Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Cоҳадаги ислоҳотлар тараққиётга хизмат қилади
241
Божхона органлари фаолияти самарадорлигини янада ошириш мақсадида тизимда олиб борилаётган ислоҳотлар мамлакатимиз тараққиётига хизмат қилмоқда.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 12 апрелдаги “Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона хизмати органларининг фаолиятини тубдан такомиллаштириш тўғрисида” ПФ-5414-сонли Фармони ҳамда “Давлат божхона хизмати органларининг фаолиятини ташкил этиш тўғрисида” ПҚ-3665-сонли қарори соҳада туб бурилиш ясади.

Ушбу Фармон ва Қарор билан умумэътироф этилган халқаро норма ва стандартларни жорий этиш ҳамда янги илғор инновацион услубларни қўллаган ҳолда божхонани соддалаштирилган шаффоф тизимга айлантиришнинг устувор йўналишлари белгилаб берилди.

Божхона тизимида олиб борилаётган ислоҳотларни мувафаққиятли амалга оширилишини таъминлаш мақсадида, 2018 йил 24 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Божхона маъмурчилигини такомиллаштириш ва Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ПФ-5582-сонли Фармони  қабул қилинди.

Мазкур фармоннинг имзоланиши тарихий ҳужжат бўлиб, божхона органлари тизимида йиллар давомида кутилган орзулар, муаммолар ечимини топди.

Фармонга биноан эндиликда 2019-2021 йиллар давомида босқичма-босқич тарзда Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармасининг “Доут-ота”, Тошкент вилояти божхона бошқармасининг “Яллама”, “С.Нажимов”, “Ғишткўприк”, “Ойбек”, Андижон вилояти божхона бошқармасининг “Дўстлик”, “Маданият”, Бухоро вилояти божхона бошқармасининг “Олот” ҳамда Фарғона вилояти божхона бошқармасининг “Ўзбекистон” божхона постларига туташ жойларда давлат-хусусий шериклик асосида замонавий божхона терминаллари бунёд этилади.

Келгусида мазкур божхона терминалларининг барчасида жами ҳисобда кунига 3,4 мингдан ортиқ авторанспорт воситасини ўтказиш имкониятига эришилади.

Фармон билан соҳада Хавфларни автоматлаштирилган бошқариш тизими амалиётга жорий этилди. Товар ва транспорт воситалари учун ҳам божхона назоратида махсус йўлаклар жорий этилди.

Шунингдек, юридик шахслар томонидан мева-сабзавот маҳсулотлари экспортини амалга оширишда “Хавфни бошқариш”ахборот тизими орқали  товарлар партиясининг асосий қисмини “Яшил” йўлак орқали божхона кўриги ўтказилмасдан расмийлаштирув амалга оширилиши йўлга қўйилди.

 Бундан ташқари, божхона расмийлаштирувида талаб этиладиган ортиқча ҳужжатлар ҳамда рухсат берувчи тартиб-тамойиллар бекор қилиниши натижасида тадбиркорларнинг сарсон бўлишига чек қўйилди. Жумладан, божхона расмийлаштирувига доир 10 турдаги рухсат бериш тартиб-таомиллари бекор қилинди.

Ташқи иқтисодий фаолият билан шуғулланувчи тадбиркорларга божхона брокерларига мурожаат қилмасдан божхона юк декларацияларини Интернет тармоғи орқали реал вақт режимида тўлдириш ва божхона органларига тақдим этиш ҳуқуқи берилди.

Божхона расмийлаштируви ва назоратини содаллаштириш мақсадида 17 та  ахборот тизимлари ва 4 та интерактив хизматлар жорий этилди.

Айни пайтда давлат божхона хизмати органлари томонидан «Ягона дарча» божхона ахборот тизими ишлаб чиқилмоқда.

 Ушбу ахборот тизими экспорт-импорт операцияларини амалга оширишда ортиқча қоғозбозлик ва бюрократик тўсиқларнинг олиб ташланишига хизмат қилади.

 Мазкур тизимнинг ишга туширилиши натижасида ташқи иқтисодий фаолиятга тааллуқли ҳужжатлар стандартлаштирилган маълумотлар ягона ўтказиш каналидан фойдаланган ҳолда тақдим этилади, ташқи савдо битимларига доир барча ахборотлар алмашинувида махфийлик ва хавфсизлик таъминланади.

Тадбиркорлик субъектлари рухсат этувчи ҳужжатларни расмийлаштиришнинг босқичларини масофадан кузатишлари мумкин бўлади.

 Божхона қонунчилигини халқаро стандартларга мувофиқлигини таъминлаш, ташқи савдо қатнашчиларига қулай ҳуқуқий шарт-шароитлар яратиш мақсадида манфаатдор вазирлик ва идораларнинг етакчи мутахассислари, халқаро экспертлар иштирокида Ўзбекистон  Республикаси Божхона кодексининг янги таҳрирдаги лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Божхона кодексининг янги таҳрирдаги лойиҳасида божхона қонунчилигини эркинлаштириш, божхона тартиб-таомилларини соддалаштириш ва шаффофлигини таъминлаш, нормаларни қабул қилишда барча учун тушунарли ва турлича талқин қилиш имкониятини истисно этишга, ташқи иқтисодий фаолият қатнашчилари томонидан божхона қонунчилигига риоя этилишининг рағбатлантириш механизмини яратишга эътибор қаратилди.

                 

                 

5.10.2019

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг