Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Байрамингиз муборак бўлсин, азиз устозлар!
65
1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни! Шу куни бизга сабоқ берган, ҳаёт сўқмоқларидан одимлаб боришимизда устозлик қилган ва бу вазифани айни пайтда ҳам шараф билан бажариб келаётган инсонларни касб байрамлари билан табриклашга ошиқамиз.
Байрамингиз муборак бўлсин, азиз устозлар!

Албатта, ҳар биримиз исталган соҳада меҳнат қилмайлик, устоз ва мураббийларга эҳтиёж сезамиз. Аввалига мактабгача таълим муассасаси, кейин мактаб, навбати билан олий ўқув юртида ва қолаверса хизмат фаолияти давомида устозлардан сабоқ оламиз.

Ўқитувчи ва мураббийларнинг касб байрами муносабати билан Самарқанд шаҳар 77-сон мактабгача таълим муассасасида вилоят божхона бошқармаси ходимлари томонидан “Устозлар, сизга таъзим” мавзусида маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.

Тадбирда вилоят божхона бошқармаси Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар гуруҳи инспектори Ғ.Сатторов сўзга чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Халқ таълими тизимидаги педагог ходимларнинг ижтимоий мавқеини янада оширишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарорининг мазмун-моҳияти тўғрисида тўхталиб ўтди.

Қарорда халқ таълими муассасаларида фаолият олиб бораётган педагог кадрларни моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, уларнинг ижтимоий мавқеини ошириш, янада самарали меҳнат қилиши учун зарур шарт-шароитлар яратиш энг долзарб вазифалардан бири эканлиги қайд этилганини таъкидлаб ўтди.

Халқимизнинг устоз отангдек улуғ, деган пурҳикмат нақлида ҳам ўқитувчи ва мураббийларга бўлган самимий эҳтиром намоён. Бу байрам, аввало, ўзининг билим ва тажрибаси, истеъдод ва маҳорати, инсоний фазилатларини, кўз нури ва қалб қўри, бутун борлиғини аямасдан, маърифат йўлида беминнат хизмат қиладиган устоз ва мураббийларимизга нисбатан халқимизнинг азалий ҳурмат-эҳтиромининг яққол намунасидир.

Тадбирда мамлакатимиз келажаги бўлган ёш авлодни ҳар томонлама баркамол инсон этиб тарбиялашда самарали меҳнати, таълим соҳасидаги давлат сиёсатини амалга оширишдаги фаоллиги ҳамда касбига бўлган садоқати учун III-ўрта гуруҳ тарбиячиси Феруза Тиллаевага байрам совғаси ва “Ташаккурнома” топширилди.

Шунингдек, бу йилги байрам тантаналари Навоий вилоятида ҳам ўзгача шукуҳда бўлиб ўтди.

Байрам муносабати билан вилоят божхона бошқармаси ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят Кенгаши ҳамкорлигида “Сиз улуғ ва муқаддассиз – азиз устозлар!” лойиҳаси ўтказилди. Лойиҳа давомида мактаб ва мактабгача таълим муассасаларида узоқ йиллар мобайнида ўқувчи-ёшларга таълим-тарбия бериб, бугунги кунда кексалик гаштини сураётган устоз ва мураббийлар ҳолидан хабар олиниб, улар билан самимий суҳбат уюштирилди. Суҳбат давомида устоз ва мураббийлар томонидан узоқ меҳнат фаолияти давомида бўлган қизиқарли воқеалар, шунингдек, бугунги кунда ҳаётда ўз йўлини топиб, юксак муваффақиятларга эришган шогирдлар ҳақида қувонч билан ҳикоя қилинди. Албатта, устоз учун ўқувчисининг камолини кўришдан-да ортиқ бахт йўқ.

“Устознинг умри – мангу, чунки шогирдлар умри унга уланади”, – дейишади. Фурсатдан фойдаланиб, юртимиздаги барча ўқитувчи ва мураббийларни бугунги байрам билан қутлаймиз.

1.10.2019

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг