Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон!
309
Давлат божхона қўмитасида Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 28 йиллиги байрамига бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди.
Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон!

Унда қўмита марказий аппарат шахсий таркиби, шунингдек Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти божхона бошқармалари, Божхона институти, Миллий кинология маркази, “Тошкент-Аэро” ихтисослаштирилган божхона комплекси вакиллари, божхона фахрийлари ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок қилди.

Тантанали тадбир давлатимиз мадҳияси садолари остида бошланди.

Йиғилганларни байрам билан қутлар экан, Давлат божхона қўмитаси Раиси М.Азимов мамлакатимиз тарихида ўчмас саҳифа очган буюк истиқлол туфайли Ўзбекистон ўтган давр мобайнида жаҳон ҳамжамиятидан муносиб ўрин эгаллаб, миллий тикланишдан миллий юксалиш сари дадил илгарилаб бораётганини таъкидлади.

Дарҳақиқат, шу кунларда юртимиз бўйлаб барча гўшаларда энг улуғ, энг азиз айёмимиз – мамлакатимиз мустақиллигининг йигирма саккиз йиллиги “Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон!” шиори остида кенг нишонланмоқда.

Таъкидланганидек, давлат божхона хизмати органлари ташқи иқтисодий фаолият қатнашчиларига экспорт-импорт операцияларини амалга оширишда яқинда кўмакчи бўлиб келишмоқда. Бу жараёнда тезкорлик ва самарадорликни таъминлаш мақсадида божхона назорати ва расмийлаштируви жараёнларига янги инновацион технологиялари мунтазам жорий этилмоқда.

Жумладан, Давлат божхона қўмитаси ва АҚШ Энергетика вазирлиги ўртасида ядро ва бошқа радиоактив материалларнинг ноқонуний айланувини олдини олиш бўйича имзоланган Меморандум доирасида Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари учун 4 дона мобил радиация назорати қурилмалари ажратилди.

Ушбу қурилмалар чегара божхона постлари орқали ҳаракатланаётган жисмоний шахсилар ёки автотранспорт воситаларида ноқонуний радиактив моддаларни аниқлашда кенг қўлланилади. Шунингдек, мазкур қурилмаларга қўшимча равишда радиацион пейджер ва раидоактив моддаларни анализ қилувчи воситалар билан ҳам таъминланган. Улар ёрдамида радиактив моддаларни таркиби ва фон даражасини аниқлайди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг Миллий кинология маркази фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2018 йил 18 декабрдаги 1029-сон қарори билан мазкур марказни хизмат итларини ташиш учун мўлжалланган махсус автотранспорт воситалари билан таъминлаш назарда тутилган эди.

Ушбу қарор ижроси доирасида Миллий кинология маркази учун махсус жихозланган 5 дона “Дамас” автотранспорт воситаси харид қилинди. Ушбу транспорт воситаси бир пайтнинг ўзида 4 нафар кинологларни хизмат итлари билан биргаликда ташишга мўлжалланган. Хизмат итлари учун машинада махсус вольерлар ўрнатилган.

Байрам арафасида давлат божхона хизмати органлари ходимлари ушбу транспорт воситаларини тантанали равишда қабул қилиб олишди.

Божхона ходимларининг меҳнати давлатимиз томонидан ҳамиша муносиб тақдирланиб келинмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёенинг “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма саккиз йиллиги муносабати билан ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида” 2019 йил 28 августдаги Фармони билан бир гуруҳ божхона ходимлари ҳам давлатимизнинг юксак мукофотлари билан тақдирланишди.

Жумладан, Сурхондарё вилояти Давлат божхона бошқармаси “Болдир” темир йўл чегара божхона пости бошлиғи Чориев Муродали Бараталиевич “Содиқ хизматлари учун” медали билан, Давлат божхона қўмитаси Божхона тўловлари бошқармаси бошлиғи ўринбосари Файзуллаев Фаррух Шарофович “Шухрат” медали билан тақдирланди.

Шунингдек, қўмита буйруғига биноан тизимда узоқ йиллар ўрнак кўрсатиб хизмат қилган божхона фахрийлари, айни пайтда хизмат вазифаларига виждонан ёндошиб меҳнат қилаётган бир гуруҳ божхоначилар ҳам тақдирланишди.

Бир қатор ходимларга эса навбатдаги махсус унвонлар топширилди.

30.08.2019

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг