Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишда импорт маҳсулотлар сифатига муҳим эътибор қаратилмоқда
133
Бугун Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида “Аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишда импорт маҳсулотлар сифатига эътибор қаратиш:маҳаллий маҳсулотларнинг ҳамёнбоплиги ва аҳоли талабларига мослигини истеъмолчиларга тушунтириш” мавзусида матбуот анжумани ўтказилди.
Аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишда импорт маҳсулотлар сифатига муҳим эътибор қаратилмоқда

Матбуот анжуманида Давлат божхона қўмитаси, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати Бош бошқармаси, Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш  жамиятлари федерацияси, “Ўзстандарт” агентлиги, Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси, Монополияга қарши қарши курашиш қўмитасининг масъул ходимлари ва журналистлар иштирок этишди.

Тадбирда иштирок этган ДБҚ Божхона экспертизаси ва Ташқи иқтисодий фаолият товар номенклатурасини юритиш бошқармаси бошлиғи ўринбосари О.Ҳасанов матбуот анжумани иштирокчиларига мазкур  йўналишда божхона органлари томонидан амалга оширилаётган ишлар тўғрисида батафсил маълумот берди. 

Тадбирда таъкидланганидек, божхона органлари республикамизга импорт қилинаётган товарларни хавфсизлигини таъминлашни тегишли вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда амалга оширади.

Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг 1997 йил 30 августдаги “Озиқ-овқат маҳсулотининг сифати ва хавфсизлиги тўғрисида”ги Қонунига асосан озиқ-овқат маҳсулотининг сифати ва хавфсизлигини таъминлаш соҳасидаги давлат бошқаруви Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Давлат санитария-эпидемиология хизмати, Ўзбекистон Республикаси Давлат ветеринария қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси, Ўзбекистон стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлиги ҳамда қонун ҳужжатлари билан белгиланадиган бошқа органлар томонидан амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунига асосан яроқлилик (сақлаш) муддатида товар фойдаланишга яроқли бўлиши ва у тамом бўлгач, товар одамлар ҳаёти ҳамда соғлиғи учун хавф туғдириши мумкинлиги, дори-дармон, озиқ-овқат ва маиший кимё товарларида уларнинг ишлаб чиқарилган санаси, яроқлилик муддати кўрсатилмаган товарларни реализация қилиш ман этилади.

Ўзбекистон Республикасига импорт қилинаётган озиқ-овқат маҳсулотларининг сифат кўрсаткичларига, санитария ва хавфсизлик талабларига мувофиқлиги эса сертификатлаш идоралари томонидан тақдим этиладиган рухсатнома ҳужжатлари асосида назорат қилинади.

Бунга кўра, товарлар табиатидан келиб чиқиб мувофиқлик, гигиеник, ветеринария, фитосанитария ва экология сертификатлари билан сертификатлаштирилади.

Импорт қилинаётган товарларни эркин муомалага чиқариш божхона режимига норматив ҳужжатларга асосан тегишли равишда давлат стандартлари ёки гигиеник, ветеринария, фитосанитария, экологик нормалар ва талаблар мавжуд бўлган тақдирда расмийлаштирилади.

Мисол учун, товарларни импорт қилишда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ташқи савдо операцияларини амалга ошириш билан боғлиқ тартиботларни либераллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 2012 йил 30 декабрдаги 379-сон қарори билан тасдиқланган гигиеник сертификация қилинадиган (санитария-эпидемиологик хулоса бериладиган) товарлар рўйхатига ҳамда “Сертификатлаштириш тартиботларини ва сифат менежмент тизимларини жорий этишни такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 2011 йил 28 апрелдаги 122-сон қарори билан тасдиқланган мажбурий тартибда сертификатланадиган, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ишлаб чиқариладиган ва унга олиб кириладиган товарлар рўйхатига киритилган маҳсулотнинг санитария-эпидемиологик хулосаси ва мувофиқлик сертификати бўлмаса эркин муомалага чиқариш божхона режимига расмийлаштирилмайди.

Ушбу товарлар рухсатнома ҳужжатисиз божхонада расмийлаштирилишини олдини олиш мақсадида ДБҚ ягона автоматлаштирилган ахборот тизими дастурларида тегишли органларнинг рухсатномасини текшириш имконини берувчи мантиқий назорат мажбурий рухсатнома тафсифлагичи (справочник) ишлаб чиқилиб, амалиётга жорий қилинган.

Мантиқий назоратда агар тегишли рухсатнома ҳужжати кўрсатилмаган бўлса Божхона юк декларациясини қабул қилмаслик ҳолати юзага келади.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил
23 апрелдаги ПҚ-4297-сон қарори билан Давлат божхона қўмитаси, “Ўзстандарт” агентлиги, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитасига “Ягона дарча” божхона ахборот тизимини (БАТ) ишлаб чиқиб бўйича топшириқ берилган.

Шу мақсадда тизимни синовдан ўтказиш ишларини ташкил этиш мақсадида дастлаб “Ягона дарча” БАТ www.singlewindow.uz сайтига жойлаштирилиб, мазкур тизимда хавфни бошқариш профиллари бўлими ҳам мавжуд.

“Ягона дарча” БАТнинг асосий интерфейсида тизим ҳақида қўшимча маълумотлар, экспертиза тўғрисидаги сўров жараёни, аризаларни тўлдириш шакллари, товарларнинг ТИФ ТН коди, божхона тарифи, рухсат берувчи ҳужжатлар, божхона режими, валюта курслари ҳақидаги маълумотлар, экспорт ва импорт учун иқтисодий индикаторлар, эълонлар ва савол-жавоблар каби қўшимча маълумотлар бўлимлари жорий қилинди.

Мазкур тизимни амалиётга жорий қилиш асосида рухсат бериш ҳужжатларини тақдим этишга ваколатли идоралар мажбурий тартибда ўзлари томонидан расмийлаштирилган рухсатнома ҳужжатларини бевосита ТИФ субъектларига сертификат ёки рухсатнома ҳужжатларини “Ягона дарча” божхона ахборот тизими ёрдамида тақдим этадилар.

Бу орқали эса ТИФ қатнашчиси учун қатор қулайликлар берилиши билан бирга, уларнинг вақтини ва молиявий харажатларни тежаш, бюрократик омиллардан халос бўлиш, ҳужжатларни тайёрлаш ва тақдим этишга янада камроқ вақт сарфлаш, бу жараёнда мантиқий назорат функциялари кўмагида турли хато ва камчиликлардан холи бўлиш каби қулайликларга эга бўлишади.

Шунингдек, “Ягона дарча” ахборот тизими тадбиркорлик субъектларига рухсатнома ҳужжатларини тартиб-таомиллардан ўтиш жараёнини интерактив кузатиш имконини беради.

Тадбиркорлик фаолияти эркинлигини янада ошишига ҳамда экспорт-импорт операцияларини амалга ошириш механизмини янада шаффофлигига эришилади.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг «Товарлар ва хизматларни сертификатлаш тўғрисида»ги ва «Озиқ-овқат маҳсулотларининг сифати
ва хавфсизлиги тўғрисида»ги қонунларини, ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорларини ижро этишда қонун ҳужжатларида кўрсатиб ўтилган давлат назорат идоралари билан ҳамкорликда амалга оширилган
чора-тадбирлар натижасида 2019 йилнинг 9 ойи мобайнида жами 2 219 та ҳуқуқбузарлик ҳолатлари бўйича умумий қиймати 19,77 млрд. сўмлик сифати кафолатланмаган товарлар ушлаб қолиниб, ички бозорга киритилишининг олди олинди.

Маълумки, илгарилари жисмоний шахслар томонидан қўшни давлатлардан 10 АҚШ долларигача миқдордаги товарларни божсиз олиб ўтишга рухсат этиларди.

Табиийки, тан олиш керак, бу миқдор юртдошларимизнинг шахсий эҳтиёжлари учун товар олиб киришларига етарли деб бўлмасди.

Муҳтарам Президентимизнинг қўшни давлатлар билан алоқаларни тобора мустаҳкамлаш борасида олиб бораётган фаол ислоҳотлари доирасида ушбу нормалар халқимиз манфаатларидан келиб чиқиб, янада оширилди.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Жисмоний шахслар томонидан божхона чегараси орқали товарларни олиб ўтишни янада тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида” 2018 йил 6 февралдаги ПҚ-3512 сон қарори билан жисмоний шахслар чегара-ўтказиш пунктлари орқали ўтганда – 300 АҚШ доллари миқдоридаги товарларни божхона тўловларисиз олиб киришга рухсат этилди.

Лекин, афсуски, ушбу имкониятдан, имтиёздан шахсий эҳтиёж учун эмас, балки тижорат мақсадида, моддий манфаат учун фойдаланишга уринишлар ҳолатлари ҳам йўқ эмас.

 Хўш, жисмоний шахслар томонидан тижорат мақсадида товарларни олиб кирмоқчи бўлсалар, бунинг қандай салбий оқибатлари мавжуд ?

Масалан, жисмоний шахслар чегара орқали совуткич ёки кондиционерларни имтиёзли норма билан, кейинчалик тижорат мақсадида республикага олиб киряпти. Бунда нима бўлади:

Биринчидан, ушбу совуткич ва кондиционерлар хавфсизлигини кафолатловчи мувофиқлик сертификатига эга бўлмайди, демак республикага сифати кафолатланмаган товар олиб кириляпти. Бу харидор, яъни охирги истеъмолчини хавфсиз бўлмаган товарга эгалик қилишига сабаб бўлади;

Иккинчидан, шу ҳолатдан келиб чиқиб, совуткич ёки кондиционер қисқа вақт ичида носоз ҳолга келди дейлик, уни ҳеч ким бепул ва кафолатли таъмирлаб бермайди, шунингдек мазкур жиҳоз расмий устахоналарда ҳам таъмирлаб берилмайди;

Учинчидан, совуткич ва кондиционерлар озон емирувчи моддалар, яъни фреонлар ёрдамида ишлайди, хукуматимиз қарорлари билан кўп турдаги фреонларни республикага олиб кириш тақиқланган. Бу норма Халқаро Монреал протоколи ва Вена конвенцияси асосида қабул қилинган. Бунга кўра Ўзбекистон халқаро мажбуриятларни олган, саволингизда назарда тутилган ҳолда мазкур товарларни республикага кириб келиши, Ўзбекистоннинг халқаро мажбуриятларини бажармаслигига, энг ёмони ер куррасини ҳимояловчи озон қатламини бузувчи моддаларни республикамизга кириб келишига сабаб бўлади;

Тўртинчидан, мамалакатимиздаги шу турдаги товарларни ишлаб чиқарувчилар ҳамда республикамизга барча божхона божларини тўлаб, тегишли текширувларни амалга оширгандан сўнг олиб кирилиб сотилаётган товарларни рақобатбардошлигига путур етказади, яъни бозорларда носоғлом савдо муҳити хосил бўлади.

Энди иккинчи мисол, озиқ-овқат маҳсулотларини кўрайлик.

Озиқ-овқат маҳсулотларининг асосий кўрсаткичлардан бири маҳсулотнинг хавфсизлиги ва безарарлиги ҳисобланади.

Озиқ-овқат маҳсулотларининг сифати эса уларнинг истеъмол хоссаларини белгилаб бериши ва унинг одамлар ҳаёти ва соғлиги учун хавфсизлигини таъминлаши зарур.

Озиқ-овқат маҳсулотларининг хавфсизлиги деганда, маҳсулотларининг санитария, ветеринария, фитосанитария нормалари ва қоидаларига мослиги тушунилади.

Ҳар бир озиқ-овқат маҳсулотларининг белгиланган ва талаб этиладиган сақлаш ва ташиш меъёрлари мавжуд.

Масалан, тез бузиладиган ва совутгичларда сақланадиган озиқ-овқат маҳсулотларига гўшт ва гўшт маҳсулотлари (колбаса, консерва), сут ва сут мҳсулотлари (ёгурт, пишлоқ, сарёғ), балиқ, тухум, қандолат ваҳоказо маҳсулотларини киритишимиз мумкин.

Ушбу маҳсулотларни ташишда санитария ва гигиена қоидаларига риоя этиш жуда муҳимдир. Чунки мазкур озиқ-овқат маҳсулотлари юқори ҳароратда сақланганда ёки ташилганда уларнинг таркибида микроорганизмларнинг ривожланиши кўпаяди ва инсон саломатлигига хавфлилик даражаси ортади.

Матбуот анжуманида журналистларга ушбу масалалар бўйича батафсил маълумот берилиб, мавзу юзасидан уларни қизиқтирган саволларга ҳам атрофлича жавоб қайтарилди. 

 

 

15.10.2019

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг