатилмоқда

Бу бежиз эмас албатта. Чунки, юртимизда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларни экспорт қилиш орқали юртимизга киритиладиган валюта тушуми ортади, жаҳон бозорига рақобатбардош маҳсулот чиқаришга эришилади, корхона иқтисодий барқарорлиги таъминланади ва энг муҳими, юртимизда янги иш ўринлари яратилади, ишсизлик даражаси камаяди. Дунё тажрибаси ҳам шундай – ҳеч бир давлат импорт билан ривожланмайди, экспорт орқали жаҳон давлатлари орасида ўз ўрнига эга бўлади, иқтисодиёти барқарорлигига эришади.

Самарқанд вилояти ҳокими Э.Турдимовнинг Ургут туманидаги экспортёр корхоналар раҳбарлари, тадбиркорлар билан учрашуви ҳам ана шу мезондан келиб чиқиб ташкил этилди.

Унда Cамарқанд вилояти божхона бошқармаси бошлиғи Э.Салихов ва “Самарқанд” ТИФ божхона пости “Ургут” ЭИЗ божхона пунктининг катта инспектори Т.Назаровлар ҳам иштирок этди. Учрашувда давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 20 декабрдаги “Экспортга кўмаклашиш ва уни рағбатлантиришни кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, экспортни қўллаб-қувватлаш миллий тизими яратилгани таъкидланди. Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузурида Экспортни рағбатлантириш агентлиги ташкил этилди. Шунингдек, 205 номдаги товарларни экспорт қилишда транспорт харажатларининг 50 фоизини қоплаб бериш йўлга қўйилди.

Жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида Самарқанд вилоятидан дунёнинг 62 давлатига товар ва хизматлар экспорт қилинди. Энг йирик экспорт ҳамкорлар қаторида Россия (27 фоиз), Қозоғистон (11,6 фоиз), Туркия (8,2 фоиз), Хитой (7,1 фоиз), Эрон (5,9 фоиз) ҳамда Афғонистон (5,1 фоиз) ўрин олди. Шу ва бошқа давлатларга йил бошидан буён 133,7 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилинди. Лекин бизда бу кўрсаткичларни янада ошириш имконияти мавжуд бўла туриб, бундан самарали фойдаланмаётганимиз ҳам ҳақиқат. Ушбу учрашув бу борада юзага келаётган муаммоларга ечим топишда муҳим аҳамиятга эга.

Учрашувда 300 нафарга яқин тадбиркор, экспортёр корхоналар вакиллари иштирок этиб, фаолиятларида дуч келаётган муаммолар юзасидан вилоят ҳокимига мурожаат қилди.

Унда ҳар бир масала вилоятдаги мутасадди идоралар раҳбарлари иштирокида муҳокама этилиб, ечим изланди. Экспортбоп маҳсулотлар заҳирасини кўпайтириш, экспорт ҳажмини ошириш, кредитлар ажратиш бўйича масъул мутасаддиларга аниқ муддат билан вазифалар юкланди.

Албатта вилоятда экспорт салоҳиятини оширишда тадбиркорларга вилоят божхона бошқармаси ҳам амалий кўмакдошдир. Бу борада эса божхоначилар тадбиркорларни қўллаб-қувватлаб, божхона расмийлаштируви жараёнида берилаётган имтиёзлардан хабардор қилиб, уларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириб келишмоқда.

 

 

21.08.2019

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг