Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Давлат божхона қўмитаси ижтимоий тармоқларда тарқалган хабар юзасидан муносабат билдиради
970
Жорий йил 1 октябрь куни ижтимоий тармоқларда Қозоғистон Республикасининг “Тажен” чегара божхона постидан Қорақалпоғистон Республикаси “Даут-ота” чегара божхона постига киришда 40 та “фура” тирбандлик сабабли навбатда турганлиги тўғрисида хабарлар тарқатилди.
Давлат божхона қўмитаси ижтимоий тармоқларда тарқалган хабар юзасидан муносабат билдиради

Ушбу хабарлар бўйича Давлат божхона қўмитаси қуйидагиларни маълум қилади.

Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси “Даут-ата” чегара божхона пости томонидан тирбандликларни олдини олиш мақсадида, сентябрь ойининг сўнгги кунларида республикамизга кириш йўналишида ҳаракатланувчи юк автотранспорт воситаларини божхона назорати ва расмийлаштируви барча куч ва воситалар сафарбар қилинган ҳолда амалга оширилмоқда.

Божхона чегараси орқали ҳаракатланган автотранспорт воситалари сони таҳлил қилинганда, сентябрь ойи якуни бўйича уларнинг ҳаракати ўтган даврга нисбатан кескин ошганлиги кузатилди.

Бугунги кунда республикамизнинг чегара божхона постлари орқали кунига ўртача 130 минг фуқаро, 6 000 тага яқин автотранспорт воситалари ҳаракатланаётган бўлиб, шундан 2 300 ­таси юк автотранспорт воситалари, 3 700 таси эса енгил автотранспорт ва автобусларни ташкил этади.

Биргина, “Даут-ота” чегара божхона пости орқали сентябрь ойи бошида ҳар куни ўрта ҳисобда 150 та юк автотранспорт воситалари божхона расмийлаштирувидан ўтказилган бўлса, 26-30 сентябрь кунлари давомида ҳар куни ўрта ҳисобда 230 та юк автотранспорт воситалари божхона расмийлаштирувидан ўтказилган.

Ўз ўрнида, таъкидлаб ўтишимиз лозимки, божхона пости орқали ўтиш учун келган автотранспорт воситалари замонавий назорат-техник воситалардан самарали фойдаланган ҳолда тезкорлик билан, ҳеч бир монеликсиз ва сунъий тўсиқларсиз божхона назоратидан ўтказилмоқда.

Таъкидлаш жоизки, чегара божхона постларида автотранспорт воситлари тирбандлиги ҳолатларини олдини олиш мақсадида божхона органлари томонидан барча зарур чоралар кўрилмоқда. Бу масалада қўшни давлатлар божхона хизматлари билан ҳам ҳамкорликда ишлар ташкиллаштирилган.

Айтишимиз мумкинки, сутка давомида ҳаракатланган автотранспорт воситалари бўйича маълумотлар  интернет тармоғидаги Давлат божхона қўмитасининг www.bojxona.uz расмий сайтига реал вақт режимида жойлаштириб борилмоқда.

Давлат божхона қўмитаси божхона органлари фаолиятига доир холис
ва ҳаққоний хабарларни эълон қилишда оммавий ахборот воситалари, кенг жамоатчилик вакиллари билан ўзаро ҳамкорликка тайёр эканлигини маълум қилади.

Мурожаат учун қисқа рақамли ишонч телефони:  11-08

1.10.2019

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг