Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Давлат божхона қўмитаси ижтимоий тармоқларда тарқалган хабар юзасидан муносабат билдиради
1053
Жорий йил 24 сентябрь куни ижтимоий тармоқларда “Ғишткўприк” чегара божхона постида жорий йилнинг 17 сентябрига ўтар кечаси автотранспорт воситаларини текширишга 1-1,5 соат вақт сарфлангани ва постда машиналар йиғилиб қолганига доир хабарлар тарқатилди.
Давлат божхона қўмитаси ижтимоий тармоқларда тарқалган хабар юзасидан муносабат билдиради

Давлат божхона қўмитасининг ахборот тизимларидан олинган маълумотларга кўра, 2019 йил 17 сентябрь куни “Ғишткўприк” чегара божхона пости орқали жами 613 та, 18 сентябрь куни 576 та енгил автотранспорт воситалари ҳаракатланган. Жумладан, қўшни давлатдан ушбу кунлари республикамизга жами 567 та енгил автомашиналар кириб келган. Бу жараёнда ҳар бир автотранспорт воситасининг божхона расмийлаштируви учун ўртача 4-5 дақиқа вақт сарфланган.

Хусусан, жорий йилнинг август ойида ушбу божхона пости орқали ҳаракатланган битта енгил автомашинанинг божхона расмийлаштирувига ўртача 4 дақиқа 52 сония сарфланган. Айтишимиз мумкинки, бу каби таҳлилий маълумотлар ҳар ой якуни бўйича Давлат божхона қўмитасининг расмий интернет саҳифасида эълон қилиб келинмоқда.

Хабарларда давлат рақами ечилган, ойнаси қорайтирилган автомашиналарнинг гўёки навбатсиз ўтгани маълум қилинган.

Видеокузатув тизимидан олинган тасвирлар орқали мазкур постда туси ўзгартирилган ойнали автомашиналарнинг ҳаракатланиши ўрганилганида, уларнинг навбатсиз ҳаракатланганлиги каби ҳолатлар кузатилмади.

Масалан, 17 сентябрь куни соат 23.31 да қўшни давлатга тегишли, ойнаси қорайтирилган “Lada 21713” русумли  автотранспорт воситаси кириб келган ва соат 23.40 да божхона расмийлаштирувидан ўтказилган. Бу вақт оралиғида автотранспорт ҳайдовчиси туси ўзгартирилган ойна учун божхона постида жойлашган банк шахобчасига 141 169,50 сўм миқдорида йиғим ҳам тўлаган бўлиб, жами 11 дақиқа вақт сарфланган.

Шу билан бирга, ўрганишлар натижасига кўра, 2019 йилнинг 16-18 сентябрь кунлари оралиғида пост орқали ҳисобдан чиқарилган ёки давлат рақами бўлмаган автотранспорт воситаларининг ҳаракати умуман кузатилмаганлиги маълум бўлди.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикасининг давлат чегараси орқали ўтказиш пунктларида чегара, божхона, санитария-карантин, фитосанитария ва ветеринария назоратини ташкил этиш тартибини такомиллаштириш тўғрисида” 1007-сон қарорида, Давлат чегараси орқали ўтадиган барча шахслар, транспорт воситалари ва товарлар чегара, божхона, санитария-карантин, фитосанитария ва ветеринария назоратидан ўтказилиши шартлиги белгилаб қўйилган ва ўз навбатида, чегара божхона постида фаолият олиб борадиган давлат назорати органлари томонидан ушбу талабга қатъий риоя этиб келинмоқда.

Шунингдек, барча чегара божхона постларида бўлгани каби “Ғишткўприк” чегара божхона постида ҳам фуқароларнинг қулай ҳаракатланишлари учун зарур шарт-шароитлар яратилган. Жумладан, ҳар бир кириш ва чиқиш йўналишларида ҳожатхоналар, имконияти чекланган шахслар ва қариялар учун махсус аравалар мавжуд.

Давлат божхона қўмитаси божхона органлари фаолиятига доир холис ва хаққоний хабарларни эълон қилишда оммавий ахборот воситалари, кенг жамоатчилик вакиллари билан ўзаро ҳамкорликка тайёр эканлигини маълум қилади.

Мурожаат учун қисқа рақамли ишонч телефони:  11-08

24.09.2019

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг