Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Экспортга яратилаётган қулайликлар унинг салоҳиятини тобора оширмоқда
109
Бугунги кунда мамлакатимизда давлат ва жамиятнинг ҳар томонлама ва жадал ривожланиши учун шарт-шароитлар яратиш, мамлакатимизни модернизация қилиш ҳамда ҳаётнинг барча соҳаларини либераллаштириш бўйича ислоҳотлар олиб борилмоқда.
Экспортга яратилаётган қулайликлар унинг салоҳиятини тобора оширмоқда

Жумладан, ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари учун қулай шарт-шароитлар яратиш ва кенг имкониятлар бериш мақсадида, қуйидаги талаблар бекор қилинди:

– давлат божхона хизмати органлари томонидан бериладиган 10 турдаги рухсатномалар;

– барча товарлар бўйича экспорт шартномаларини давлат божхона хизмати органларида рўйхатидан ўтказиш;

– экспорт қилинаётган мева ва сабзавот маҳсулотларини мажбурий божхона кўригидан ўтказиш (божхона қонунчилигининг бузилиши хавфи аниқланган ҳолатлар бундан мустасно);

– экспорт товарлари (хом-ашё маҳсулотларидан ташқари) бўйича олдиндан тўлов амалга оширилганлиги ёки банк кафолати, суғурта полиси, аккредитив очилганлиги тўғрисидаги маълумотлар тақдим этиш.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси томонидан экспортёрларга қуйидаги имтиёзлар тадбиқ қилинмоқда:

– тижорат банкларининг экспорт олди кредитлари, шу жумладан айланма маблағларни тўлдириш учун берилган кредитлари бўйича фоиз харажатларини қоплашга, миллий валютадаги кредитлар бўйича — Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг қайта молиялаш ставкасидан ошган қисмида, бироқ 10 фоизлик пунктдан кўп бўлмаган миқдорда, хорижий валютадаги кредитлар бўйича — тижорат банклари томонидан белгиланган ставканинг 40 фоизи, бироқ 4 фоизлик пунктдан ошмаган миқдорда компенсация тақдим этилади;

– тижорат банкларининг кредитлари, шу жумладан экспорт олди кредитлари бўйича кредит суммасининг 50 фоизигача, бироқ 4 миллиард сўмдан ошмаган миқдорда кафиллик берилади.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 24 майдаги “Экспорт фаолиятини молиялаштириш ва суғурта ҳимояси механизмларини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4337-сонли қарорида келтирилган иловага мувофиқ маҳаллий экспорт қилувчи корхоналар (уларнинг ваколатли вакиллари)га айрим турдаги маҳсулотларни экспорт қилишда темир йўл транспортида ташиш харажатларини 50 фоизигача миқдорда компенсация қилишга субсидиялар тақдим этиш механизми жорий қилинди.

Шу билан бирга, Солиқ кодексининг 212-моддасига асосан товарларни чет эл валютасида экспортга реализация қилиш (қимматбаҳо металлар бундан мустасно) айланмасига ноль даражали ставка бўйича қўшилган қиймат солиғи солинади, яъни экспортга чиқариладиган товарлар учун ҳисобланган қўшилган қиймат солиғи экспорт қилувчи ташкилотларга қайтариб берилади.

Мазкур, ижобий ўзгаришлар ва Давлатимиз томонидан экспортга қаратилаётган эътибор ўз самарасини бермоқда. Хусусан, жорий йилнинг 9 ойи давомида Сурхондарё вилояти ташқи иқтисодий фаолият божхона постлари орқали 230,4 миллион АҚШ доллари қийматидаги маҳсулотлар экспорт қилинди, бу эса ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 119 фоизга ёки 125,2 миллион АҚШ долларга ошган. Экспортда ҳажми ўсган асосий маҳсулотлар қуйидагиларга тўғри келади:

- Мева-сабзавот маҳсулотлари экспорти 56  миллион АҚШ долларига;

- Калава ип маҳсулоти экспорти 36,3  миллион АҚШ долларига;

- Табиий қазилма маҳсулотлари экспорти 22,8  миллион АҚШ долларига;

- Озиқ-овқат маҳсулотлари экспорти 7,7  миллион АҚШ долларига;

- Фармацевтика маҳсулотлари экспорти 4,4  миллион АҚШ долларига ошган.

Жорий йилнинг 9 ойи мобайнида вилоятдан экспорт қилинган маҳсулотларни асосан қуйидаги мамлакатлар импорт қилган:

- Афғонистон Ислом Республикаси 69,1 миллион АҚШ доллари миқдорида;

- Покистон Ислом Республикаси 57,9 миллион АҚШ доллари миқдорида;

- Хитой Халқ Республикаси 39,2 миллион АҚШ доллари миқдорида;

- Қозоғистон Республикаси 29,6 миллион АҚШ доллари миқдорида.

Рақамлардан кўриниб турибдики, вилоятнинг экспорт салоҳияти кундан-кунга ортиб бормоқда. Мазкур ижобий ўсишларга вилоят божхона бошқармаси ҳам ўз ҳиссани қўшмоқда. Ҳозирда, бошқарманинг “Термиз”, “Денов”, “Жарқўрғон”, “Дарё порти” ташқи иқтисодий фаолият божхона постлари томонидан экспорт қилинаётган товарларнинг божхона расмийлаштируви куннинг исталган қисмида тез фурсатларда амалга оширилмоқда. Бундан ташқари, вилоят божхона бошқармаси раҳбарияти ва божхона постлари томонидан доимий тарзда “Божхоначи-тадбиркор таянчи” шиорида, жойларда тадбиркорлар билан учрашувлар ўтказилиб, ваколат доирасида амалий ёрдам кўрсатилаяпти.

11.10.2019

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг