Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Эски технологиядан кимга наф?
166
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қарор ва Фармонлари билан тадбиркорлик фаолияти жадал ривожланишига, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга имкониятлар яратилиб, ишлаб чиқаришни модернизациялаш, техник ва технологик қайта жиҳозлашни рағбатлантириш йўналишида имтиёзлар берилиб келинмоқда.
Эски технологиядан кимга наф?

Аммо мазкур яратилган имтиёз ва имкониятлардан айрим шахслар  ўзларининг ғаразли мақсадларида, мамлакатимизга муқаддам ишлатилган, маънавий эскирган ёки замон талабларига жавоб бермайдиган асбоб-ускуналарни янги жиҳозлар сифатида олиб кириш ҳолатлари учрамоқда.

Масалан, хориждан пойтахтимизда фаолият юритувчи масъулияти чекланган жамият номига келган ва “Эркин муомалага чиқариш” божхона режимига расмийлаштирилган “SANY” маркали автокран “Тошкент-товар” ТИФ божхона пости божхона ходимлари томонидан божхона назоратидан ўтказилганида, краннинг мотори носоз ҳолатда эканлиги, ишлаб чиқарувчи томонидан ўрнатилган идентификацион рақамлари ва ёрлиқларининг завод усулида ишлаб чиқарилганлигига шубҳа уйғотувчи белгилар мавжудлиги, айрим жойлари қайта бўялганлиги ва шасси қисмининг таг қисмида емирилиш ва занглаш излари борлиги маълум бўлган.

Ўтказилган экспертиза натижасига кўра мазкур автокран 2018 йилда ишлаб чиқарилмаганлиги маълум бўлди. Бунинг натижасида эса  2 млрд. сўм қўшимча божхона тўловлари ҳисобланди.

Яна бир ҳолатда, Хитой Халқ Республикасидан олиб келинган ва божхона юк декларациясида 2018 йилда ишлаб чиқарилган деб кўрсатилган “Single Head Steel Pipe Bender” номли ускуна божхона кўригидан ўтказиш жараёнида “Сергели” ТИФ божхона пости ходимлари эътиборини тортди. Сабаби, ушбу ускунанинг мотор қисмида 2016 йил деб қайд этилганлиги қолаверса, қайта бўёқланганлиги ва таъмирланганлиги, пайвандланганлик (сварка) излари, эҳтиёт қисмлари (шланг) эскириб ёрилганлик излари ҳамда ускуна корпуси ифлосланиши, занглаши ва механик шикастланиши излари бор эди.

Экспертиза хулосасига кўра мазкур ускуна жамланмаси билан муқаддам ишлатилганлиги, қайта бўёқланган излари мавжудлиги, пайвандланганлиги, шлангларида ёрилиш излари, ускунидаги коррозия ва емирилиш ҳолатларни уни узоқ муддатда ишлаб чиқаришда фойдаланилганлиги ўз тасдиғи топди.

Боз устига мазкур ускунанинг фактура қиймати хужжатларда 152.4 минг АҚШ доллари яъни 1 млрд 279.8 млн. сўм деб кўрсатилган бўлсада, баҳолаш ҳулосасига кўра, олинган ускунанинг қиймати 229.8 млн. сўмга тенг эканлиги маълум бўлди.

Юқоридаги ҳолатларда янги, замонавий технология ниқоби остида юртимизга олиб киришга уринилган эскирган ускуналар ўз вақтида тўхтатиб қолинди.

 Нодирбек Усмонов

Тошкент шаҳар божхона бошқармасининг

Суриштирув ва маъмурий амалиёт бўлими бошлиғи

9.09.2019

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг