Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Инспекцион-кўрик мажмуаси божхона назорати самарадорлигини янада оширади
935
Ўзбекистон Республикаси божхона постларини катта ҳажмдаги сканер қурилмалари билан жиҳозлаш лойиҳаси доирасида Хитой Халқ Республикасининг грант маблағлари ҳисобидан тақдим этилган RF6010-русумли темир йўл вагонларини сканер қилувчи инспекцион-кўрик мажмуасини (ИКМ) Тошкент шаҳар божхона бошқармасининг “Чуқурсой техник идора” чегара божхона пости тасарруфига топширишга бағишланган тадбир ўтказилди.
Инспекцион-кўрик мажмуаси божхона назорати самарадорлигини янада оширади

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 20 февралдаги қарори ижросини таъминлаш мақсадида Хитой Халқ Республикаси давлат гранти асосида “Nuctech Co LTD” ташкилоти томонидан темир йўл вагонларини сканер қилувчи инспекцион-кўрик мажмуаси Ўзбекистон темир йўлининг 3353-км, 10-сонли пикет йўлида ўрнатилди.

Мажмуанинг очилишига бағишланган тадбирда Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати аъзолари, Хитой Халқ Республикасининг фавқулодда ва мухтор элчиси, Давлат божхона қўмитаси раҳбарияти, Тошкент шаҳар ва тумани ҳокимликлари, ДХХ Давлат чегараларини қўриқлаш қўмитасининг Чегара назорати бошқармаси, “Ўзавтойўл” компанияси, “Боштранслойиҳа” лойиҳалаш институти вакиллари, Тошкент шаҳар божхона бошқармасининг масъул ходимлари  ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Тадбирни кириш сўзи билан очган ДБҚ Раисининг биринчи ўринбосари, божхона хизмати полковниги Ж.Арипов мамлакатимиз ва Хитой давлатлари ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари изчил ривожланаётганини алоҳида таъкидлаб ўтди. Хитой Халқ Республикаси Ўзбекистон учун асосий ҳамкор давлат бўлган ва ҳозирда ҳам шундай ҳисобланиши, ўзаро ҳамкорлик кўп асрлик тарихга эга бўлиб, Буюк Ипак йўли даврига бориб тақалиши эътироф этилди. Халқларимиз ўртасида ўзаро ишонч ва ҳурматга асосланган яқин муносабатларнинг замири ҳозирги кунда ҳам сермаҳсул ҳамкорликнинг муҳим омили бўлиб қолмоқда. Очилиш маросимида Хитой Халқ Республикасининг  Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Цзян Ян хоним ва “NUCTECH COMPANY LIMITED” компанияси раҳбариятининг табрик сўзлари тингланди.

Айтиш жоизки, RF6010-русумли темир йўл вагонларини сканер қилувчи инспекцион-кўрик мажмуаси Хитой Халқ Республикаси Ҳукуматининг гранти доирасида тақдим этилиши режалаштирилган 5 та катта ҳажмдаги сканер қурилмаларидан биринчисидир.

Ўзбекистон Республикасига биринчи инспекцион – кўрик мажмуа 2009 йилда Хитой Халқ Республикаси Ҳукумати томонидан беғараз тақдим этилган (Тошкент вилоятининг “Яллама” чегара божхона постига ўрнатилган).

2014 йилда автотранспорт воситаларини кўрикдан ўтказиш учун мўллжаланган яна 3 дона инспекцион – кўрик мажмуалари тақдим этилди (ДБҚнинг Қорақалпоғистон Республикаси ва Тошкент вилояти бўйича бошқармаларининг “Хўжайли”, “С.Нажимов” ва “Ойбек” чегара божхона постларига ўрнатилган.)

2017 йилда 20 дона ўрта ҳажмдаги сканер қурилмалари тақдим этилган бўлиб, уларнинг барчасидан ҳозирги кунда божхона постларида самарали фойдаланилмоқда.

Ҳозирги кунда Ўзбекистон Республикаси божхона органларининг техник салоҳиятини мустаҳкамлаш соҳасида кўрсатилган энг кўп миқдордаги техник кўмак ХХР  ҳиссасига тўғри келмоқда

Мазкур техник қурилма божхона чегарасидан ўтадиган юкларни текшириш ва сканердан ўтказишга ёрдам беради. Чегара божхона комплекслари ва постларига ўрнатилган мазкур сканер қурилмаси юртимиз сарҳадлари орқали ўтаётган катта ҳажмдаги транспорт воситаларини бир неча сония ичида тўлиқ сканердан ўтказиш имконини беради. Бу эса ўз навбатида божхона кўриги самарадорлигини янада ошириб, божхона кўриги учун кетадиган вақтнинг сезиларли даражада қисқаришига хизмат қилади.

Бу қурилма ёрдамида катта ҳажмли транспорт воситалари ёки контейнерларни ичидаги товарларнинг жойлашган шаклини кўриш имконини беради. Контейнер ичидаги товарларнинг декларацияда кўрсатилганлигига мослиги, контрабанда предметлари бор-йўқлигини назорат қилиш мумкин.

Инспекцион-кўрик мажмуасини самарали қўллашдан кўзланган мақсад нафақат контрафакт товарлар ёки контрабанданинг олдини олиш, балки хавфни бошқариш орқали божхона назорати самарадорлигини ошириш, божхона тартиб таомилларини соддалаштириб, экспорт ва импорт жараёнларини янада тезлаштиришдан ҳам иборатдир.

Тадбир давомида иштирокчилар “Чуқурсой” темир йўл станцияси яқинида ўрнатилган темир йўл вагонларини сканер қилувчи катта ҳажмли инспекцион-кўрик мажмуаси иш фаолияти билан яқиндан танишишди. Шу билан бирга мажмуа операторлари хонаси ёнида ташкил этилган божхона хизмати органларида фойдаланилаётган назоратнинг техник воситалари намуналари ҳамда истиқболда амалга оширилиши режалаштирилган лойиҳаларга ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди.

Маълумот учун, бугунги кунда мамлакатимиз сарҳадларидаги “Дўстлик”, “Олот”, “Айритом”, “Сариосиё” чегара божхона комплекслари, “Яллама”, “Навоий”, С.Нажимов”, “Ойбек”, “Хўжайли”, “Довут-ота” чегара божхона постларида ва “Ғалаба”, “Каракалпакия” темир йўл чегара божхона постлари ҳамда “Арк булоқ” ташқи иқтисодий фаолият божхона постида бу каби инспекцион-кўрик мажмуаларидан самарали фойдаланиб келинмоқда.

3.08.2018

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг