Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Навоийда Тил байрами муносиб нишонланди
78
Барчамизга маълумки, жаҳондаги икки юзга яқин тил расмий тил ҳисобланиб, уларнинг орасида ўзбек тилининг ҳам борлиги биз учун катта ифтихордир.
Навоийда Тил байрами муносиб нишонланди

Ўзбек тили буюк ва қадимийдир. Қалами билан дунёни забт эта олган ҳазрат Навоий, ўзбек романчилигининг асосчиси Абдулла Қодирийларни дунёга келтирган бу халқнинг тарихи, тили буюк, ўзи эса қадрлидир.

Бугун, мамлакатимизнинг барча гўшаларида тилимизга давлат тили мақоми берилганлигининг ўттиз йиллиги кенг нишонланмоқда.

Байрам тантаналари мана бир неча кундирки Навоий вилоятида ҳам юксак савияда ўтказилмоқда.

Хусусан, бугун эрта тонгдан вилоят ҳокимлиги, корхона ва ташкилотлар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари “Алишер Навоий” боғида тўпланишиб, ўзбек адабий тилининг асосчиси, улуғ шоир ва мутафаккир Мир Алишер Навоий ҳазратларининг пойига гулчамбарлар қўйишди.

Шунингдек, вилоятдаги 2-академик лицейида вилоят божхона бошқармаси ҳамда маънавият ва маърифат бўлими билан ҳамкорликда “Тилини асраган – элини асрайди” мавзусида маънавий-маърифий учрашув ташкил этилди. Тадбирда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг вилоят бўлими ходимлари, вилоят маданият бошқармаси вакиллари, божхона бошқармаси ходимлари, академик лицей ўқувчилари ва жамоатчилик вакиллари иштирок этдилар. Учрашувда сўзга чиққанлар томонидан ўзбек тили дунёдаги қадимий, гўзал ва бой тиллардан бири ҳисобланаиши, унинг беқиёс имкониятларини халқимизнинг замонлар синовидан ўтиб келаётган мақол ва ҳикматли сўзларида, бетакрор ибораларида, достонларида, шоир ва ёзувчиларимиз асарларида яққол кўриш мумкинлиги айтиб ўтилди.

Дарҳақиқат, тилимиздаги ҳаё, ибо, андиша, орият, меҳр-оқибат сўзларини бошқа тилга айнан таржима қилиб бўлмайди. Уларни фақат ўзбек тилида ифодалаш мумкин. Чунки бу тушунчалар халқимизга хос ва уларни айтишга фақат ўзбек тили қодирдир.

Учрашув давомида ўқувчилар томонидан айтиб берилган ўзбек адабиётининг энг сара ғазаллари ва хонандалар томонидан куйланган мумтоз куй ва қўшиқлар иштирокчилар қалбида унутилмас таассурот қолдирди.

Тадбир якунида божхона ходимлари томонидан барча ўқувчиларга китоблар совға қилинди.

21.10.2019

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг