Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Интеллектуал беллашувда божхоначилар ғалаба қозонишди
151
Туркий тилнинг нақадар гўзал, жуда бой тил эканини улуғ бобокалонимиз Алишер Навоий бутун жаҳонга исботлаб берди.
Интеллектуал беллашувда божхоначилар ғалаба қозонишди

Абдурауф Фитрат айтганидек: "Навоий туркий тилининг адабий ҳамда бой тил эканини билдирмак учун ўз "Муҳокамат-ул луғатайн” деган асарини ёзиб чиқарди.” Туркийдаги бетакрор ғазалу рубойилари, ўлмас "Хамса” асари Навоийни сўз мулкининг султони юксак эътирофга сазовор қилди. Чунки ҳеч бир шоир, Алишер Навоий каби ўзбек тил тараққиётига, унинг бутун дунёга танитишдек буюк заҳматни амалга ошира олмади. Айнан, Навоий ўзбек тилида 26035 сўзни қўллаб, Шекспирдан 6 мингта, Жомийдан 10 мингта Пушкиндан 5 мингтадан ортиқ сўз ишлатди. Навоийдан сўнг Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Бобо Машраб, Зокиржон Холмуҳаммад ўғли Фурқат, Турди Фароғий, Муқимийлар ҳам эски ўзбек тили тараққиётига беқиёс катта ҳисса қўшдилар.

Айни кунларда 21 октябрь – Ўзбек тилига Давлат тили мақоми берилган кун муносабати мамлакатимизнинг барча ҳудудларида турли адабий кечалар, давра суҳбатлари, байрам тадбирлари ўтказилиши бошлаб юборилган.

Жумладан, Сурхондарё вилояти божхона бошқармаси ходимлари,  вилоят телевиденияси томонидан “21 октябрь юртимизда ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганлигининг 30 йиллиги” муносабати билан ташкил этилган “Заковат салтанати” интеллектуал теле ўйинида иштирок этишди. Беллашув қизғин тарзда ўтказилиб унда барча йўналишлар бўйича ва ўзбек тили адабиётидан тузилган қизиқарли саволларга бой бўлди.

 Унда вилоят божхона ходимларидан ташкил топган “Божхоначилар” жамоаси “Заковат экспертлари”ни 32:23 ҳисобида мағлубиятга учратиб ғолибликни қўлга киритишди.

Бу каби ташкил этиладиган беллашувлар божхона ходимларининг дунёқарашини ва она тилимиз ҳақидаги   билимларини бойитиб, уларни  ўз устиларида янада ишлашга ундайди, десак адашмаган бўламиз.

Бир сўз билан айтганда, тил – миллатнинг маънавий бойлиги. Тил нафақат муомала воситаси, халқнинг маданияти, урф-одати, унинг турмуш тарзи, тарихидир. Ўз тилини йўқотган ҳар қандай миллат ўзлигидан жудо бўлади. Шундай экан, ўзбек тилини ҳурмат қилиш ва сақлаб қолиш, ҳар биримизнинг фуқаролик бурчимиздир.

14.10.2019

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг