Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Профилактик учрашувлар – ҳуқуқбузарликларни олдини олишнинг муҳим омилидир
84
Барчамизга маълумки, бугунги кунда мамлакатимизда жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ишларини олиб бориш соҳасида салмоқли ишлар амалга оширилмоқда.
Профилактик учрашувлар – ҳуқуқбузарликларни олдини олишнинг муҳим омилидир

Хусусан, Самарқанд вилояти божхона бошқармаси ходимлари томонидан ҳам аҳоли ўртасида ҳуқуқий ва божхона соҳасига оид тарғибот тадбирларининг мунтазам равишда ҳамда самарали ўтказилишига катта эътибор қаратилмоқда.

Жумладан, куни кеча Жомбой туманида “Профилактик учрашувлар – ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишнинг муҳим омилидир” мавзусида туман мусиқа мактабида кенгайтирилган профилактик учрашув ташкил этилди.
Йиғилишда Жомбой туман ҳокими ўринбосари И.Сирожов, туман давлат хавфсизлиги хизмати бўлими ходими Э.Орипов, туман Адлия бўлими бошлиғи  Б.Жумабоев, Ёшлар иттифоқи Жомбой туман Кенгаши раиси Ф.Суяров, туман маҳалла фаоллари ҳамда ёшлар иттифоқи фаоллари иштирок этишди.

Учрашувда Самарқанд вилояти божхона бошқармаси бошлиғи ўринбосари Ж.Файзуллаев сўзга чиқиб, жиноятчиликнинг олдини олишда фуқароларнинг, айниқса ёш авлоднинг ҳуқуқий онгини юксалтириш, уларни қонунлардан хабардор этиш муҳим аҳамиятга эга эканини тушунтириб ўтди.

Шунингдек, 2018-2019 йилларда божхона тизимида олиб борилаётган чуқур ислоҳотлар ва қабул қилинган қатор ҳужжатлар юзасидан тушунтиришлар олиб борилиб, мазкур ҳужжатларнинг асосий тамойили, божхона тартиб-таомилларини кескин соддалаштириш, фуқаролар учун божхона чегаралари орқали ҳаракатланишни осонлаштириш ва тезкорлик билан божхона назоратидан ўтказиш, божхона расмийлаштируви жараёнини тўла автоматлаштириш орқали расмийлаштирув жараёнида инсон омилини камайтириш борасидаги тартиблар таъкидлаб ўтилди.

Кун тартибидаги мавзу юзасидан бошқарма Суриштирув ва маъмурий амалиёт бўлими бош инспектори Ф.Ахроров ўз маърузасида суд-ҳуқуқ соҳасида, айниқса жиноятчиликни олдини олиш ва барвақт аниқлаш бўйича республикамизда олиб борилаётган қатор ижобий ишларга тўхталиб ўтди.

Бундан ташқари, 2014 йил 14 май куни қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида”ги  371-сон Қонунининг асосий вазифа ва мазмун-моҳияти иштирокчиларга тушунтириб берилди.

Учрашув якунида ДБҚ томонидан тайёрланган, республика бўйлаб божхона хизмати органлари ходимлари томонидан аниқланган божхона ҳуқуқбузарлик ҳолатлари акс эттирилган видеоролик намойиш этилди.

Иштирокчилар томонидан кун тартибидаги мавзулар юзасидан фикр-мулоҳазалар тингланиб,  уларни қизиқтирган барча саволларга жавоблар берилди.

17.10.2019

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг