Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
ДБҚ Баёноти: "Айрим ижтимоий тармоқларда халқаро курьерлик жўнатмаларининг божхона расмийлаштируви бўйича чоп этилган мақола юзасидан МУНОСАБАТ"
526
Ўзбекистон Республикаси Божхона кодексининг 166-моддасига асосан халқаро курьерлик жўнатмалари орқали юбориладиган ҳамда божхона чегарасидан олиб ўтиладиган товарлар божхона назоратидан ўтиши керак.

Халқаро курьерлик жўнатмалари божхона назоратини амалга оширмасдан қабул қилувчиларга берилиши ёки божхона ҳудудидан ташқарига жўнатилиши мумкин эмас.

2016 йилдан буён халқаро почта ва курьерлик жўнатмаларининг божхона назорати “Бошпочтамт” божхона пости томонидан икки манзилда амалга ошириб келинмоқда.

Халқаро курьерлик жўнатмаларининг ҳажми йил сайин ортиб бормоқда. Рақамларга мурожаат этсак, 2016 йилда 2 минг 703 тонна бўлган бўлса,
2018 йилда 7 минг 463 тоннани ташкил қилди. Жорий йилнинг ўтган 7 ойида эса бу кўрсаткич 4 минг 144 тоннага етди.

“Ўзбекистон почтаси” акциядорлик жамиятининг “Халқаро почта” филиалида жой етишмаслиги сабабли, халқаро курьерлик жўнатмаларини божхона назоратидан ўтказиш учун бошқа жой тайинланиши бўйича таклиф киритилган.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил
19 июлдаги ПҚ-3873-сонли қарорига асосан халқаро курьерлик жўнатмаларини божхона назорати ва расмийлаштируви Тошкент халқаро аэропортига яқин ҳудудда жойлашган (тахминан 1 км) “СПТ Почта” МЧЖ биносида ҳамда Навоий халқаро аэропортида амалга оширилиши йўлга қўйилган.

Таъкидлаш ўринлики, “СПТ Почта” МЧЖ томонидан халқаро курьерлик жўнатмаларини божхона назорати ва расмийлаштирувидан ўтказиш учун мўлжалланган барча шароитларга эга бўлган янги замонавий терминал қуриб фойдаланишга топширилган.

Аммо Навоий халқаро аэропорти ҳудудида жойлашган бинода халқаро курьерлик жўнатмаларини божхона назоратидан ўтказиш учун шарт-шароитлар яратилмаган ва бу ташқи иқтисодий фаолият қатнашчиларига кўплаб ноқулайликлар туғдирмоқда.

Шу сабабли бу ерга келаётган халқаро курьерлик жўнатмаларининг божхона назоратидан ўтказилиши вақтинча Тошкент шаҳрида жойлашган “Бош почтамт” ТИФ божхона постида амалга оширилмоқда.

Масаланинг яна бир жиҳати курьерлик ташкилотлари сони ортиб бораётганлиги (ҳозирги пайтда 120 тадан ортди) ва уларнинг айримлари томонидан ноқонуний фаолият билан шуғулланиш ҳолатлари аниқланаётганлигидир.

Улар томонидан олиб келинаётган курьерлик жўнатмаларининг аксарияти (70 фоиздан ортиғи) янги кийим-кечаклар ва оёқ кийимларни ўртача 20-30 килограммлик каробкаларга ҳар хил шахслар номига юборилаётганлиги маълум бўлмоқда. Улар ҳудудимизга киритилганидан сўнг, “номаълум жой”ларда тўпланиб, қайта жамланиб, ички бозорларга сотиш учун тарқатилмоқда. 2019 йил 8 ойида курьерлик ташкилотлари томонидан товар моддий бойликларини ноқонуний ўтказиш билан боғлиқ 615 миллион сўмлик 126 та (6 та жиноий иш) ҳолат аниқланди.

Давлат божхона қўмитаси тизимида курьерлик ташкилотлари фаолиятига ҳеч қандай ноқонуний тўсиқлар қўйиш ҳолатлари мавжуд эмас. Аксинча аҳолига қулайлик яратиш, бу турдаги фаолият йўналишларини амалга оширувчиларга қонунчилигимиз асосида хизматлар кўрсатиб келинмоқда. Хусусан, улар томонидан олиб келинган жўнатмаларнинг тижорат мақсадида деб топилган товарлар бўйича 2019 йилнинг 8 ойида 37,6 миллиард сўм божхона тўловлари ундириб, давлат бюджетига ўтказилган.

 

Давлат божхона қўмитаси

19.09.2019

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг