Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Божхона институти курсантлари Шаҳидлар хотираси ёдгорлик мажмуасига ташриф буюришди
165
Шаҳидлар хотираси ёдгорлик мажмуаси — муқаддас қадамжолардан биридир. Бу ерда тарихий хотира туйғуси, эзгулик ва адолатнинг боқийлиги, ҳуррият ва озодлик неъматининг қадрини янада чуқур ҳис этамиз.
Божхона институти курсантлари Шаҳидлар хотираси ёдгорлик мажмуасига ташриф буюришди

   Ана шундай туйғуларни ёшлар онги ва шуурига синдириш, уларда ватанпарварлик хислатларини янада ривожлантириш, Ватан тинчлиги ва озодлиги йўлида қатағон қилинган эрк севар аждодларимизни ибрат мактаби эканлигини кўрсатиш мақсадида Божхона институтининг бир гуруҳ курсантлари билан Шаҳидлар хотираси ёдгорлик мажмуасига экскурсия ташкил этилди.
   Барчамизга маълумки, истиқлол йилларида юртимизда миллий урф-одат ва анъаналаримизни, қадриятларимизни тиклаш, тарихий адолатни қарор топтириш йўлида кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Хусусан, ХХ асрнинг 30-50-йилларидаги қатағон қурбони бўлган ватандошларимизнинг порлоқ хотирасини абадийлаштириш мақсадида Биринчи Президентимиз ташаббуси билан 2000 йилда Тошкент шаҳридаги Бўзсув канали бўйида “Шаҳидлар хотираси” ёдгорлик мажмуаси бунёд этилди. 2001 йилда эса «Қатағон қурбонларини ёд этиш кунини белгилаш тўғрисида»ги фармонга биноан, ҳар йили 31 август куни – Мустақиллик байрами арафасида Қатағон қурбонларини ёд этиш маросими «Шаҳидлар хотираси» ёдгорлик мажмуасида ўтказилиши белгилаб қўйилди.
    Ташриф давомида курсантлар қатағон қурбони бўлган ҳамда 1941-1945 йилларда Ватан озодлиги, мустақиллиги йўлида ўз жонини фидо қилган юртдошларимизнинг ҳаёт йўлини кўрсатиб берувчи музейи экспонатлар билан яқиндан танишдилар. Музей экспозициялари курсантлар қалби ва онгида ватанпарварлик, ўз халқига муҳаббат ва садоқат ҳиссини уйғотиш, тинчлик бебаҳо неъмат эканлигини, бугунги дориломон кунлар қадрига етиш, қатағон қурбонлари хотирасига юксак ҳурмат ва эҳтиром билан муносабатда бўлишга ундайди.
     Мухтасар айтганда, мустабид тузум даврида юз минглаб бегуноҳ инсонларнинг умри хазон бўлганини, қанча-қанча оилалар хонавайрон бўлиб, қанча-қанча гўдаклар етим қолганини тарих, бугунги ва келажак авлод ҳеч қачон унутмайди. Эл-юртимиз озодлиги ва эркинлиги йўлида, халқимизнинг қадр-қиммати, ор-номусини, миллий анъаналаримиз ҳамда урф-одатларимизни ҳимоя қилишда машаққатли курашларда қурбон бўлганлар аждодларимиз хотирасига ҳурмат билдириш ҳар биримизнинг олий бурчимиз бўлмоғи лозим.

10.09.2019

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг