Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Коррупцияга қарши кураш – барчамизнинг мақсадимиз бўлиши шарт!
121
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев томонидан халқимиз азалдан юксак қадрлаб келадиган адолат туйғусини ҳаётимизда янада кенг қарор топтириш масаласига биринчи даражали вазифа эканига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Коррупцияга қарши кураш – барчамизнинг мақсадимиз бўлиши шарт!

Хусусан, 2017 йил 4 январдан Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонуни кучга киргани муҳим қадам бўлди. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан қабул қилинган мазкур қонун коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги ҳуқуқий муносабатларни тартибга солишда муҳим ҳуқуқий асос яратди. Бу давлат органлари, ташкилотлар ва фуқаролик жамияти институтлари томонидан амалга оширилаётган коррупцияга қарши чора-тадбирлар самарадорлигини оширишга хизмат қилади. Жамият ҳаётининг барча соҳаларида коррупциянинг намоён бўлишига йўл қўймаслик, фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш орқали жамиятда коррупциянинг барча шаклларига нисбатан муросасиз муносабат қарор топади.

Жумладан, 34-моддадан иборат қонунда, аввало, коррупция билан боғлиқ тушунчалар берилган.       

Коррупция – шахснинг ўз мансаб ёки хизмат мавқеидан шахсий манфаатларини ёхуд ўзга шахсларнинг манфаатларини кўзлаб моддий ёки номоддий наф олиш мақсадида қонунга хилоф равишда фойдаланиши, бундай нафни қонунга хилоф равишда тақдим этишидир.
Қонунда коррупцияга қарши курашиш бўйича давлат сиёсатининг асосий принциплари ва йўналишлари мустаҳкамланган. Унга кўра, қонунийлик, фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларининг устуворлиги, очиқлик ва ошкоралик, тизимлилик, давлат ва фуқаролик жамияти институтларининг ҳамкорлиги, коррупциянинг олдини олишга доир чора-тадбирлар устуворлиги, жавобгарликнинг муқаррарлиги коррупцияга қарши курашишнинг асосий принципларидир.

Коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари сирасига аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш киради. Давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида коррупциянинг олдини олишга доир чора-тадбирлар амалга оширилади.

Коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни ўз вақтида аниқлаш, уларга чек қўйиш, уларнинг оқибатларини, уларга имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни содир этганлик учун жавобгарликнинг муқаррарлиги принципини таъминлаш ҳам шулар жумласидандир.

Қонунда коррупцияга қарши курашувчи ваколатли органлар сифатида Давлат божхона қўмитаси, Бош прокуратура, Давлат хавфсизлик хизмати, Ички ишлар, Адлия вазирлиги, Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти коррупцияга қарши курашиш фаолиятини бевосита амалга оширувчи давлат органлари ҳисобланади.  Қонунга мувофиқ коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни қонун ҳужжатларига асосан бошқа давлат органлари ҳам амалга ошириши мумкин.

Давлат божхона қўмитасида ходимларни ноқонуний хатти-ҳаракатлари олдини олиш ва аниқлаш, улар ўртасида коррупцион жиноятларга қарши курашиш бўйича Ўз хавфсизлик бошқармаси ва унинг жойлардаги гуруҳлари ташкил этилган.

Бошқарманинг асосий вазифаси, божхона органлари ходимларини хизмат ва ижро интизомига риоя қилишларини назорат қилиш, улар томонидан ноқонуний ҳамда коррупцион хатти-ҳаракатларни содир этилишини олдини олиш ва уларга чек қўйиш этиб белгиланган.

Ҳозирги кунда Сирдарё вилояти божхона бошқармаси Ўз хавфсизлик гуруҳи томонидан бошқарма аппарати ва постларида коррупцияга қарши курашиш бўйича мунтазам равишда тадбиркорлар ҳамда фуқаролар билан семинарлар, очиқ мулоқотлар ташкил қилиниб, тадбирларда ушбу йўналишга тегишли аноним сўровномалар ўтказилиб, таҳлил олиб борилмоқда. Шахсий таркиб орасида тамагирлик, хизмат интизоми ва қонунчиликни бузилиши каби салбий ҳолатларни олдини олиш борасида ходимлар ва оила аъзолари билан индувидуал профилактик суҳбатлар олиб борилмоқда.

Ушбу муҳим йўналишда бошқарма ва ваколатли идоралар билан ҳамкорликда ишлар тизимли равишда давом эттирилмоқда.

                                                                 

 

18.09.2019

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг