Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Термизда долзарб мавзуга бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди
1630
Қонун ҳужжатлари мазмун-моҳияти ва аҳамиятини аҳолига етказиш бўйича ишлар самарадорлигини ошириш мақсадида божхона органлари томонидан адлия идоралари билан ҳамкорликда турли тадбирлар амалга оширилмоқда.
Термизда долзарб мавзуга бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди

Хусусан, Сурхондарё вилояти божхона бошқармаси ва вилоят адлия бошқармаси билан ҳамкорликда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасида инвестиция муҳитини тубдан яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида” 2018 йил 1 августдаги Фармонининг мазмун-моҳиятига бағишланган матбуот анжумани ташкил қилинди.

Тадбирда вилоят адлия бошқармаси, ички ишлар, прокуратура, божхона органлари ходимлари, тадбиркорлар ва маҳаллий оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок  этишди.

Мазкур Фармон инвестиция муҳитини янада яхшилаш, тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб этишни рағбатлантириш ва инвесторлар билан ишлашда давлат тузилмаларининг масъулиятини ошириш мақсадида қабул қилинган бўлиб, унда чет эл инвесторлар учун қуйидаги қулайликлар кўзда тутилган:

Биринчидан, чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналар устав фондидаги хорижий инвестициялар улушининг энг кам миқдори 30 фоиздан 15 фоизгача туширилди.

Иккинчидан, чет эл инвестициялари иштирокидаги корхона иштирокчиларидан бири албатта хорижий юридик шахс бўлиши шартлиги ҳақидаги талаб бекор қилинди. Эндиликда ушбу шахс жисмоний шахс ҳам бўлиши мумкин. 

Учинчидан, чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналар устав фондининг энг кам миқдори 600 млн. сўмдан 400 млн. сўмгача камайтирилди.           

Тўртинчидан, чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналарни давлат рўйхатидан ўтказиш учун давлат божи миқдори 3 бараварга камайтирилди.

Бешинчидан, акциядорлик жамиятлари устав фондининг минимал миқдори 400 миллион сўм қилиб белгиланди.

Олтинчидан, экспорт контрактларини, шунингдек инвойс асосида ўтказиладиган мева-сабзавот маҳсулотларини “Ўзагроэкспорт” акциядорлик жамияти эълон қилган нархлардан паст бўлган нархлар бўйича тузишга рухсат берилди.

Еттинчидан, Иқтисодиётнинг устувор йўналишларига катта миқдорда инвестиция киритган чет эл фуқароларига “Фахрий фуқаро” унвонини бериш тартиби жорий этилди.

Тадбирда ташқи иқтисодиёт фаолияти қатнашчисига тўғри маслаҳат ва божхона расмийлаштируви бўйича қонуний таклифлар берилиши катта аҳамиятга эга эканлиги таъкидланиб, божхона қонунчилиги бузилишига доир ҳолатлар ёки божхона ходимларининг ноқонуний ҳаракатлари юзасидан бошқарманинг (0 376) 225-26-05 рақамли “Ишонч телефони”га мурожаат этишлари мумкинлиги таъкидлаб ўтилди.

Йиғилиш якунида божхона соҳасига оид қабул қилинган янги меъёрий ҳужжатларнинг мазмун-моҳияти бўйича иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларига атрофлича жавоблар олишди.    

Шерзод Мусулмонов,

божхона хизмати майори

8.08.2018

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг