Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Сайёҳлар таассуротлари
210
Самарқанд шаҳрида “Шарқ тароналари” ўн иккинчи халқаро мусиқа фестивали ўтказилди.
Сайёҳлар таассуротлари

Жаҳон миқёсида нуфузи ошиб бораётган мазкур форумда сайёрамизнинг турли қитъаларидан моҳир хонанда ва созандалар, мусиқашунос ва санъатшунос олимлар билан бирга халқаро ташкилотлар раҳбарлари, давлат арбоблари ва таниқли сиёсатчилар ҳамда хорижлик оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.

Самарқандга ташриф буюриб, бетакрор “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивали тантанали очилиш маросимида иштирок этиб, Самарқанд халқаро аэропорти орқали уйларига қайтаётган меҳмонларнинг таассуротлари билан қизиқдик.

Добровольский Рашид Конярович, Россиядан:

– Ўзим асли Ўзбекистонликман. Санкт-Петербургга кўчиб кетганимга 25 йил тўлди.“Шарк тароналари” фестивалида иштирок этиб, режиссёр сифатида Ўзбекистон ҳукуматига “Ўзбекистан, легенды о любви” номли қисқаметражли фильмимни тақдим қилдим. Самарқанд деганда кўз олдимга қадимий кўп йиллик тарихга эга, афсонавий алломалар юрти гавдаланади. Ўзбекистон – қуёшли ўлка, Самарқанд – сайёҳлар шаҳри. Шаҳардаги тарихий обидалар ҳар қандай кишини ҳайрат солади. Келажакда оилам, фарзандларим ва дўстларим билан Самарқандга ташриф буюришни ният қилаяпман.

Почивалова Анна Юрьевна,

“Золотое кольцо” ижодий гуруҳининг хореогрофи:

– Бутун дунё эътирофида бўлган мусиқа фестивалида қатнашиш мен учун катта шараф. Аэропортга учиб келганимизда бизни чегара ва божхона ходимлари хушмуомалалик ва меҳмондўстлик билан кутиб олишди. Ҳеч қандай ортиқча оворагарчиликсиз божхона зонасини кесиб ўтдик. Сизнинг ҳам аэропортингизда барча халқаро аэропортлар сингари икки йўлакли тизим  жорий этилгани қувонарлидир. Ва албатта, йўловчиларга жуда қулай. Улар бир неча сонияларда ўзлари танлаган йўлак орқали божхона назоратидан ўтишади. Мана кўриб турибсиз, йўловчилар навбат кутмасдан тез-тез ҳаракатланишмоқда. Таассуротларим олам-олам, бу шаҳардан кетгим келмаяпти. Фурсатдан фойдаланиб, ушбу тадбирни ташкил қилган мамлакатингиз Президентига ҳамда мусиқасевар ва санъатни чин дилдан севадиган ўзбек халқига миннатдорчилик билдираман.

Дворников Александр Юрьевич ва Мещеряков Антон Владимирович,“Россия 1” телеканали мухбирлари:

– Ажойиб мусиқа фестивали бўлиб ўтди. Ташрифимиз давомида шаҳрингизни диққатга сазавор жойларини тасвирга олдик. Айниқса, Бибихоним Жоме масжиди, Гўри Амир мақбараси, Шохи Зинда мажмуаси, Улуғбек мадрасаси ва расадхонаси каби кўплаб машҳур меъморий обидаларнинг бир-бирини такрорламас ўзининг ноёб ўймакорлиги ва нақшлари билан ажралиб турганлигига гувоҳ бўлдик. Шунингдек, Президент Шавкат Мирзиёев “Шарқ тароналари” халқаро фестивалини ёритиш учун келган маҳаллий ва хорижий блогерлар билан суҳбатлашгани “мамлакатимиздаги ислоҳотларни, маданиятимиз, тарихий обидаларимизни бутун дунёга тараннум этишда блогерларнинг ўрни катта” – деган сўзлари биз ижодкорларни илҳомлантириб юборди. Фестивални оммавий ахборот воситалари орқали ёритиш учун барча шароитлар яратилган. Хизматларимиз эътиборга олиниб, бизни ҳам муносиб тақдирлашди. Кайфиятларимиз аъло даражада. Тадбир ташкилотчиларга катта раҳмат.

Рандрианантоандро Клемент, мадагаскарлик бастакор:

– “Шарқ тароналари” фестивалида тўртинчи бор иштирок этаяпман. Илк марта 2011 йилда ўзимнинг ижодий чиқишларим билан ушбу фестиваль танловида 3-ўринни эгаллаганман. Шундан сўнг, 2013 йилда яна бир бор мазкур мусиқа байрамида қатнашиш бахтига муяссар бўлдим. 2015 йилда эса ўзим ташкил қилган “Hanta” гуруҳини олиб келдим. Йилдан-йилга шаҳрингизда сайёҳларга яратилаётган шароитлар кўлами кенгайиб бораётир. Шу боисданми, ҳар гал Самарқандга келганимда ўзимни ўз уйимдагидек ҳис этаман.

Няамсурен Уранчиме, Мўғулистондан:

– Мазкур фестивалда бизнинг “Хатан” жамоамиз муносиб иштирок этиб, иккинчи ўринни қўлга киритди. Бу каби мусиқа фестиваллари халқларни тили, дини, ирқи, ижтимоий келиб чиқишидан қатъий назар бир-бирига яқинлаштиради ва бирлаштиради.

Киро Де Роса, блогер Италиядан:

– Мен мактабда ўқувчиларга инглиз тилидан дарс бераман. Мусиқага жуда қизиқаман. Сайтим (www.blogfoolk.com (http://www.blogfoolk.com/))да Италия миллий қўшиқларини жойлаштириб бораман.

“Шарқ тароналари” фестивалида кўпгина давлатларнинг куй-қўшиқларини тинглаш бахтига муяссар бўлдим. Мўъжизавий шаҳар – Самарқанднинг диққатга сазовор жойларини суратга олдим. Шу билан бирга ўзбек миллий мумтоз қўшиқларини эсдалик учун олиб кетяпман. Уларнинг энг сараларини блогимга жойлаштириб боришга ҳаракат қиламан. Ўзбекистонлик божхончилар билан мулоқот қилиб, кишини кайфияти кўратилади. Улар бемалол хорижий тилларда сизнинг барча саволларингизга тушунарли тарзда жавоб беришларига гувоҳ бўлдим.

 

4.09.2019

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг