Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Божхоначи – тадбиркор таянчи
77
Мамлакат экспорт салоҳиятини кенгайтириш, маҳсулотларимиз экспортининг тўлақонли ривожига тўсқинлик қилаётган ғовларни бартараф этиш, экспорт фаолиятининг давлат томонидан қўллаб-қувватланишини такомиллаштириш, шунингдек, маҳаллий маҳсулотларни ташқи бозорларга чиқаришнинг комплекс тизимини ташкил этиш мақсадида, мутасадди ташкилот ва давлат органлари томонидан ҳам бугунги кунда кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.
Божхоначи – тадбиркор таянчи

Хусусан, Сурхондарё вилоят божхона бошқармаси бошлиғи Т.Саидов раҳбарлигидаги божхона ходимлари Бойсун тумани ҳокимлиги билан ҳамкорликда  тумандаги экспортёр ва ишлаб чиқариш корхоналарига амалий кўмак бериш, улардаги муаммоларни ўрганиш мақсадида тадбиркорлар билан учрашув ўтказдилар. Тадбирда, божхона ходимлари томонидан тадбиркорларга божхона соҳасидаги, ташқи иқтисодий фаолият, шунингдек экспорт ва импорт бўйича қонунчиликдаги ўзгаришлар тушунтирилди.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 27 июлдаги “Солиқ ва божхона имтиёзлари берилишини янада  тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5755 сонли фармонига мувофиқ “цемент” товарига 2019 йил 1 октябрдан барча божхона тўловларидан берилган имтиёзлар бутунлай бекор қилинганлиги ҳамда эндиликда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 24 августдаги “Донни қайта ишловчи корхоналарни қўшимча равишда қўллаб-қувватлаш ва уларнинг экспорт салоҳиятини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” 684-сонли қарор иловасида кўрсатилган “Қаттиқ уруғлик буғдой, уруғлик буғдой, қаттиқ буғдойдан ташқари, озиқа ёки ноозиқа қаттиқ буғдой, озиқа ёки ноозиқа буғдой, қаттиқ буғдойдан ташқари” товарларига 2019 йил 1 октябрдан қўшилган қиймат солиғи ундирилиши жорий этилаётгани айтиб ўтилди.

Шунингдек, 2019 йил 1 мартдан бошлаб хавфни бошқариш тизими асосида товарларни экспорт-импортга расмийлаштиришда «сариқ йўлак», «қизил йўлак», «яшил йўлак» ва «кўк йўлак»лар жорий этилиши натижасида, ўтган йил 7 ойи мобайнида экспорт декларацияларини расмийлаштиришга сарфланадиган ўртача вақт 2019 йил январь- июль ойларида 6,5 баробарга қисқарганлиги тадбир иштирокчиларига етказилди. Учрашув давомида тадбиркорлар ўзларини қизиқтирган саволларига соҳа вакиллари томонидан жавоб олишди.

Тадбир якунида, республикамизнинг иқтисодий салоҳиятини оширишга ўз ҳиссаларини қўшаётган тадбиркорларимизга Сурхондарё вилояти божхона бошқармаси ўз ваколат доирасида барча амалий ёрдамларни беришга ҳамда товарлар экспорти божхона расмийлаштирувини туну-кун амалга оширишга тайёр эканлиги билдирилди. Божхона соҳасига оид саволлар ва таклифлар бўлганда Давлат божхона қўмитасининг 11-08 рақамли ишонч телефонларига ёки вилоят божхона бошқармасининг 76-225-02-26 рақамли телефонларига қўнғироқ қилишлари мумкинлиги эслатиб ўтилди.

24.08.2019

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг