Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Транспорт воситаларига махсус божхона пломбаларини қўйиш жараёни янада соддалаштирилди
447
Махсус божхона пломбалари божхона назорати остида товарлар ташилаётган транспорт воситаларининг юк бўлимларига божхона ходимлари томонидан қўйилади.

Махсус божхона пломбаларини қўйиш қоидалари эса Ўзбекистон Республикаси Божхона кодекси ва Давлат божхона қўмитасининг 2017 йил 18 июлдаги  Қарори билан тасдиқланган (Адлия вазирлигида 2017 йил
27 июлда давлат рўйхатидан ўтказилган) “Ўзбекистон Республикаси божхона ҳудудида автомобиль ва темир йўл транспорт воситаларида божхона назорати остидаги товарлар ташилганда юк бўлимларига махсус божхона пломбалари қўйиш қоидалари”га мувофиқ амалга оширилиб келинар эди.

  Эндиликда, ушбу қоидаларга Давлат божхона қўмитасининг  2019 йил 15 июлдаги Қарорига мувофиқ (Адлия вазирлигида 2019 йил  16 августда давлат рўйхатидан ўтказилган) тегишли қўшимчалар киритилди.

Қабул қилинган ҳужжат билан божхона пломбалари қўйилмайдиган истисно ҳолатлар янада кенгайтирилди.

         Жумладан, мавжуд бўлган истисно ҳолатларга қуйидагилар қўшилди:

  • халқаро шартномаларга мувофиқ, божхона идентификациялаш воситалари сифатида тан олинган хорижий давлатларнинг божхона хизматлари томонидан транспорт воситалари, товарлар ва почта жўнатмаларига қўйилган божхона пломбалари, муҳр, штамп излари ва расмий белгилар, шунингдек транспорт, экспедиторлик ташкилотлари томонидан транспорт воситаларига қўйилган пломба, муҳр ҳамда расмий белгилар мавжуд бўлганда;
  • жўнатувчи божхона постларида хавфни бошқариш автоматлаштирилган ахборот тизими қўлланилганда, агар транспорт воситаси ва унинг юк бўлимида божхона қонун ҳужжатлари бузилиши хавфининг белгилари аниқланмаганда (транзит товарлар ортилган транспорт воситалари ҳамда халқаро ҳужжатларда кўрсатилган ҳоллар бундан мустасно);
  • товар сифатидаги автотранспорт ташишда фойдаланиладиган транспорт воситасига;
  • чегара божхона постлари ҳудудларига туташ жойларда жойлашган божхона терминалларига юбориладиган автотранспорт воситаларига.

         Бундан ташқари, махсус божхона пломбаси тушунчасига ҳам тузатиш киритилди. Киритилган қўшимчага биноан, махсус божхона пломбаси деганда бундан буён  Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси раҳбарияти томонидан тасдиқланган шакл, ўлчам ва кўринишдаги, белгиланган серия ва тартиб рақамли, товар ва транспорт воситаларини идентификациялашда бир марта фойдаланиладиган, шунингдек, транспорт воситаларини бошқариш ва назорат қилишнинг онлайн механизмини назарда тутадиган навигацион божхона идентификациялаш воситалари тушунилади.

 

21.08.2019

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг