Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Ишчи гуруҳ вакиллари божхона постлари фаолияти билан танишди
154
Маълумки, мамлакатимизда саноат маҳсулотларини ишлаб чиқаришга алоҳида эътибор қаратилиб, тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Асосий эътибор, иш ўринларини кўпайтириб, аҳоли бандлигини таъминлаш мақсадида саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ва маҳсулот турларини кенгайтириш, аҳолининг истеъмол товарларига бўлган талабларни тўлиқ қондирилишига қаратилмоқда.
Ишчи гуруҳ вакиллари божхона постлари фаолияти  билан танишди

Шу билан бирга, республикамизда саноат маҳсулотларини ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш бўйича ягона тизим яратиш, тармоқ ва ҳудудларда ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш жараёнини жадаллаштиришга эътибор қаратилаётганини таъкидлаш жоиз. Ишлаб чиқариш қувватларидан тўлиқ ва самарали фойдаланиш орқали бутловчи буюмлар, эҳтиёт қисмлар ва материалларни ишлаб чиқаришни ўзлаштириш ҳамда саноатда кооперация алоқаларини кенгайтириш ва импорт ҳажмини оптималлаштириш асосий мақсадлардан бири ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 24 августдаги «Давлат ва хўжалик бошқаруви хамда маҳаллий ижроя ҳокимияти органларининг ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ва саноат тармоқларида кооперация алоқаларини жадаллаштиришнинг янги тизимини жорий этиш бўйича масъулиятини янада ошириш тўғрисида»ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида ҳоким ёрдамчиси раҳбарлигида маҳаллийлаштириш ва саноатда кооперация алоқаларини кенгайтириш масалалари бўйича доимий асосда фаолият кўрсатувчи ишчи гуруҳ ташкил этилиб, қарор талаблари билан аниқ вазифалар белгилаб берилган.

Ишчи гуруҳ аъзолари пойтахтимиздаги бир қатор ташқи иқтисодий фаолият божхона постларида бўлиб, амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишди.

Мазкур қарор билан Ишчи гуруҳ аъзоларини доимий фаолият юритишини таъминлаш, ҳар бир давлат идорасининг функционал вазифаларини аниқ тасдиқлаб бериш ва ижросини назорат қилиш чора-тадбирлари белгилаб берилган. Ишчи гуруҳ томонидан доимий тартибда маҳаллий маҳсулот ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва импортни оптималлаштириш бўйича тегишли чора-тадбирларни амалга ошириш, назоратни кучайтириш ва амалдаги қонунчиликка тегишли ўзгартиришлар, қўшимчалар киритиш бўйича таклифлар киритиб борилиши асосий вазифа этиб белгиланган.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги, шаҳар прокуратураси, Ички ишлар бош бошқармаси ва Божхона бошқармаси раҳбарларидан иборат Ишчи гуруҳ аъзолари дастлаб, “Тошкент-товар” ташқи иқтисодий фаолият божхона постида бўлишди. У ерда божхона ходимлари ва тадбиркорлар учун яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишдилар. Ишбилармонлар иштирокида саноатни жадал ривожлантириш, маҳаллийлаштириш кўламини ошириш ва кенгайтириш масалаларига бағишланган давра суҳбати ташкил этилди ҳамда уларнинг фикрлари тингланди.

 “Чуқурсой” ташқи иқтисодий фаолият божхона постига ташриф чоғида тайёр маҳсулотлар, бутловчи буюмлар, хом-ашё ва материалларнинг янги турларини ўзлаштиришга қаратилган ишлар таҳлил қилиниб, бу борада учраётган айрим муаммолар атрофлича ўрганилди.

Мамлакатимизда фаол инвестиция сиёсати юритилаётгани, ташқи савдо ва валюта операциялари эркинлаштирилгани натижасида соғлом рақобат муҳити, ҳақиқий бозор иқтисодиёти шаклланаётгани қайд этилди.

 “Highway Logistics Center” транспорт логистика комплекси  ҳудудида жойлашган “Арк булоқ” ташқи иқтисодий фаолият божхона постидаги учрашув чоғида бугунги кундаги долзарб масалаларга алоҳида эътибор қаратилди. Бу борада экспортбоп ва импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқариш, юқори қўшилган қиймат яратишга йўналтирилган саноат сиёсатини юритиш зарурлиги таъкидланди.

“Сергели” ташқи иқтисодий фаолият божхона постида бўлган Ишчи гуруҳи аъзолари мавжуд хомашё ва имкониятлардан самарали фойдаланган ҳолда, маҳаллийлаштириш кўламини кенгайтириш масаласига тўхталиб ўтишди.

Маълумки, “Сергели” ташқи иқтисодий фаолият божхона пости “UZTEX TASHKENT” қўшма корхонаси маъмурий биносида жойлашган. Ишчи гуруҳ аъолари бу ерда корхона фаолияти билан ҳам танишиб, саноат тармоқларида кооперация алоқаларини жадаллаштиришнинг янги тизимини жорий этиш бўйича бир қатор таклиф ва мулоҳазаларни билдириб ўтишди.

Амалга оширилаётган ишлардан кўзланган асосий мақсад мамлакатимиз иқтисодиёти ривожига муносиб ҳисса қўшиш, юзага келаётган муаммоларни бартараф этишдан иборат.

 

 

30.09.2019

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг