Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Тадбиркорларнинг муаммолари ўрганилиб, жойида бартараф этилмоқда
252
Бугун халқимиз, айниқса, унинг фаол қатламига айланиб бораётган тадбиркорлар муаммолари жойида ҳал этилиб, мушкули осонлашаётганидан беҳад мамнун. Чунки, ҳозирда тадбиркорларни ўйлантираётган долзарб масалаларни имкон қадар тезроқ ва жойларга бориб ўрганиб, ҳал этишга астойдил киришилган.
Тадбиркорларнинг муаммолари ўрганилиб, жойида бартараф этилмоқда

Юртимизда тадбиркор дуч келаётган муаммолар ўз вақтида бартараф этилмоқда. Негаки, шахсан муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ўзлари ишбилармон тадбиркорларни юксак қадрлаб, қўллаб-қувватлаб, уларга барча шароитларни яратиш ва муаммоларини бартараф этиш бўйича алоҳида кўрсатмалар бериб келмоқдалар. Қолаверса, тадбиркорлар билан бу каби учрашувларнинг ўтказилиши, фаолиятидаги мавжуд муаммо ва камчиликларни ўрганиш, уларни ҳал этиш нафақат соҳа ривожида, балки мамлакат иқтисодий ривожида ҳам муҳим аҳамият касб этади.

Маълумки, божхона органларининг мақсад ва вазифалари Ўзбекистон Республикаси божхона ҳудудида самарали божхона назоратини амалга ошириш, товар айирбошлашни тартибга солишни таъминлашдан, экспорт ҳамда иқтисодиёт ривожланишини рағбатлантириш ва ички бозорни ҳимоялашдан иборатдир.

Шу муносабат билан Сирдарё вилояти божхона бошқармаси томонидан жойларда маҳаллий ишлаб чиқарувчи корхона вакиллари ва тадбиркорлар билан учрашувлар ўтказилиб, уларни экспорт фаолиятига жалб этиш, бу борадаги муаммолар ечимини ҳал этиш борасида тизимли ишлар ташкил этилмоқда.

Хусусан, жорий йил 4 сентябр куни Сирдарё вилояти, Бахт шахрида жойлашган тиббиёт боғлов маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи “Bahtteks-Farm” маъсулияти чекланган жамиятида корхона вакиллари ҳамда якка тартибдаги тадбиркорлар билан навбатдаги учрашув бўлиб ўтди.

Учрашувда “Сайхун” ташқи иқтисодий фаолият божхона пости бошлиғи Б.Эргашев сўзга чиқиб, иштирокчиларини Мустақиллигимизнинг 28 йиллиги билан чин дилдан муборакбод этди ва бугун юртимизда тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш ва ишбилармонлик муҳитини тубдан яхшилаш бўйича Давлатимиз Раҳбари бошчилигида кенг қамровли ислоҳотлар олиб борилаётганлигини, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича “Ҳаракатлар стратегияси”га мувофиқ мамлакатимизда хусусий мулк манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш, тадбиркорлик фаолияти учун янада қулай имкониятлар яратиш, бундай кенг имкониятлардан унумли фойдаланиш кераклигини, барчамиз бирга юртимизнинг истиқболи учун жонбозлик кўрсатиб ҳалол меҳнат қилишимиз лозимлигини таъкидлаб ўтди.

Учрашув давомида фаол тадбиркорлар ҳам мамлакатимизнинг  экспорт салоҳиятини ошириш бўйича олиб борилаётган ислоҳотлардан мамнун эканликларини билдириб, давлатимизни иқтисодий жиҳатдан ривожлантириш ҳамда халқимиз фаровонлигини таъминлашда туну-кун хизмат олиб бораётган божхона ходимларига ўз миннатдорчиликларини изҳор этишди, шунингдек, маҳсулотлар экспортини янада ривожлантириш юзасидан ўзларининг таклиф ва мулоҳазаларини ҳам айтиб ўтдилар.

Рақамларга мурожаат этадиган бўлсак, бугунги кунда “Bahtteks-Farm” масъулияти чекланган жамиятида 400 нафар ишчи доимий  иш билан таъминланган, корхона томонидан бир ойда ўртача 350-400 минг ва йилига
4 миллион АҚШ долларига тенг 56 турдаги тиббиёт боғлов маҳсулотлари Қозоғистон, Россия, Украина, Латвия ва Болгария давлатларга экспорт қилинмоқда.

Самимий руҳда ўтган учрашувда тадбиркорлар соҳа ходимларининг ташрифидан мамнун бўлганликларини билдириб, экспорт самарадорлигини янада оширишда давлат органларининг ҳамкорлиги уларга янада куч-ғайрат бағишлаши ҳақида фикр билдирдилар.

Таъкидлаш лозимки, шу куни бўлиб ўтган учрашувда божхона ходимлари тадбиркорларнинг нафақат муаммоларини ўрганишди шу билан биргаликда уларни экспорт йўналишида яратилган қулайликлар билан ҳам таништиришди.

 

                                                       

7.09.2019

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг